Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Ярамас ўғри

Осмоннинг кўз ёшлари

Гулзор тоғорани олиб, кир ювишга ҳозирланди. Сўнг бармоғидаги узукни ечиб, совун қутисининг устига қўйди. Гулзорнинг бу уйга кўчиб келганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ҳовлиси қишлоқнинг чеккасида жойлашган бўлиб, қўшни уйда Абдулла ака исмли киши турмуш ўртоғи ва икки нафар қизи билан бирга яшайди. Одамлар ҳали бу ерлардан уй қуришни бошламаганлиги сабабли икки қўшни тез-тез бир-биридан хабар олиб туришарди. Бунинг устига, катта йўлга чиқиш учун қўшнилари Гулзорнинг уйи олдидан ўтишади.

Гулзор ёнида шовқин қилаётган ва ини атрофида нималарнидир чўқилаётган ҳаккага қўлини силтаб:

– Эй овозинг ўчсин, кишт-кишт, – деди ва “сочиқни унутибман” дея, уйга кирди. Сочиқни олиб чиққан вақтида уйнинг олдидан Абдулла аканинг тўнғич қизи Василани ўтиб кетаётганлигини кўриб қолди.

Ишини давом эттира бошлаган аёл, кўз қири билан совун қутисининг устига қаради. Қаради-ю, кўзлари косасидан чиққудек бўлди. Қўлларини чайиб, совун қутисининг тагини, ичини ва атрофини, кийимларнининг орасини титкилади, аммо узукни излаб топа олмагач:

 – Вой, ярамас ўғри, ўша олиб кетган! –деди дастлаб хаёлига келган Василани ўйлаб. Васила эса аллақачон катта йўлдан ўтувчи машиналарга миниб кетиб қолганди. Гулзор тезда ишини унутиб, қўшнисининг уйига кирди ва у билан кўришмоқчи бўлган Ханифа опага қўл учини узатиб:

– Қизингиз қаерга кетди?! – деди ўзини тута олмай.

– Нима? – деди Ханифа опа қўнисининг муомаласи ва саволига тушунмай.

– Васила қани, қаерга кетди?

– Бо.. Бозорга – деди Ханифа тутилиб.

– Ҳозиргина қизингиз мени узугимни ўғирлаб кетди. Дарров қайтариб бермасанглар, тегишли жойга бораман, устингиздан арз қиламан, қаматиб юбораман! – деди таҳдид билан Гулзор.

Бу шовқинни эшитган Абдулла ака ичкар уйдан чиқди. У дастлаб қўшнисининг нимага шовқин кўтараётганлигини тушунмади, бироқ муддаосини эшитгач, ўйланиб турди ва Гулзорга қаратиб, секин гап бошлади:

– Гулзор синглим, сиз шошма-шошарлик қилманг, балки узук шу атрофда ётгандир. Мен қизимга ишонаман, унга бундай тарбия бермаганмиз.

– Нима, мен сизларга туҳмат қиляпманми, узугим қанот чиқариб учиб кетмаган бўлса керак! Мен уйга бир кирдим-у дарров чиқдим. Ўша пайтда қизингиз узук турган жойдан ўтиб кетаёганди. Мен ўз кўзларимга ишонаман!

– Балки, уйга қўйгандирсиз ёки кийимларнинг ичида қолдими? – деди Абдулла ака норози бўлиб.

– Арз қиламан, шикоят қиламан! – бақира кетди аёл.

– Майли ўзингизни босинг, агар қизим шу ишни қилган бўлса, ҳозир келсин, гаплашман. Кейин қўшни, Василани тез орада унаштирамиз. Шунга ички ишлар идорасига қатнаб, қудаларни олдида шарманда бўлмайлик, илтимос – деди Абдулла ака ялинган оҳангда.

– Бу қандай шармандалик? – кўзларига ёш олган Ханифа опа мажолсиз эшикка суянди.

Шундан сўнг, Абдулла аканинг илтимоси билан, улар уйнинг атрофидан, кир ювилаётган жойдан узукни излай бошлашди. Абдулла ака тупроқни қўллари билан сиқиб, титикилар, шуурида фақат узук эди.

Орадан бир соатлар вақт ўтгач, Васила уйга қайтди. Жанжалнинг устига келиб, унга ҳамма савол бераётганига ҳам ҳайрон бўлди. Гулзор Василага таҳдид қилди, илтимос қилди, билмасдан олган бўлиб, қайтариб берса даъво қилмаслигини тушунтирди. Бироқ Васила бу ишни қилмаганлигини айтиб тураверди. Шундан сўнг Гулзор:

– Унда мен сени титиб кўраман. Қани, сумкангни оч, уни ҳам текшираман! – деди.

– Нега текширасиз, менинг нима айбим бор? – деди Васила йиғлаб.

– Қизим, текшириб кўраверсин – деди Абдулла ака Гулзорнинг тинчимаслигини билиб.

Шундан сўнг Гулзор Василанинг сумкасини очди-да, даста-даста пулларни кўриб:

– Ана! Узукни сотгансан, бўлмасам буларни қаердан олдинг? – деди пулларни Василанинг кўзлари олдида силтаб.

– Қизим сенда пул йўқ, эди-ку! – деди Абдулла ака.

Васила атрофдагиларга ҳайрат билан қаради ва йиғлаб уйга кириб кетди.

– Айтим-ку шу ўғирлади деб, тантанавор хитоб қилди Гулзор.

– Сиз тинчланинг, мен қизим билан гаплашиб, эртага узукни кимга сотган бўлса, ундан қайтариб олиб, сўнг сизга келтириб бераман! – деди Абдулла ака ноилож бошини хам қилиб.

Гулзор пулларни Абдулла аканинг қўлига тутқизиб, ўзи уйига тўнғиллаганча кириб кетди.

 * * *

Эртасига тонг отди дегунча Гулзор Абдулла акани кута бошлади. Дам деразадан қараб, дам соатига қараб, охири чидолмасдан тўғри қўшнисининг уйига борди. Бироқ Абдулла аканинг кечаги ваъдасидан асар ҳам қолмаганди. У қизи билан гаплашганини, қизи узукни ўғирламаганини, кечаги пулларни эса бўлажак куёви берганини айтди. Гулзор шикоят қиламан деган эди, Абдулла ака “ўзинг биласан” дегандай елка қисди.

Икки кундан бери сафарда юрган Гулзорнинг эри Алишер эса жанжал устига келганди. У вазиятни хотинидан билгач, аёлни ичкарига тортқилади-да:

– Нима қиляпсан, онаси, балки улар олишмагандир. Қўй жанжални, уят бўлади. Қўлимиз билан ушламаган бўлсак! Кейин шу қўшнидан бўлак бу ерларда кимимиз бор?! – дея вазиятни юмшатишга уринди.

– Ахир, у узукни сиз совға қилгансиз, ички томонига исмимни ёздиргансиз, шунинг учун ҳам жон куйдиряпман-да!

– Узугинг, албатта топилади, лекин қўшниларни бекорга хафа қилибсан... Бунча шошқалоқ бўлмасанг! Бечора Абдулла ака... Васила ҳам унақа қиз эмаслигини ўзинг билардинг-ку?!

– Э-э, кўнгилга сиғмайдиган маҳал насиҳат қилманг. Ундан кўра боринг, бекор ўтирмай анави ҳакканинг инини бузиб ташланг, овозига қаранг... Шу ҳам асабларимни таранглаштириб юборди, – дея терс ўгирилиб олди Гулзор.

– Ҳакка?!

Алишер ин томонга юраркан, ўғлининг ёнига югуриб келаётганини кўриб, қулочини ёзди.

Гулзор ўрнидан турди ва эрининг ортидан:

– Мен туман марказидаги фолбинга бориб келаман! Шунда узукни улар ўғирлаганига ишончим комил бўлади, – дея уйдан чиқиб кетди.

 * * *

Гулзор фолбинникига келди. Фолбин ҳам “узукни сизга яқин жойда яшайдиган аёл олган” дея унинг шубҳаларини тасдиқлади. Гулзор бу гапларни эшитиб, жаҳл отига минди ва уйга борган заҳоти қўшнисиникига чиқиб, яна жанжал кўтаришни ўйлади. Уйига етиб келганида қўшнисиникида турган машиналарни, меҳмонларнинг уйга кириб-чиқиб юрганини кўриб, қадамини тезлатди. Остонада уни кутиб олган Ханифа опанинг илтижоларига қармасдан Гулзор сов­чилар ўтирган хонага жадаллик билан кирди.

– Мен тўғри қилдим, ярамас ўғрини шарманда қил­дим! – дейиши ҳамоноқ Рашид югуриб келди ва унга:

– Ойи, мана сизнинг узугингиз! – деди.

Гулзор ўғли берган узукни ҳаяжон билан олди ва тезда уни айланитириб кўраркан, ички томонида ўзининг исми ёзилганига кўзи тушдида, ўғлига ҳайрат билан боқди. Унинг савол беришга-да ожизлигини фаҳмлаган Рашид узукни қандай топишганини тўлқинланиб гапира кетди:

– Дадам билан ҳаккани инини бузаётгандик, ичидаги нарсаларнинг орасида узугингиз ҳам бор экан....

 

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси бошлиғи

            Равшанбек Игамбердиев

Text to speech