Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Фуқаро ва тадбиркор манфаати суд ҳимоясида

28 январь куни Давлатимиз раҳбари томонидан «2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Фармон ҳамда у билан 2022 йил–«Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури қабул қилинди.

Стратегиянинг айнан иккинчи йўналиши мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга қаратилган ва албатта, шу мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ҳақиқатдан ҳам, ўтган беш йилда адолат, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, суд тизимини демократлаштириш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 2017 йилда ташкил этилган маъмурий судлар қисқа муддат ичида ўз самарадорлигини амалда намоён этди.

Масалан, Андижон вилоят маъмурий судлар томонидан 2018-2021 йилларда 2577 та ариза кўриб чиқилиб, 1303 таси ёки 50,6 фоизи қаноатлантирилган, яъни фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Шу билан бирга, суд амалиёти таҳлили маъмурий судлар томонидан фуқаро ёки тадбиркорлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга тўсқинлик қилувчи бир қатор омиллар ҳам мавжудлигини кўрсатди.

Шу муносабат билан бугунги кунда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда судлар, айниқса, маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш давр талабидир.

Ривожланган мамлакатларда айнан маъмурий судлар фуқаро ёки тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ижро органлари томонидан бузилишининг олдини олишда, уларни ғайриқонуний қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан ҳимоя қилишда муҳим ўрин эгаллайди.

“Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси”да жамиятда судларга бўлган ишончни янада ошириш мақсадида давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмларини жорий қилиниши, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш – асосий мақсадлардан бири сифатида эътироф этилганлиги ҳам айнан шу билан боғлиқдир.

Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга ошириш юзасидан жорий йилнинг 29 январь куни “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Олий суд ва Судьялар олий кенгашига, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли вазифалар белгиланди:

Биринчидан, маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш. Бунда, маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбурияти юкланиб, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратилади.

Маълумки, маъмурий суддан низолашаётган иккита тараф бўлиб, бири ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган фуқаро ёки тадбиркор бўлса, иккинчи тараф маъмурий орган ҳисобланади. Табиийки, низолашаётган икки тарафнинг имкониятлари ҳар доим ҳам тенг эмас. Шу ўринда, мазкур тамойилнинг моҳияти, иш учун зарур бўлган далилларни йиғишда, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш учун фуқарода имконияти бўлмаган маълумотларни олишда кўмаклашишдан иборатдир.

Иккинчидан, жуда муҳим вазифа этиб, - ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди.

Амалдаги тартибга кўра, маъмурий судлар томонидан маъмурий органларнинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилганда, унинг оқибатида келиб чиққан зарарларни ундириш фуқаролик ва иқтисодий судларда ҳал этилади.

Эндиликда эса, қарорга мувофиқ, қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилганидан сўнг, тарафлар ўртасида вужудга келган низонинг оқибати юзасидан зарар ёки бой берилган фойдани ундириш масаласи ҳам, тўлиқ маъмурий судлар томонидан кўриб, ҳал этилади. Бу фуқароларимизнинг судма-суд овора бўлишининг олдини олишга хизмат қилади.

Учинчидан, фуқаро ёки юридик шахснинг шикояти асосида чиқарилган суд ҳужжати ижроси давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилишини таъминлаш учун таъсирчан назорат механизмлари мавжуд эмас эди.

Шу сабабли, қарорга асосан маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш амалиёти жорий этилади.

Бунда, давлат органлари ёки ташкилотлари маъмурий суднинг ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб белгиланган муддатда ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериши керак бўлади.

Давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро этилмаганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгиланади.

Тўртинчидан, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириш, низони тарафлар ўртасида мақбул усулда ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда.

Яъни тарафларга, улар ўртасида вужудга келган низо бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда.

Бунда, тарафлар суд жараёнида келишувга эришгандан сўнг пайдо бўлган низо тўлиқ бартараф этилишига ҳамда кейинчалик аризабозликка барҳам берилади.

Яна бир энг муҳим янгиликлардан бири, судларга киритиладиган даъво ариза, ариза ва шикоятларни улар мазкур судга тааллуқли бўлмагани учун қабул қилишни рад этиш тақиқланаётганидир.

Бунинг ўрнига, аризачиларга қулай бўлиши учун, судларга келиб тушган ҳар қандай аризаларни “ягона дарча” тамойили асосида судлар доирасида ваколатли судга ўтказиш белгиланмоқда.

 

Муаллиф: Андижон вилоят маъмурий

судининг судьяси О.Қаҳоров

 

Text to speech