Ҳаёт йўли бир текис эмас
Подполковник Мирмақсуд Мирпўлатов ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасида ЎМИБ терговчиси лавозимида хизмат қилиб келмоқда. Соҳада 20 йилдан ошиқ хизмат қилиб, бир қатор ютуқларга эришди. Шу билан бирга синовли кунларни ҳам бошидан ўтказди. Ана шундай синовли кунларида отаси Мирҳасан ака, онаси Феруза опа ва турмуш ўртоғи Ёдгорахон ёнида турди, унга далда бўлди. Фарзандлари – Хонзодабегим, Шаҳзодабегим, Муҳаммадюсуф ва Муҳаммадсаидларнинг келажагини ўйлаб, сабр-бардошли бўлишга ҳаракат қилади.
...Мирмақсуд мактабда тарих ва ҳуқуқшунослик фанларини ўзгача қизиқиш билан ўзлаштирди. Шу фанлардан ўтказилган олимпиадаларнинг Олмазор тумани ва Тошкент шаҳар босқичларида фахрли биринчи ўринни эгаллаган. Ана шу қизиқиш уни ички ишлар органи ходими бўлишга ундаган бўлса, не ажаб.
Олмазор тумани ИИБ тергов бўлимида иш бошлаган Мирмақсуд кейинчалик ИИВ ҳузуридаги Тергов бош бошқармасида фаолиятини давом эттирди. Кўплаб жиноят ишларини тергов қилди. Жумладан, 2005 йилда Андижон воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят ишларини тергов қилишда ҳам фаол иштирок этди. Ўша пайтлар у 24 ёшда эди. Ёш бўлсада, устозларидан олган билим ва тажрибани ишга солиб, қатъийлик билан иш олиб борди. Бош прокуратуранинг асосий жиноят ишидан алоҳида иш юритувига ажратилиб, Тергов бошқармаси иш юритувига топширилган жиноят иши бўйича тергов гуруҳига раҳбарлик қилди. Унинг хизматлари эътироф этилиб, бир неча маротаба вазирлик раҳбарияти томонидан рағбатлантирилди.
Аммо ҳаёт йўли бир текис эмас экан. 2013 йилнинг май ойлари эди. Қаҳрамонимиз бу вақтда ИИВ ҳузуридаги Тергов бош бошқармаси босқинчилик, уюшган жиноятчилик ва ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармасида ЎМИБ терговчиси лавозимида хизмат қиларди. У ички ишлар органлари сафидан ноҳақ бўшатилди. Ёлғон ариза ва кўрсатмаларга асосланган жиноят иши ҳужжатларига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазо муддатининг маълум бир қисмини ўтаганидан сўнг, озодликка чиқарилади. Ёруғ кунлар албатта келажак. М. Мирпўлатов каби кўплаб айбсиз инсонлар оқланди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг кассация инстанциясида суд жараёни қайтадан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига кўра, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли тўлиқ реабилитация қилинди.
2019 йилнинг декабрь ойида Ички ишлар вазирининг буйруғи билан хизматга қайта тикланди.
– Яна ўзим севган касбимни давом эттираётганимдан мамнунман, – дейди подполковник Мирмақсуд Мирпўлатов. – Менга ишониб топширилган тергов йўналишидаги назоратни амалга ошириш, дастлабки тергов масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш орқали самарадорликни таъминлашда ўз ҳиссамни қўшмоқдаман. Бунинг учун узтозларим истеъфодаги полковниклар Қурбонбиби Султонова, Мурод Каримов, Шавкат Усмонов ҳамда Сергей Шиняевдан бир умр миннатдорман.
Сарвар СОБИРОВ
© ПОСТДА – На посту