Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Безори кампирлар

Эсимда, тергов-тезкор гуруҳи таркибида навбатчи эдим. Эрталаб раҳбарлар томонидан йўриқнома ўтказилди. Тушликкача бир-икки чақирувларга бориб келдик. Тушликдан сўнг эса туман касалхонасига бир бемор дўппосланган ҳолда ётқизилгани хабарини олдик. Менинг ёнимда тезкор-тергов гуруҳи аъзоси, профилактика инспектори билан биргаликда туман касалхонасига йўл олдик. Жабрланувчи ётган палатага кирганимизда, бемор тўшакда инқиллаб ётган экан.

– Ассалому алайкум, мен тумани Жиноят қидирув бўлимидан Абдуллаев Неъмат бўламан, ёнимдаги профилактика инспектори Отабек Бекчанов, – деб таништирдим. Сўнг жабрланувчи тўғрисидаги маълумотларни аниқлаб ёзиб олганимдан сўнг:

– Нима бўлганлигини батафсил айтиб беринг?

– Мен қовун-тарвуз сотаман. Йўл чеккасида савдо қилман. Тушлик вақтда ароқ ичиб ўтиргандим. Бир пайт ёнимга иккита кампир келди ва улар билан бирга тарвуз едик. Мен ичиб ўтирган ароқдан ўзларига қуйиб улар ҳам ароқ ичишди.

– Нималар деяпсиз, кампирлар ароқ ичмайди? – деди Отабек.

– Мен ҳам ҳайрон бўлдим. Уларнинг айтгани бўйича савдода тушган пулларга яна икки шиша ароқ олиб келдим ва биз уни ҳам ичдик. Сўнг улар мени уриб, дўппослаб ташлашди. Бир пайт ўзимга келсам, кампирлар йўқ экан.

– Нима иккита кампир сизни уришдими?

– Ҳа, уларнинг ҳўкиздек кучи бор экан. Уларга кучим етмади. 

– Сиз айтган жой “Қизилқалъа” қишлоғи, туман марказидан ўттиз беш километр узоқликда, у қишлоқдагилар бир-бирини танийди. Сиз ҳам ўша қишлоқдан бўлсангиз, ўша кампирларни танисангиз керак.

– Тўғри, бизнинг қишлоққа келган нотаниш одамни дарров таниймиз, бироқ улар бизнинг қишлоқданмас.

– Унда қаерлик бўлиши мумкин?

– Билмайман.

– Балки ўша кампирлар билан бирга овқатланганингиздан сўнг маст бўлиб, бошқа бировлар билан жанжаллашган бўлсангиз, эсингизда кампирлар қолган бўлмасин!

– Йўқ, мени аниқ кампирлар дўппослади.

Шундан сўнг биз шу қишлоқда фаолият кўрсатувчи профилактика инспекторига қўнғироқ қилдик. Унга жабрланувчининг кўрсатмаларини айтиб, шунга ўхшаш ҳолат олдин ҳам бўлганлигини сўрадик. У бундай ҳолат олдин бўлмаганлигини ва суриштириш ишларини олиб боришини айтди. Биз жабрланувчи билан расмийлаштириш ишларини олиб бордик. Шундан сўнг навбатчиликни давом қилдирдик. Кечқурун йўл транспорт ҳодисаси тўғрисидаги чақирувга асосан тезкор-тергов гуруҳи билан ҳодиса содир бўлган жойга етиб бордик. Юк машинаси захкашга тушиб кетган, ҳайдовчига шикаст олмаган, бироқ машинага анча шикаст етганди. Ҳайдовчининг кўзлари ола-кула бўлган, нимадандир қаттиқ қўрққанди.

– Нима бўлди, нега текис йўлда йўл транспорт ҳодисасига учрадингиз?

– Мен йўлда кетаётгандим, шу пайтда йўлнинг ўртасида арвоҳларни кўрдим, сўнг йўлнинг чеккасига чиқиб аварияга учрадим.

– Қанақа арвоҳ? – дедим таажжубланиб.

– Кампирлар арвоҳи...

– Нима деди? – дедик Отабек иккимиз бараваракайига.

– Ҳа, кампирлар арвоҳини кўрдим.

– Уларни арвоҳ эканлигини қаердан билдингиз?

– Чунки қоронғуда, кўча ўртасида биттаси бор эди, уни кўриб ўнгга буриб айланиб ўтмоқчи бўлдим ва ўнг томондан яна битта арвоҳ кампир чиқиб кулди. Сўнг довдираб чапга буриб юборибман.

– Хўп уларнинг арвоҳ эканлигини қаерда билдингиз?

– Чунки улар бирдан йўл ўртасида пайдо бўлишди.

– Улар қайси томонга кетишди?!

– Билмайман, иккинчи кампир кийикдек сакрарди, ахир кампирлар ундай сакрамайди-ку!

– Майли, – дедим мен ўша кампирларни излаш учун атрофдаги яқин жойларни кузатиб бошладим.

– Биласизми, ўша пайти ғайритабиий ҳолат бўлди, – деди ҳайдовчи.

– Нима бўлди?

– Йўл ўртасида турган кампир менга орқа ўгириб турганди. Бир пайт тик турганча эркаларга ўхшаб бавл қила бошлади. Бу кўриб даҳшатга тушдим. Дарров рулни ўнг томонига бурдим. У томонда эса бирданига иккинчи арвоҳ кампир пайдо бўлди...

Мен Отабек билан кампирларни излаб топа олмадим, бошқа у ҳақида маълумот топмаганимиздан сўнг ИИБга қайтиб келдик. Соат тунги 00:20 бўлганидан навбатчилик қисмига ўғрилик тўғрисида хабар келиб тушди.

– Тезда ушбу манзилга борасизлар, бир аёл қўнғироқ қилди, қўшнисининг уйи олдида иккита кампир шовқин чиқариб, сўнг девордан ошиб уйга кириб кетишган...

Биз зудлик билан ўғрилик жойига йўл олдик. Биз манзилга етиб бордик ва иккита ходим уйининг кириш эшигига, иккитамиз девор ёнига ва қолганлар уйнинг орқа томонига ўтишди.

– Улар ҳақиқатдан ҳам арвоҳ бўлишсачи? – деди Отабек.

– Сен ўқишда ҳам аҳмоқона саволлар берардинг, арвоҳлар мавжуд эмас. Агар улар уйда бўлиб ҳақиқатдан арвоҳ бўлишса, қочиб кетишади, йўқса бизлар уларни қўлга оламиз!

Биз эшикни қоқдик ва уйнинг эшиги очилиб, ичкаридан эшикни бир кампир очди. Кампир мастлигидан оёқда зўрға турганди. Ичкарида ўтир­ган иккинчи кампир билан биргаликда уларни ИИБга олиб кетдик.

Биз олиб борган икки кампир ҳам эркак экан. Улардан биттаси, биз ўғриликка тушди деб ўйлаган уйда бир ўзи яшаса, иккинчиси унинг дўсти экан. Улар Маданият бўлимида ишловчи актёрлар бўлиб, асосан кампирлар қиёфасида юрадиган актёрлар экан. Ўша куни олис қишлоққа томоша кўрсатиш учун борган ва кийимлари уларни олиб борган машинада қолиб кетган. Ёнида пули бўлмаганлиги сабабли, тарвуз сотувчисига шерик бўлишган. Сўнг маст ҳолда ўзларининг уйига яқин бўлган жойда йўловчи машинага минишган, катта йўлда эса тушиб қолиб, уйнинг калити бўлмаганлиги сабабли, девор ошиб уйга киришганлиги аниқланди.

 

  Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев

Text to speech