Фирибгар
Агар бир киши ёшлигидан нафси бузулиб,
тарбиясиз, аҳлоқсиз бўлуб ўсдими, бундай
кишилардан яхшилик кутмак, ердан туруб юлдузларга қўл узатмак кабидур.
Абдулла Авлоний
Отабек телефонини қўлига олди ва “Facebook” ижтимоий тармоғини кўздан кечира бошлади. “Комила” номли профильдан “Дўстлашамиз” белгисини кўриб, дўстликни қабул қилди ва тезда “Комила”нинг шахсий маълумотлари билан танишиб чиқди. Йигирма саккиз ёшда, қўшни туманда яшар экан. Телефон экранига ёзувларни кирита бошлади.
– Салом, – деган хабарни жўнатди.
– Салом, – деган жавоб келди.
– Профилингиздаги расм ўзингизми?
– Йўқ, бироқ ундан ҳам чиройлиман!
– Қаерликсиз?
– Ёзилган-ку!
– Эрингиз борми?
– Эркинликни бўғишни истамайман!
– Балки танишармиз?
– Ман ҳар ким билан танишадиган қизмасман!
– Мен ҳам совға эмасман, илтимос, танишайлик?
– Нима иш қиласиз?
– Тадбиркорман!
– Ўн сўм топганлар ҳам, писта сотувчилар ҳам ўзини тадбиркор деяпти.
– Мен Беруний туманида ҳамма танийди, “Отабек импорт” лақабим бор.
– Ок.
Отабек Комилага яна бир қанча хабарлар ёзди, бироқ Комиладан жавоб келмагач, хуноб бўла бошлади. Эртаси куни Комиладан жавоб келди. Ниҳоят, улар ўртасида ёзишмалар авж олди. Бир ойдан ортиқ Комила билан ёзишмалар қилган Отабек, уни жуда кўргиси келарди. Комила эса учрашув кунини атайлаб чўзиб келарди. Отабек ўзига келган хабарни очиб кўрди, унда Комила:
– Менда муаммо бор, пул жуда зарур бўлиб турибди, агар пулни қарзга топиб берсангиз, сизни ҳар қандай шартингизга розиман. Бироқ, пулингизни албатта қайтариб бераман!
– Қанча керак, ҳаракат қиламан? – деб ёзди Отабек.
– Беш юз доллар.
– Хўп бераман, қарз тариқасида эмас шундай!
– Менга бировнинг пули текинга керак эмас, албатта қайтараман!
– Хўп!
– Унда бугун кечқурун бизнинг туманга келинг, фақат кечқурун келинг, кундуз куни одамлар олдида учраша олмайман. Гап-сўз ёмон.
Комила телефон орқали кўп гаплашмасди, асосан СМС ва телеграмм орқали хабарлар ёзарди, Отабек ундан бунинг сабабини сўрай олмади.
Ниҳоят Отабек Комила билан учрашиш учун манзилга етиб борди.
Агар у қиз гўзал бўлмаса нима қиламан, баҳона топиб, пул ҳозир орқамдан келади деб айтсаммикан. Шу ўйлар билан машинани бошқараётган Отабек айтилган манзилда йўл чеккасида турган бир аёлга кўзи тушди ва машинани тўхтатган эди, аёл машинанинг ёнига келди. Отабек машинанинг русуми ва давлат рақам белгисини олдиндан айтиб қўйган эди. Қиз машинанинг орқа ўриндиғига ўтирди. Машинанинг олд ойнасидан орқани кўрсатувчи кўзгудан қизга қаради. Комиланинг ҳусни чакки эмас, бироқ роса бўянганди ва кийимлари ҳам ўзига ярашганди. Отабек тинмай кўзгу орқали Комилага қарашга уялди. Улар қисқа суҳбатлашишди ва Отабек пулларни Комилага узатди. Комила пулларни олди ва Отабекка бўса ҳадя қилиб, қулоғига бир нималарни пичирлади. Отабек бу сўзлардан сармаст бўлди. Шундан сўнг Отабек ва Комила ўртасида ишқий суҳбатлар авж олди.
– Бир танишим бор, у мендан ўн минг доллар олган эди, мен бу пулларга аёллар учун фитнес клуб очмоқчи эдим, бироқ у пулларни ҳам бермади, мосламаларни ҳам олиб келиб бермади, шуни олишда менга ёрдам беринг, – деб хабар жўнатди, тўсатдан бир куни Комила.
– Нима қилай, айтинг жоним!
– Органда танишларингиз борми?
– Йўқ танишим йўқ.
– Унда ўзингиз ўша йигит билан гаплашиб қўрқитиб беринг!
– Қандай қилиб?
– Мен, Сизни органда ишлайдиган акам деб айтаман!
– Бўлди, қотирамиз, – деди, Отабек
– Унда мен сизга унинг рақамини ташлайман, унинг исми Жаҳонгир, бизнинг қўшни маҳалладан.
Отабек Комила юборган рақамга қўнғироқ қилди.
– Эшитаман, – жавоб берди эркак киши.
– Мен Комиланинг қариндошиман, жиноят қидирув бўлимида ишлайман. Нега уни пулини бермаяпсан?!
– Ака бераман, тез орада бераман, ҳозир саккиз минг долларим бор шуни берсам бўладими, қолганини тез орада бераман, илтимос ака ундай қилманглар, – деди Жаҳонгир.
– Мен ички ишлар биносининг ёнида машинада ўтирибман шу ерга тез кел, машинани рақамини эслаб қол! – буйруқ берди Отабек
– Хўп ака!
Шундан сўнг Отабек машинада ўтирган вақтида машинанинг ёнига бир йигит келди, у машинанинг рақамига қаради ва орқа ўриндиққа ўтирди. Отабек йигит билан суҳбатлашди ва у пулларни тўлиқ ҳолда бир ой ичида қайтариб беришга ваъда берди.
Отабек кайфияти чоғ бўлди. Комилага қўнғироқ қилиб, тантанавор оҳангда:
– Ўн минг долларни бир ой ичида олиб бераман! – деди.
– Отабек ака менга эртага зудлик билан тўққиз минг доллар керак, агар бу пуллар бўлмаса, менинг фитнес клубим масаласи тамом бўлади. Мен сизни бугун пулларимни олиб берасиз деб ишонган эдим. Мен энди анча зарар кўраман, – деб Комила йиғлашга тушди.
Отабек нима қилишни билмай довдираб қолди. У Комилани овутиш учун, унга:
– Жоним мен билмаган эдим, мен сиз учун нима қилишим мумкин айтинг?
– Отабек ака сиз менга ёрдам беришингиз мумкин. Тўққиз минг беш юз доллар топиб беринг ва бир ойдан сўнг Жаҳонгирдан ўн минг долларни ўзингиз оласиз ва сиздан олган беш юз доллар қарзимни ҳам қайтараман.
Отабек шу куни бизнеси учун ажратиб қўйган пулидан ўн минг долларни олиб, уни Комилага олиб бориб берди. Комила пулни олиб раҳмат айтди ва икки кун ичида Отабекнинг висол онлари бўлиши шаъма қилди. Эртаси куни Комила қўнғироқларга жавоб бермади ва ижтимоий тармоқларидаги аккаунтларидан ҳам чиқиб кетди. Отабек бир ой ичида Комилани излаб топа олмади. Бир неча маротаба Комилани яшайдиган туманидан ҳам излаб келди. Шундан сўнг ўн минг доллар бериши керак бўлган Жаҳонгирнинг рақамига қўнғироқ қилди, унинг рақами ҳам ўчирилганди. Отабек ўзини фирибгарлар тузоғига тушганлигини сезди ва Комиланинг яшаётган туманига бориб, Ички ишлар биносига кириб, ўша ерга ариза билан мурожаат қилди. Ходимлар уни терговчининг ҳузурига олиб киришди, Аббасов Умидбек исмли терговчи уни сўроқ қилди. Тергов жараёнида Отабек ўзига ўхшаган бир неча эркакларнинг шу усулда фирибгарлар тузоғига тушганлигини билди. Ҳар хил исмларда ўзини атаётган аёл ва унинг эркак шериги ижтимоий тармоқлар орқали эркакларнинг тузоғига илинтираётган экан.
– Сиз, биздан хабар кутинг, тез орада иккаласини ҳам қўлга оламиз! – деди терговчи Умидбек Аббасов.
* * *
Отабек пулларини қайтариб олишдан умидини узиб юрган вақтида унга терговчи қўнғироқ қилди ва фирибгарларнинг ушланганлигини, ички ишлар биносига етиб келишини тайинлади. Отабек ички ишлар биносига кириб, терговчининг хонасига кирди. Хонада Комилани кўрди, у ерга қараб ўтираркан, Отабекка кўзи тушди-ю, дарров яна пастга қаради. Отабек хонадан ташқарига чиқди ва шу ерда кутиб ўтирди. Кутиш хонасида ўтирган учта эркак ҳам Комиланинг тузоғига тушган экан. Бироқ, уларнинг ҳар бирига бошқа исмларни айтилган экан. Терговчи тўртта жабрланувчини хонасига чақирди:
– Хўш ҳурматли фуқаролар бу аёл Сизга фириб берганмиди!
– Ҳа! – деди тўртовлари баравардай.
– Фирибгар қўлга тушди, энди безовта бўлмасангиз ҳам бўлади!
– Унинг эркак шериги қани? – деди эркаклардан биттаси.
– Ҳа уни ҳам ушладингларми? – деди иккинчиси.
– Уни ҳам қамаш керак! – деди учинчиси.
– Тўғри, – деди Отабек уларнинг фикрини маъқуллаб.
Терговчи Аббасов Умидбек мийиғида кулди ва жабрланувчиларга қараб:
– У ҳам орамизда!
– Жабрланувчи эркаклар бир-бирига шубҳа билан қараб олишди.
– Қани ҳурматли Комила, Азиза, Жасмина, Саида шеригингизни кўрсатинг-чи?
Терговчи Умидбек хандон отиб кулишдан зўрға ўзини тийиб турарди. Отабек нима бўлаётганлигини тушунмай бир Комилага, бир ёнидаги эркакларга қаради. Комила секинлик бирин бошидан ясама сочини олди ва юзини нам салфетка билан артиб, пардозларини тозалаб ташлади. Отабек қаршисида ўзини Жаҳонгир деб таништирган эркакни кўраётган эди.
Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев