Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Чаён заҳри

Агар бир киши ўз нафсига ошиқ бўлса,

 албатта, кибр, ҳасад, хорлик ва

мазаллат (тубанлик) унга ошиқ бўлғай.

Абу Бакр Варроқ Термизий

Нукус шаҳар иккинчи сонли Тергов ҳибсхонаси олдида турарканман, қамоқхона олдида кутиб турган одамларни ва ундан чиқиб келаётганларни кузатиб турдим. Кимдир қамоқдаги яқин кишиси билан учрашишни интиқлик билан кутмоқда. Мана, кекса аёл деворга суянганча нав­батини кутмоқда, кўзларида оқаётган ёш унинг нақадар қийналаётганлигини яққол кўрсатяпти. Нарироқда ёш жувоннинг иккита чуғурчуқ фарзандлари, “Ойи, дадамни қачон кўрамиз?” деб қўлларидан тортқилайди. Яна бир аёл эса ҳамкасбим адвокат Шуҳратни саволга тутмоқда. У аёлнинг айрим гаплари эшитилиб турибди. У нуқул эрининг қачон чиқишини, ҳақиқатдан ҳам қамоқдан чиқадими каби саволларни бермоқда эди.

– Адвокат Аллабергенов! – назорат ўтказиш пункти ходимининг овози эшитилди.

– Мен шу ердаман! – дедим.

– Киринг навбатингиз келди!

– Хўп, – дедим ва тегишли расмиятчиликдан сўнг ичкарига кирдим.

Маҳбус билан учрашиш хонасида мижозимни кутиб ўтирдим ва уни соқчи олиб келганидан сўнг, бизни ёлғиз қолдириб хонадан чиқиб кетди.

Мижозим билан саломлашганимдан сўнг, у суҳбат бошлашдан олдин узундан-узун дуо ўқиди. Ниҳоят менга ва хона эшигига қараб олиб, сўнг секинлик билан пичирлади:

– Хўш, ўртоқ адвокат, мен қачон чиқаман?

– Сизга эълон қилинган модда билан, озодликка чиқиш ҳақида ўйлашингиз, нотўғри!

– Сиз адвокатми, сиз ё прокурор!? Бу нима деганингиз?!

– Мен тўғрисини айтяпман. Сизни қўйнин­гизни пуч ёнғоққа тўлдириш ниятим йўқ.

– Йўлини топинг, адвокатсиз-ку!

– Сиз вазиятга тўғри баҳо беряпсизми, ахир бир одам сиздан гиёҳвандлик воситасини сотиб олганлигини айтиб кўрсатма бермоқда, бунинг устига уйингизга ички ишлар ходимлари борган вақтида сиз гиёҳвандлик воситасини истеъмол қилиб ўтиргансиз. Уйингиздан ҳам гиёҳвандлик воситаси топилган, шприц, укол қилишдаги буюмлар... Бундай рад қилиб бўлмас далиллар билан яна қандай йўли бўлиши мумкин. Бунинг устига барча жараёнлар тасвирга ёзиб олинган.

– Сиз йўлини топишингиз шарт! Адвокатсиз, пулингизни оляпсиз! – деди мижозимнинг кўзлари ола-кула бўлиб.

– Мендан норози бўлсангиз бошқа адвокат чақи­ришингиз мумкин! – дедим.

Мижозим тўсатдан ўтирган жойидан турди-да, менинг ёнимга келиб тиззалаб олди.

– Илтимос, менга ёрдам беринг! Илтимос! Ҳеч бўлмаса озгина “дори”дан олиб келиб беринг, мени дорининг хумори ўлдиради.

– Нималар деяпсиз, туринг ўрнингиздан! – менинг қатъий гапимдан сўнг мижозим ўрнидан турди.

Шундан сўнг унинг билан иш юзасидан суҳ­батлашиб бўлгач, бу ерни тарк этдим. Мижозим қишлоқдаги бир кўчада домлаликни даъво қилиб юрган. Аммо тегишли идоралар унга рухсат беришмаган. Бироқ қишлоқнинг содда одамлари унинг тўйларда ва жанозаларда диний атамаларни кўп ишлатгани учун ўзларининг кўчасига «домла» бўлишига қаршилик қилишмаган. Оиласидан ажрашган ва уйида ёлғиз яшайдиган бу одамнинг қандай қилиб дин вакилига айланганига ҳайронман. Бунинг устига, жиноят ишида расмларда унинг уйининг бетартиблиги, ифлос ҳолатда бўлганлигини кўриб, бундай одамлар имомларнинг обрўсига путур етказишини ўйладим.

Нукус шаҳридан идорамизга келдим. Йўл одамни роса чарчатади. Шунинг учун уйга эртароқ бориш учун тараддудландим. Ҳамкасбим адвокат Ҳамза менга:

– Ҳалиги гиёҳванд воситасини сотувчи кишининг қилган иши иснод-ку?

– Ҳа, тўғри!

– Ахир Худони таниган инсон ҳам шу ишни қи­ла­дими?

– У аслида илмли одам эмас. Бизнинг содда ва раҳмдил халқимиз маҳалласида диний урф-одатларни у қилишига қаршилик қилмаган. Шу-шу ўзини исмига “мулла” қўшимчасини қўшиб олган-да!

– Дин ҳақида гапириб, бундай расво ишни қилиши...

– Динни ниқоб қилган жоҳиллар кўп-ку, улар дин орқали ўзларининг ярамас ишларини хаспўшлашади!

– Қандай мулла бўлган ўзи? – сўради Ҳамза.

– У ҳеч қаерда ишламайди, диндан озроқ хабари бўлганидан сўнг тўй ҳашамлар бориб, текин овқат ейди. Кетаётганида бизнинг халқимиз урф-одат юзасидан нон, қарс-қурс ва пул қистириб юборишади...

Мен ишдан келиб, уйга ҳам кирган эдимки, жажжи қизалоғим “дадам келди” деб оёғимни қучоқлади.

– Менинг гўзал, асал қизалоғим, ҳаётимнинг мазмуни, – деб эркаладим, қизалоғим эса жажжи қўллари билан пайпоқларимни ечишга ҳаракат қила бошлади ва бу оғир юмушни анча қийналиб бажарарди.

– Қўшниларникига кириб чиқинг, отаси вафот қилган кунига йил тўлганлиги учун одамлар келишган, – деди аёлим.

Мен кийимларимни алмаштириб, қўшнилар­нинг уйига кирдим, бир хонада тўртбурчак шаклда девор тагига тўшалган кўрпачага ўтирдим. Мен танийдиган ва танимайдиган одамлар ўтирибди. Дастурхон тўрида ўтирган бир киши нуқул гапириб, ҳаммани ўзига қаратиб ўтирганди. Шу пайт ёнимда ўтирган қўшним пиёласининг тагидаги чой қолдиғини тўкди.

– Макруҳ амал! Сиз нима қиляпсиз? Нега макруҳ амал қиласиз! Нега қолдиқни ташлайсиз! – деган гумбурлаган овоз эшитилди.

Ҳамма “ялт” этиб, тўрда ўтирган кишига қарашди. Ёнимдаги одам қўлида пиёлани ушлаганича қотиб қолди. Анча вақт ноқулай вазият ҳукм сурди. Ўша киши ўн дақиқага яқин пиёлага ташланган чой қолдиғи ва ёнимдаги қўшнимнинг диндан хабари йўқлиги, инсофи йўқлиги ва алламбалолар тўғрисидаги гапириб, ёнимдаги одамни баттар оғир вазиятга туширмоқда эди. Вазиятдан чиқа олмаётган қўшним эса қўлини дастурхонга бошқа урмади, келган овқатдан бир қошиқ оғзига тотиб кўрди-да, фотиҳа ўқилишини кутиб ўтирди, сўнг чиқиб кетди. Унинг қизариб кетганлигидан аҳволини тушунган эдим.

– Ким бу? –деб ёнимдаги иккинчи қўшнимдан пичирлаб сўрадим?

– Норбой мулла деган одам, яқинда маҳалла­мизга кўчиб келди...

– Бечорани ноқулай аҳволга туширди, – дедим пичирлаб.

– Ака бу шунақа, доим шундай ишларни қилади.

Шу вақтда Норбой мулла ўтирганларга маҳалла имомни ёмонлаб кетди, имомнинг ёшлиги, тажрибасизлиги, одамларга диний тушунчаларнинг моҳиятини етказиб беролмаслиги ва шу каби гапларни айтиб ўтирдики, гапиришдан тўхтаса бирор киши унга гап бермайдигандек гўё. Жағи шундай тинмасдики, “Гиннеснинг рекордлар китоби»га бемалол киритса бўларди.

Қўшниларнинг уйидан чиққан вақтимда, уй эгаси Омон мени секин чеккага олиб чиқиб, пичирлади:

– Бу бизнинг имомизни ёмонлаб, ўзи маҳаллада имомликни истаётган бўлса керак!

– Ҳа, шунақа шекилли, – дедим.

– Менинг бобом ёшлигимизда маҳалла мулласининг хизматида юрди, унинг гапини қонун деб биларди. Уйида ейишга нон бўлмаса-да, уйда борини ўша мулланинг хонадонига олиб борарди. Тўқсонинчи йилларнинг бошида биласиз-ку маҳалла муллаларининг обрўси жуда катта эди.

– Тўғри..

– Бироқ, бобом вафот қилган вақтида, дадам мени ўша мулланинг ёнига бориб, чақириб келишимни тайинлади. У бобомнинг жанозасида келмади, шогирдини юборди. Узрини айттириб юборди. Бироқ, кейин эшитсак шу куни маҳал­ламиздаги бой хонадоннинг уйида ҳам жаноза бор экан, ўшанга борган экан.

Мен уйга келарканман, устозим Зафар аканинг айтиб берган воқеаси эсимга тушди. Устозим нафақага чиққанидан сўнг Тошкент шаҳрига ўғлининг ёнига борган. Ўғли катта бир тадбиркор бўлиб, уйида меҳмонда одамлар ўтирган, шу ерга ҳозир бўлган мулла устозимнинг ўғли нима деса шу гапни маъқуллар, устозим гапирмоқчи бўлса унинг гапини бўларкан. Шунда устозимнинг жаҳли чиқиб, ўғлини ҳам койиган ва муллани уйдан ҳайдаб солган экан.

Одам қандай касбда ишламасин, у адвокат, ички ишлар ходими, прокурор, ҳокимият вакили ёки оддий инсон, унинг қилган ҳаракати билан ўша касбга, тизимга баҳо берилмаслик керак. Ўша одам оиласида олган тарбияси, унинг виждонига баҳо бериш керак деб ўйладим.

Эртаси куни идорада ўтирган эдим, шу куни навбатчи адвокат бўлганлигим учун ички ишлар идорасига, терговчиларнинг чақируви бўйича бордим.

Мен иштирок этишим керак бўлган ишдаги мижозга Жиноят кодексининг фирибгарлик моддаси билан иш қўзғатилган экан.

Мижозим билан хонада ёлғиз учрашдим, не кўз билан кўрайки, бу ўша барчанинг олдида қўшнимни чой қолдиғини ташлаганлиги учун изза қилган Норбой мулла эди. Мен уни танидим бироқ, у мени танимади ёки эслай олмади. Балки ўша вақтда менга эътибор бермагандир.

Мен унинг исми шарифини қўлимдаги қарордан ўқиб билиб бўлган эдим. У менга бошдан оёқ разм солди ва ишонмаётган одамдек узоқ тикилди.

– Сиз ким бўласиз, ҳақиқатдан адвокатмисиз?

– Мен адвокат Аминбойман. Фамилиям Аллабергенов.

– Мен сизга қандай ишонсам бўлади? – деди Норбой мулла ва менинг жавобим орқали, рост гапираётганлигимни билмоқчи бўлгандай, менга кўзларини қисиб тикилди.

– Сизнинг менга ишониш ёки ишонмаслигингиз, ўзингизни ишингиз! Бироқ, адвокат тари­қасида қонунга риоя қилишим шарт. Мижозимиз айтганларни ошкор қилишимиз мумкинмас!

Ниҳоят, мижозим менга ишонди ва биз иш юзасидан суҳбатлашиб олдик. Норбой мулла таниш аёлидан катта миқдорда пулларни олган ва уч йилдан бери бермасдан келаётган экан. Мижозим билан жабрланувчи аёл ўртасида ўтказилган юзлаштириш жараёнда кўп нарса ойдинлашди. Жабрланувчи аёл машина олиш учун йиққан пулини, Норбой мулла ўзи танишлари орқали арзонроққа машина олиб беришни ваъда қилган ва пулни олганидан сўнг шу кунгача алдаб келаётган экан.

Ички ишлар биносидан чиққандан сўнг мижозим билан кейин учрашишга келишиб, машинамга минаётган эдим. Норбой мулла машинамнинг ёнига келди ва менга:

– Энди нима бўлади?

– Тергов давом қилади ва натижасини кўрамиз.

– Бу иш бўйича менга қоғоз бормайдими?

– Иш натижасига кўра маҳалла раисига тақдим­нома киритилади!

– Йўғ-ей, рўйхатда турган жойимгами ёки яшаш жойимга?

– Рўйхатда турган жойингизга!

– Ҳа, маҳаллада обрўйим юқори, унга путур етмасин деганим-да!

Мен машинани калитини бураб моторни ўт олдирдим ва энди юқмоқчи бўлгандим, Норбой мулла менга:

– Менга қаранг пул олган вақтимда долларнинг давлат курси паст эди, мен шу пулларни эски тартибда давлат курсидан берсам қутиламанми?

Мен унинг нима дардидалигини ўйладим, бундай жирканч одамларга адвокат бўлганлигимга пушаймон бўлдим. Негадир Норбой муллага қарасам Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари ёдимга келаверди. Виждон азобидан қутилармикан деб ўйладим. Бироқ, касбим қоидасига кўра тилимни тишладим.

– Сизга айтяпман, пулларни давлат курсидан тўласам бўладими?!

– Макруҳ амал! Макруҳдан ҳам баттар амал! – дедим-у, машинада ҳаракатланиб кетиб қолдим. Машинанинг орқани кўрсатувчи ойнасидан қарасам, Норбой мулла нималар бўлганлигини тушунмай, ҳаракатсиз қотиб қолганди...

Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев

Text to speech