Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

“Онам тирикмикан? Нималар қилиб қўйдим?!

Осмоннинг кўз ёшлари

 

Ўша куни ҳам одатдагидек машинада у айтган жойга кетаётган эдик. Суҳбатимиз жиноятчилик ва қандай қилиб осон пул топиш ҳақида эди. Ғайрат завқ билан сўзларди. Унинг айтишича, ақлли фириб берсанг бўлди, шу орқали бойиб кетишнинг кўплаб йўллари бор экан. – Биласанми, шундай бир қойилмақом режа ўйлаб қўйибман, бунда менга шериклар керак. Бир ўзим ҳам уддалар эдим-ку, аммо ёрдамчининг зиёни тегмайди, – деди у. Сўнг истеҳзо билан илжайиб давом этди: – Зўр муваффақиятга эришса бўлади. – Умрнинг қолган қисмини турмада якунлаш муваффақият ҳисобланадими, Ғайрат? Ахир алданган шахслар ёзиб беришса яна қамаласан-ку!? – Эй, шундай қиламанки, бечора жабрланувчи мўмай пулини ҳам ўз қўли билан менга тутқазади ва «Пулингни олмоқчи бўлсанг, устимдан шикоят аризаси ёзиб бер», десам, мусичадай зир-зир титраб, «Ариза ҳам ёзмайман» дейди, қараб тур. – Ўзи нима қилмоқчисан? – Биласанми, турмада бирга ўтирган танишим бор эди. Кўп одамларнинг пулларини алдаб олиб қўлга тушди. Судда уни озод қилишди. Адвокатимдан сабабини сўрасам, фирибгарлик моддасида: «Агар зарарни қопласанг қамалмайсан» деб ёзилган экан. Мен эса ҳеч кимга зарар етказмайман, сабаби жабрланувчи ариза бермайди, беролмайди ҳам. Мабодо ариза берган тақдирда ҳам унинг пулини вақтинча сақлаб тураман, керакли жойга қайтариб бераман, қарабсан-ки олам гулистон, – деди у. – Одамни эзиб юбординг-ку. Тузукроқ тушунтир, бу қандай фикр, қандай режа? – дедим қизиқишим тобора ортиб.

У машинани тўхтатишимни сўради. Машина тўхтагач, атрофга олазарак қараб, секин гап бошлади: – Агар рози бўлсанг, қўшил. Рози бўлмасанг, ҳеч кимга гуллаш йўқ. Танишларим хабар қилишди, қўшни республикадан бир аёл катта миқдорда “дори” излаётган экан. Унга “дори” ўрнига скоч билан қойилмақом қилиб ўралган оҳакни ўтказиб, катта пулга эга бўламиз. Ўзинг ўйлаб кўр. Ўша аёл: “Мен бир килограмм героинга пул берганман, мени алдаб кетишди”, деб шикоят қилармиди? Йўқ, албатта. Керак бўлса, биз уни: “Сенинг устингдан бошқа давлатдан героин сотиб олиш учун келган, деб ёзиб берамиз. Биз бундай ёмон иш қилмаймиз, сени эса қамашади”, – деб қўрқитсак, ҳатто бизнинг чегарамиздан бошқа ўтмайди. – У аёлнинг танишлари кўп бўлиб, бизни бир балога гирифтор қилса-чи? – дедим мен қўрқиб. – Эй, нималар деяпсан? Бу ер сенга Европа ёки Америка эмас, хоҳлаган одам хоҳлаган ишини қилиб кетаверадиган. Ё эшитдингми шунақа гапларни? – Барибир айтиб бўлмайди у аёлнинг қўлидан нималар келишини... – Эй, мен “мол”нинг нархини ҳам келишиб қўйдим. Эллик минг долларга. Эшитяпсанми, эллик минг доллар-а! Сенга ўн минг доллар, агар укангни ҳам олиб чиқсанг, яна ўн минг бераман. Жами йигирма минг доллар оласан. Ҳамма ишни мен ташкил қилганим учун қолгани менга, – деди. – Укамни аралаштирмайсан. Онам билса, мени ўлдиради, – дедим. – Менга қара, Акмал, бу ерда учта одам керак. Биринчиси машинани бошқаради. Иккинчиси “мол”ни ушлаб ўтиради. Мен ўзим харидорлар билан суҳбатлашиб тураман. Шу сабабли учта одам керак, дўстим. Агар укангни қўшмасанг, мен бошқа таниш излашим керак.

– Йўқ-йўқ. Бўпти, укамни ҳам қўшаман, – дедим ноилож. Менга ярим пулни йўқотиш фикри ёқмади. Нима бўпти, укам бир-икки дақиқалик иш учун ўн минг доллар олса ёмонми? Ахир, яқинда тўйини ўтказишимиз керак, йигирма беш ёшдан ўтди. Ғайрат менга режанинг тўлиқ қисмини укамни олиб келганимдан сўнг, учаламиз ўтириб гаплашганимизда айтиб беришини, унгача ўзи харидорлар билан гаплашиб, қолган ишларни бажаришини айтди. Шундан сўнг мен уни айтган жойида қолдириб, ўз ишларим сари кетдим. Кечқурун уйга келганимда, онам кир юваётган экан: қамалганимдан сўнг аёлим ота-онасининг қистови билан мендан ажрашган ва бошқа оила қурган эди. Укам айвонда телевизор томоша қилиб ўтирган экан. Онам сузиб берган овқатни еб бўлгач, уни ёнимга чақирдим: – Вайс, ҳой Вайс, бу ёққа кел! Укам эринибгина ёнимга келди. У “Тинчликми?” дегандек кўзларини лўқ қилиб қараб турарди. Онам суҳбатимизни эшитиб қолмаслиги учун уни кўчага олиб чиқдим. Вайсга ҳамма гапни тушунтириш учун ярим соат вақтим кетди. У олдин унамади, бироқ “Онам қийналиб юрибди. Машинанинг ижара пулларини тўлашдан озод бўламиз, сенга ҳам машина олиб бераман, иккимиз киракашлик қиламиз. Тўйингни ўтказамиз. Уйга келин келиб, онамнинг қўлидан ишни олади”, деган гапларимдан сўнг, ниҳоят рози бўлди. Уйга кирганимизда онам Вайсга қараб: – Тинчликми? Нима бўлди сенга? Аканг нима деди, рангинг оқариб кетибди-ку, – деди хавотир билан. – Ҳеч нима, бошим оғрияпти, – деди Вайс минғирлаб. – Ойи, бунингизга “Мўлжаллаб юрган қизинг бўлса айт, сени тезроқ уйлантиришимиз керак”, дегандим.

Шунга уялганидан оқариб кетган бўлса керак, – дедим вазиятдан чиқиш учун. – Сен укангдан аввал ўз ҳаётингни тўғирла, – деди онам менга. Вайс ўз хонасига кириб кетди. Ёлғиз қолганимизда онам менга юзланди: – Ўғлим, сен бир марта хато қилдинг. Сени деб отанг ўлиб кетди. Нималарни ўйлаб юрган бўлсанг ҳам, ёмон йўлдан қайт. Кеча отанг тушимга кириб чиқди, сени сўради. – Ойи, бўрининг оғзи еса-емаса қонми? Нима қилдим, нега менга ишонмайсиз?  – Ўғлим, кошки сени билмасам экан... Кўзларинг бежо. Ҳали сени кузатиб ўтирдим, ўйга чўмиб қолгансан. Нима иш қилсанг ҳам, укангни йўлдан урма, сен туфайли бир балога йўлиқмасин. Сен йўғингда суянчиғим Вайс бўлди, агар унга бир нима бўлса, кўтара олмайман! – деди онам йиғлаб. – Ойи, дарров йиғи-сиғими? Қўйинг шундай ёмон гапларни, – дея онамни юпатган бўлдим. Бироқ ичимда нимадир чирт узилгандек эди. Икки кундан сўнг Вайс иккимиз Ғайрат билан уйининг ёнида учрашдик. – Эртага соат бешда “Ҳаёт” бензин қуйиш шаҳобчасининг ёнида харидорлар билан учрашув бўлади, биз “Дамас”да борамиз, – деди Ғайрат. – Харидорлар икки киши бўлиб келишади, биз эса уч кишимиз. Укам ҳам, мен ҳам унинг гапларини жим эшитиб турар эдик. Ғайрат қўлидаги сумкасини очди ва скотч билан ўралган тўртбурчак шаклдаги ўрамни кўрсатди. – Оҳакми? – Вайс иккимиз ундан баробар сўрадик. – Ҳа. Бироқ эртага героинга айланади. Зўр туридан экан, деб мақташади харидорлар, – деди истеҳзоли кулиб.

– Манави нима? – сўрадим Ғайратнинг қўлидаги нўхат катталигидаги ўрамни кўрсатиб. – Бу ҳақиқий героин. Шунга мажбур бўлдим, харидорлар молни текшириб кўришар экан. Бу эса “проба” учун. – Нималар деяпсан? Ҳақиқийсини олмаймиз, деб келишган эдик-ку. Қўлга тушсак нима бўлади? – дедим қўрқиб. – Бунча ваҳима қилмасанг. Ҳеч нима бўлмайди. Сенинг ҳеч гапдан хабаринг йўқ-ку. “Оҳак операция”си ажойиб ўтишига ўзим кафолат бераман, – деди у илжайиб. – Демак, келишдик. Эртага мен машинадан тушиб, улар билан гаплашаман, уларга “молнинг проба”сини кўрсатаман. Пулни олгандан сўнг ҳаммамиз “қуённинг расмини чизамиз”. – Биз нима қилишимиз керак? – сўрадим ундан. – Мен уларнинг ёнига ҳеч нарса олмасдан тушаман. Ёнларига борганимда, улар мендан “мол”ни кўрсатишимни сўрашади, мен эса уларга аввал пулни кўрсатишларини айтаман. Кейин эса “олиб кел” деб ишора бераман. Вайс, сен бу вақтда асосий “мол”ни машинада қолдириб, бизнинг ёнимизга “проба”ни олиб келасан. Улар “проба”ни текшириб кўрганларидан кейин мен пулни талаб қиламан. Пулни олиб келганларида бориб машинадан бир килограмм “героин” ни олиб келасан ва менинг қўлимга берасан. Мен улардан пулни олиб сенга узатаман, сен машинага бориб пулларни ушлаб ўтирасан. – Сен бўлсанг, – Ғайрат энди менга юзланди: – Машинада рулни ушлаб ўтириб бизни яширинча тасвирга оласан. Далиллар бизга асқотади. Харидорларга “мол”ни беришим билан машинани ўт олдирасан ва мен югуриб машинага чиқаман. Қочиб қолишимиз осон бўлиши учун Вайс “Дамас”нинг ўрта эшигини очиб кутиб туриши керак. Шуни унутманглар.

Режани обдон муҳокама қилгач, тарқалдик. Туни билан ўйлаб чиқдим. Яна қамалишни, укамни эгри йўлга бошлаб онамни норози қилишни хоҳламасдим. Ғайратнинг жиноятига шерик бўлиш фикридан қайтдим. Эртаси куни соат тўртда учрашганимизда: – Энди тушундим, Ғайрат. Сен ақлдан озиб қолибсан. Мен яна наркотик сотиш жиноятига шерик бўлолмайман, укам иккимиз ўйиндан чиқамиз, – дедим. – Иш пишган пайтда-я?! – эътироз билдирди Ғайрат. – Йигирма минг доллардан воз кечасизларми?! Бу савол мени яна иккилантириб қўйди. Сал нарида бизни кузатиб турган Вайсга қарадим. У менга бир оғиз “Ака, қўйинг шу ишларни, уйга қайтайлик”, деганида ҳам бошқа гап эди. Аммо укам индамай қараб тураверди. Мўмайгина пулни қўлга киритиш истаги ақлу ҳушимни шунчалик эгаллаб олдики, яна бир марта жиноят қилиш фикридан қайтолмадим. Келишилган вақтда бордик. Зум ўтмай бир машина келиб шундоқ рўпарамизда тўхтади. Ундан бир аёл ва бир эркак тушди. Ғайрат аёлга “Алина” деб мурожаат қилди. “Миллати нима экан?” деб ўйлаб қолдим. Атрофни олазарак кузатар эканман, вазият худди киноларни эслатарди. Машиналар ўтиб қайтяпти, сал нарироқдаги бензин қуйиш шаҳобчасига қандайдир машина келиб тўхтади. Харидорлар билан гаплашиб турган Ғайрат қўли билан бизга ишора берди. Вайс “проба” героинни олиб, машинадан тушди. “Эҳ, тасвирга олмабман-ку”, деб шоша-пиша машина ичидан туриб телефонимнинг камерасига уларни билдирмай тасвирга ола бошладим. Вайс қайтиб келди ва машинадан бир килограмм сохта героинни олиб, улар томонга кетди. Менинг

оёқларим қалтирай бошлади, зўрға ўзимни босиб турардим. Укам қўлида қоғоз пакетга солинган пуллар билан қайтиб машинага ўтиргач, “Дамас” эшигини очиб қўйди. Ниҳоят Ғайрат харидорларнинг қўлига бир килограмм миқдордаги ўрамни бериб, биз томон юрди. Мен телефонни қўйиб, калитни бурадим, машинани ўт олдирдим. Ғайратнинг қадамлари тезлашди. У чиқиб ўтириши билан машинани юрғазган эдим, олдимга катта тезликда бир машина келиб тўхтади. Довдираб қолдим. Шу вақтда орқадан ҳам бир машина келди. Ҳар икки машинадан одамлар тушиб, бизни қўлга олишди. Алинанинг шериги ёнимизга келиб, ўзини “Катта терговчи Рустам Жепбиев” деб таништирди ва жиноят устида қўлга олинганлигимизни айтди... * * * Бугун суд ҳукми ўқилиши керак. Судда онамни кўриб юрагим эзилиб кетди. Шўрлик онам адойи тамом бўлибди. Қанийди, ҳаммасини ортга қайтариб бўлса. Ғайрат мени жиноятга бошлаган кун яна қайтиб келса, юзига тупуриб кетиб қолган бўлардим, ойижон... ...Ғайратни 16 йилга, мени 14 йилга озодликдан маҳрум қилишди. Укамнинг ёшлигини, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, 9 йил беришди. Суд ҳукмини эшитган онам ҳушидан кетиб йиқилди, уни “Тез ёрдам” машинаси олиб кетди. Деразасига темир панжара ўрнатилган машинада жазони ижро этиш колонияси томон кетаётганимизда хаёлимда фақат бир ўй бор эди: “Онам тирикмикан? Нималар қилиб қўйдим?!”

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи

            Равшанбек Игамбердиев

Text to speech