Жорий йилнинг 23 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ҳисобот-йиғилиши ўтказилди
Жорий йилнинг 23 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари томонидан 2022 йилда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳамда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ҳисобот-йиғилиши ўтказилди.
Ҳисобот йиғилишида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг ўринбосари подполковник О.Т.Кулбеков ҳам иштирок этди.
Танқидий руҳда ўтказилган ҳисобот-йиғилишда 2022 йилда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда, тизимда йўл қўйилган камчиликлар, уларни келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар, шунингдек, ходимларнинг тартиб ва ижро интизомига риоя қилишлари муҳокама қилинди ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Йиғилишда 2023 йил Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари ходимлари учун “Тергов сифатини ошириш йили” деб белгиланганлиги эълон қилинди.
Шу билан бирга йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари подполковник А.М.Утемуратов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2023 йил 20 январь кунидаги 10-сонли Қарори мазмун моҳияти тушунтирилиб, ушбу қарор асосида қабул қилинган Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси талабларига ҳар бир терговчи ва суриштирувчилар амал қилиши, фуқаролар билан ишлашда ушбу кодекс қоидаларига сўзсиз амал қилиш лозимлиги бўйича тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида, 2022 йил давомида ўз хизмат бурчини масъулият билан сидқидилдан, ҳалол бажарган, ижобий натижаларга эришган, ҳамкасбларига ўрнак бўлган бир гуруҳ терговчи ва суриштирувчиларга ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошлиғининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалар топширилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов департаменти раҳбариятининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг қуйи бўлинмалари хизмат қилиб келаётган терговчи ва суриштирувчиларнинг ота-оналари ҳолидан хабар олинди.
Ташриф давомида, ўз хизмат фаолияти давомида сафдошларига ўрнак ва намуна кўрсатиб келаётган терговчи ва суриштирувчиларнинг ота-оналарига Ички ишлар вазирининг ўринбосари-Тергов департаменти бошлиғининг миннатдорчилик хатлари ва эсдалик совғалар топширилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти