Бир қоп пул
Ноумидлик хатоларнинг каттасидур.
Маҳмудхўжа Беҳбудий
Алишер қош қорайганда уйига қайтди. Маҳаллани иккига ажратган каналнинг кўпригидан ўтгач, эгри-бугри ва ўйдим-чуқур тор кўчага бурилди-ю, ўзининг хонадони эшигига кўзи тушганидан сўнг енгил тортди. Алишернинг Беруний-Тошкент йўналишида йўловчи ташишига ҳам беш йилдан ошди. Бу беш йил давомида иккинчи машинаси ҳам эскириб боряпти. Шу ўйлар билан уйга кирган Алишер, турмуш ўртоғи Лобарнинг келтирган овқатни зўр иштаҳа билан еди. Йўл азоби сабабли, боши ёстиққа теккан заҳоти ухлаб қолди. Эрталаб уйғонгач, ўз ишлари билан банд бўлиб, индинга Тошкент шаҳрига кетувчи мижозлар билан алоқага чиқди. Шундан сўнг машинасини техник кўрикка олиб бориб, тушликка яқин уйига келди. Кекса отаси ва онаси билан суҳбатлашиб, уларни кўнглини кўтарди. Уйидаги майда-чуйда ишларни қилгач, ётоқхонасига кириб, тонг саҳар кетиши сабабли дам олмоқчи бўлди. Шу вақтда турмуш ўртоғи уйга меҳмон келганлигини айтди. Меҳмон Алишер билан саломлашганидан сўнг, исми Лочинбек эканлигини айтди ва мақсадига кўчди:
– Эртага Тошкентга кетасизми?
– Ҳа.
– Сиздан пул бериб юбормоқчи эдим.
– Бўлди беринг, кимга бериш керак?
– Пулларни эртага кетмоқчи бўлган вақтингизда олиб келаман!
– Майли, ўзингиз биласиз.
– Машинангизни орқа юкхонаси бўш бўладими?
– Нима пулларинг кўпми?
– Ҳа, уч юз миллиондан ортиқ, «Малибу» машина олиш учун бериб юборилаётган пуллар. Юз минглик, эллик минглик ва ўн минглик, хуллас хар хил купюраларда тахлаб, бир қопга солганмиз. Эртага кетаётган вақтингизда қопни очиб, ҳар бир пачкани санаб, сўнг видеога оламиз. Сизга пулларни санаб берганимиздан сўнг, Тошкент шаҳрига етиб борган вақтингизда, йўлда сизни кутиб олишади. Дарвоқе, йўл ҳақи қанча?
– Қанча берасиз?
– Қанча беришим керак?
– Инсоф билан айтганда ўттиз-қирқ минг сўм бўлади. Бироқ, бу катта пул ва бунинг масъулияти ҳам бор. Бироқ, ўзингиз биласиз қанча берсангиз, инсофимиз бор!
– Бўпти, сиз пулларни манзилга етказиб беринг, уч юз минг сўм берамиз. Бироқ, пулларга бошингиз билан жавоб берасиз!
– Хўп.
Алишер шунча вақтдан бери Тошкент шаҳрига қатнаб, кўпчиликнинг пулларини етказиб берган бўлса-да, бунча ҳақ олмаган эди. Хурсанд бўлганидан, кайфияти кун давомида яхши бўлди.
Эртаси куни мижоз йўловчилар машинага минганидан сўнг, кечаги пул юбориши керак бўлган Лочинбекнинг келмаётганлигига анча хавотир ола бошлади. Келишилган вақт аллақачон бўлган бўлса-да, Лочиндан дарак йўқ эди. Шу вақтда узоқдан машина кўринди. Алишер машинага пешвоз чиқди. Машина йўлга чиқмаётганлиги сабабли, мижозларнинг тоқатсизланиб бошлаганлигини кўриб, уларни тинчланиши илтимос қилди. Лочин қора қопни очди ва ёнидаги шериги билан пулларни пачкаларини санаб, бу жараённи тасвирга олиб турди. Зериккан мижозлар эса машинадан тушиб жараённи кузатиб туришди. Барча пуллар саналганидан сўнг, машинанинг орқа юкхонаси очилди. Юкхонада йўловчиларнинг юклари бўлганлиги сабабли, қопни юкларнинг устига амаллаб жойлаштиришди. Шундан сўнг Лочинбек уч юз минг сўмни Алишерга берди. Алишер пулларни санаб олгач, ота-онасидан дуо олиш мақсадида, уйга кирди. Кексалар дуо қилишиб, Алишерга оқ йўл тилашди. Алишер Тошкент шаҳрига йўл оларкан, юрагида қўрқув билан машинани бошқарарди. Машина ҳар чуқурга тушган вақтида ё кескин тормоз берган вақтида орқани кўрсатувчи ойнадан орқа юк хонага қараб қўярди.
Машина ниҳоят Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги ошхонада тўхтади. Бу ердаги ошхоналар доим мижоз билан банд бўлади. Кўпчилик енгил машиналар ва автобуслар шу ерда тўхтайди. Ошпазларнинг қўли қўлига тегмайди, савдо қизигандан-қизиган. Доим йўловчилар билан бирга овқатланадиган Алишер, бу сафар ҳам улар билан бирга ўтирмоқчи бўлди. Бироқ, машинанинг олдинги ўриндиқда ўтириб келган ва ўзини Лазизбек деб таништирган йигит, негадир ҳожатга чиқиб келаман деб узоқ қолиб кетди. Барча овқатланиб бўлганидан сўнг машинага минишди. Алишер машинага минишдан олдин, юкларни текшириш мақсадида орқа юкхонани очдию, даҳшатдан қотиб қолди. Юкхонада қоп йўқ эди. Алишер турган жойида ерга ўтириб қолди. Йўловчилар Алишерга гапираётган вақтида ўзига келди.
– Ака нима бўлди, тузукмисиз? – деди йўловчилардан бири.
– Пул йўқ, бир қоп пул... Энди нима қиламан! – деб Алишер икки қўли билан бошини чангаллаганича қотиб қолди.
Йўловчилар манзилга тезроқ бориши айтиб қистовга олишар, Алишер эса топилиб қолиши умид қилиб, пулларни изларди. Самарқанддан Тошкент шаҳрига етиб боргунга қадар Алишер бир оғиз гапирмади. Бироқ, машина салони ичини кўрсатувчи ойнадан йўловчиларга разм солиб борди. Пулни ким ўғирлади, балки Лазизбек ўғирлагандир, ахир у ҳожатга деб анча кетиб қолди-ку. Унда пулларни кимга бериши мумкин. Самарқандда таниши бормикан. Балки, орқа ўриндиқда ўтирган Асрор деган бола ўғирладимикан!?
Ҳа, у бўлиши мумкин, пулларни кўриб кўзлари косасидан чиққудек бўлганди, ҳам телефонида кимлар биландир хабарлар ёзишиб ўтирганди. Орқамиздан машинада шериклари келган бўлса-чи.
Алишернинг ўйларини орқада ўтирган йўловчилардан бири, яъни Ботирнинг гаплари билан бўлинди:
– Ака, сиқилманг! Менинг Самарқанд шаҳрида қариндошларим бор, улар ички ишларда ишлайдиган танишлари бор, уларга айтиб, ўғриларни топишга ёрдам беришини сўраймиз, – деди Ботир.
Машинадаги барча Ботирга савол назари билан қарашди ва Ботир ҳам ўзини ҳудди ёмон бир иш қилгандек сезди.
Шундан сўнг машина манзилга етиб борди, пулни кутиб олиши керак бўлган одам вазиятни билганидан сўнг жанжал кўтарди. У Ички ишлар идорасига қўнғироқ қилди. Ходимлар етиб келиб, барчани ички ишлар биносига олиб кетишди. Алишернинг машинасини эса экспертизага юборишди. Алишер икки кун ички ишлар идораси қатнади ва сўроқ қилиниши учун терговчининг хонасига кирди. Ўзини Жасур Хўжамурадов деб таништирган терговчи саволлар бериб, жавобларини компьютерда ёзиб оларкан, Алишердан мазкур ўғирликни кимдан гумон қилишини сўради.
– Мен нима дейишни ҳам билмайман, машинамда келаётган тўрт йўловчидан бири аёл киши, ундан гумон қилмайман. Дастлаб олд ўриндиқда ўтирган Лазибек деган йигитдан гумон қилдим.
– Нима учун?
– Чунки, Самарқандда тўхтагач овқатланиш учун ошхонага кирдик. Лазизбек бўлса ҳожатга деб кетди, анча вақтдан сўнг келди, шу орада пулни олиб, танишларига бериб юбордимикан деб ўйладим. Бироқ, у менинг ёнимда ўриндиқда ўтириб келди, телефон орқали онаси ва яқинлари билан гаплашди, Самарқандга етгунимизча бировга хабар ёзмади. Агар у бировга бу ҳақда айтганда билишим керак эди. Йўлга чиққанимиздан сўнг Самарқандда келгунимизча ухлаб келди.
– Ҳожатга деб сиздан ажралиб кетганидан сўнг, қанча вақтдан кейин қайтиб келди? – деди терговчи компьютерда ёзишда давом қилиб.
– Тахминан беш ёки олти дақиқада. Шу сабабли у бу вақтда пулни олиб яна ким биландир гаплашишга улгурмайди деб ўйлайман.
– Хўш, кейинги йўловчидан нега гумон қилдингиз?
– Орқа ўриндиқда ўтирган Асрор деган йигитдан гумон қилишимга, унинг Самарқандга келгунимизча кимлар билан телефон орқали хабар ёзишиб ўтириши сабаб бўлди. Балки, танишларига хабар юбориб, уларга йўл-йўриқ бериб турган бўлиши мумкин.
– Учинчи йўловчидан нега гумон қиляпсиз? – деди терговчи.
– Нариги иккисидан кўра ўша учинчи йўловчи Ботирдан кўпроқ гумон қиламан. Самарқандда пул ўғирлангач, у бизга Самарқандда қариндошлари борлиги тўғрисида билмасдан гапириб юборди. У орқа ўриндиқда ўтириб, ўша қариндошлари билан хабар ёзишиб ўтирган бўлиши мумкин!
Терговчи сўроқни якунлагач, Алишерга баённомани танишиб чиқиш учун тақдим қилди. Алишер ҳужжатларга имзо чеккач, ҳужжатларни терговчига берди.
– Шу... уйга кетсам бўладими, отам-онам кекса, улар икки кундан бери уйга қайтмаётганимга хавотир олишмоқда. Беруний туманига, уйимга кетмасам бўлмайди, улар роса хавотир олишяпти, – деди Алишер терговчига илинж билан кўз тикиб.
– Майли рухсат бераман, бироқ айтиб қўйишим керак, сиз ҳам гумондорлар ичида борсиз. Ҳеч қаерга кетишингиз мумкин эмас. Агар чақирган вақтимизда ҳозир бўлмасангиз, шубҳа туғдирасиз!
– Машинамни олиб кетишим мумкинми?
– Машинангиз экспертиза текширувидан ўтди, унинг юкхонаси бузилмаган. Майли, машинангизни олиб чиқиш учун рухсат қоғози бераман.
– Яна бир илтимосим бор эди, – деди Алишер чайналиб ва гапида давом қилди:
– Уйимга қоғоз юборманг, ота-онамнинг юраги кўтармайди...
– Бунга ваъда беролмайман, қонун доирасида ҳаракат қиламиз, – деди терговчи совуққонлик билан.
Алишер уйига қандай етиб келганлигини билмай қолди. Хаёли фақат ўша бир қоп пулда. Лочинбек ҳам ҳар дақиқада қўнғироқ қиларди. Уйига етиб келганига кўп бўлмасдан Лочинбек етиб келди.
– Нима қилдинг пулларни?
– Мен ҳам ҳайронман...
– Эй, билмайман менинг уч юз йигирма миллион пулимни топиб берасан! Ўзинг ўғирлагансан!
– Мен... қандай қилиб?
– Билмайман, топиб берасан!
– Илтимос, отам ва онам эшитмасин...
– Мени нима ишим бор! Кечқурун келамиз, агар пулларимни топиб бермасанг, уйингни номимга ўтказиб берасан. Пулларимни топиб берганингиздан сўнг уйингизни қайтариб бераман!
Лочинбек Алишернинг илтижоларини қулоқ солмади, жанжал кўтариб, кечқурун келишини айтиб, дарғазаб ҳолда кетди.
Лочинбек ота-онаси ва турмуш ўртоғи билан қандай суҳбатлашганлигини ҳам сезмай қолди. Турмуш ўртоғига вазиятни тушунтириб берди. Бироқ, ота-онасига айтишга юраги бетламади. У беихтиёр омборхона томонга йўл олди. Омборхонага кириб, арқонни ёғоч бостирмага боғлади ва халқа томонини бўйнига киритди. Алишер уй билан видолашаркан, кўзи бурчакдаги қора нарсага тушди. Уни бир куч ўша томонга тортди. Таниш қопни кўрди-ю, тезда уни очди.
– Ўша пуллар, ўша пуллар... – деб пичирларди Алишер.
Тошкент шаҳрига кетаётган вақтида машинанинг орқа юкхонасига зўрға сиққан қоп, машина жойидан қимирлаган вақтида маҳкамланмаган юкхона очилиб кетиб, қоп пастга тушиб кетган. Қопдан тушиб қолгандан сўнг юкхона эшиги уйининг олдидаги ўйдим-чуқур йўлдан қайта қулфланган. Алишернинг отаси уйнинг олдидаги ётган қопни Алишернинг зарур нарсалари бор, деб ўйлаб омборга киритиб қўйганди.
Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев