Мерос
Отанинг қарғиши – ўқ! У охиратда эмас, шу дунёнинг ўзида нишонга тегади.
Саид Аҳмад
Шариф ота ҳовлининг чеккасида тахлаб қўйилган шиферларни кўздан кечирди-да, қадоқ қўллари билан шиферларни сийпалаб, секин пичирлаб қўйди:
– Ишқилиб, сизларни томга бостириш насиб қилсин, ўлмай турсам бўлди...
Отанинг ҳаёлларини маст ҳолда ҳовлида тентираб юрган катта ўғли бўлди.
– Анвар ўғлим, яна ичиб келдингми?
– Дада, озгина ичдим, қурилишдаги ишимиз роса чанг экан, томоғимдаги чангларни тозалаш учун ичдим, – деди Анвар.
– Бор ўғлим, ухла, дамингни ол!
– Хўп, дада! – деди Анвар ва деворга суяниб хонасига кириб кетди.
Бу эшакдай икки ўғилнинг фойдаси тегмаяпти, шиферларни томга бостириш учун тахта ва ёғоч олишимиз керак, деб ўйлади отахон.
Отахон кампири Ҳакиманинг вафотидан сўнг икки ўғлини бошқара олмай қолди. Нуқул иккаласи жанжаллашишарди. Ота эса икки ўғлини ажратиш ва уларга насиҳат бериш билан овора. Бунинг устига иккала ўғилнинг аёллари ҳам яра устига туз сепгандек ёки олов устига мой сепгандек ҳаракат қилишарди. Овсинларнинг кундошлардан баттар бир-бири билан жанжаллашиши, ўғилларининг эса хотинлари гапига кириши, отахонни баттар хуноб қиларди. Отахон ўзини икки қирғоқни бирлаштириб турган кўприкка ўхшатар. Вақт ўтган сайин кўприк тобора нураб қулаш арафасида эди. Шу ўйлар билан эзилган ота икки ўғлини ёнига чақириб суҳбатлашиб олишга қарор қилди. Кичик ўғли Нодир отаси ва акасининг ёнига келаркан, худди улар унга қарши бир нималарни режалаштираётгандек, кела солиб уларга ёвқараш қилди.
– Менга қаранглар, менинг соғлигим яхши эмас. Қанча яшашимни ҳам билмайман. Бироқ, сизларнинг жанжалингиздан қўшнилар сабабли шарманда бўляпман. Сизларга нима етишмайди ўзи?
– Дада, нима гап тинчликми? Мен ҳеч нарса қилмаяпман-ку! – деди Анвар отасига савол назари билан қараб.
– Нима, мен қиляпманми? Ака бўлгандан сўнг уйдан чиқиб кетиши керак, ҳамманинг кичик ўғиллари уйда қоляпти...
– Эй хотинингни гапини қиляпсанми? Хотинингни қулисан сен! – деди Анвар укаси Нодирнинг гапини бўлиб.
Шундан сўнг ака-ука бир-бири билан жанжаллашиб, бир-бирини ҳақорат қила бошлади. Ота уларни ажратиб, тинчлантирди.
– Менга қаранглар, ака-укалар ўртасида ака-укалик ҳуқуқи ва мажбуриятидан ташқари дўстлик ҳам бўлиш керак. Сизлар мен тириклигимда шунча жанжаллашсангиз, мен ўлсам нима бўлади?! – деди отахон ва юрагини чангаллаб ўтириб қолди.
Анвар ва Нодир эса бир-бирини айблашда давом этишарди. Отахон иккала ўғлига қараб қаттиқ бақирди:
– Сен нонкўрлар! Агар, шундай давом қиладиган бўлсангиз оқ қиламан! Ҳеч қачон рози бўлмайман!
Шундан сўнг Анвар иши борлигини айтиб кетиб қолди. Нодир бўлса уйга кириб хонасида ётиб олди. Сал ўтмай иккала овсиннинг бири-бирини киноя билан сийлаб бошлаганини эшитган отахон уйдан чиқиб кетди.
Отахон қўшниси ва дўсти Обид отанинг ёнига борди ва унга йиғилиб ётган дардини тўкиб солди.
– Мен ўғилларимга тарбия беришни унутибман! Мана қариганимда хор бўлиб юрибман.
– Яхши бўлиб кетади ҳаммаси! – деди Обид ота дўстини тинчлантиришга уриниб.
– Аҳил фарзандларингни кўриб, сенга ҳавас қиламан!
– Худога шукур, армоним йўқ, келинларим ҳам иболи, ҳаёли... – деб бошлаган Обид ота, тилини тишлади. Бу гаплари билан у сувга чўкаётган Шариф дўстини устидан босаётгандек ҳис қилди ўзини.
Алламаҳалгача дўсти билан суҳбатлашган Шариф ота, дўстининг хонадонида Обид ва унинг кампирига ўғиллари ҳамда келинларининг муносабатини кўриб, ўзининг аҳволига разм солди. Кийимлари эски ва кирлаган. Обиднинг кийимлари эса худди сафарга чиққан инсондек озода ва ярашган эди. Обид ва кампирининг юзидан нур ёғилаётганди, гўё-ки бу нур уларнинг ўғиллари ва келинларининг меҳр қуёшининг аксидан жилваланаётгандек эди.
Обид отанинг келини ва ўғли меҳмонга келган Шариф отанинг атрофида айланиб, ўргилиб парвона бўлишди. Обид ота ўзини худди ўз уйи дўзахдан, дўстининг уйи жаннатга тушгандай сезди. Фарзандларинг ва келинларинг солиҳа бўлса ўзингни жаннатдагидек сезаракан-сан деб ўйлади.
Шу вақтда Обиднинг ўғли Зафар келди ва отасининг елкаларини ва оёқларини уқалай бошлади.
– Ҳар кечқурун оёқларим ва елкаларимни уқаламагунча ухламайди, мен ҳам ўрганиб қолибман, қўллари дард кўрсмасин, – деб Обид ота меҳр билан ўғлини елкасидан қоқиб қўйди.
– Ота сизни ҳам уқалаб қўяй, – деб Зафар Шариф отанинг ёнига келаётганди, буни кўрган Шариф ота:
– Йўқ, йўқ, керак эмас! – деди. Шариф ота бир неча кундан бери чўмилмаган, ҳаммомни ўғиллари, келинлари деярли бўшатмаётганди.
– Зафар, ўғлим, сенга илтимосим бор.
– Лаббай ота, бемалол айтаверинг!
– Шу ноқулай бўлса ҳам... шу...
– Отамнинг дўсти отамдек инсон. Сизга хизмат қилиш отамга хизмат қилиш, айтаверинг!
– Бемалол айтавер, Шарифбой, – деди Обид ота гапга аралашиб.
– Зафар ўғлим, мен шифер олиб келиб қўйган эдим, шу уйнинг томини бостириш керак. Шунга ёғоч ва тахталар олиб келишим керак. Сени “Жигули” машинангни устига юк ташиши учун мослама ўрнатган экансан. Шу юкларни олиб келишга ёрдам берсанг, дегандим...
– Майли Шариф ота, Анвар акамнинг ўзи машинани ҳайдаб олиб кетаверсин, олдин ҳам машинамни унга берганман. Ишини бемалол битириб олсин.
– Катта раҳмат, ўғлим! – деб Шариф ота хотиржам бўлди.
Шариф ота бу хонадондан ҳавасга тўла туйғулар билан чиқиб уйига қайтди. Ўз уйига яқинлашган сари хонадонидан шовқин баландлаб борарди. Уйга кириб келган Шариф ота келинлари ва ўғилларининг икки томонга ажралиб, жанжаллашаётганлигига гувоҳ бўлди.
Иккала овсин бир-бирини қарғар, Анвар укаси Нодирни уришга ҳаракат қилар. Оғзидан қарғиши тўхтамаётган катта келин, эрини зўрға ушлаб турарди.
– Ҳозир урсангиз сизни қаматтиради! Тегманг унга! – деб Анварни ётоқхонасига тортарди. Шариф отанинг кириб келганлигини кўрган бўлишса-да томонлар тинчимади.
– Ота, нега акам уйдан чиқиб кетмайди, катта ўғил-ку? – деди Нодир Шариф отага қараб.
Жанжал анча давом қилди, Шариф ота индамади. У ўз хонасига кириб кетди, унинг кўзларидан ёш оқаётганди.
Эрталаб Анвар ишига кетди. Бекорчи Нодир яна кўчага чиқди. Ўтганларга дардини айтди, уларга ниманидир тушунтиришни истарди. Иккита келин ҳам ишга кетишди. Шариф ота тушликкача хонасидан чиқмаган бўлса-да, ҳеч кимнинг у билан иши бўлмади. Ҳамма тушликка йиғилган вақти, Шариф отани эслашди.
– Бобом хонасида эрталабдан бери ётибди, бироқ қимирламайди. Кўзлари очиқ, гапирсам гапимга жавоб бермади, – деди Анварнинг ўн бир ёшдаги қизи.
Шариф ота ҳаётдан кўз юмган, бироқ кўзлари очиқ қолганди. Унинг кўзларини юмишга анча ҳаракат қилишди. Бироқ, кўзлар юмилмасди. Балки кўзлари ҳали ҳаётдан тўймагандир.
* * *
Шариф отанинг қазо қилганига ҳафта бўлмасдан, уйда жанжал яна авж олди. Дастлаб, қозон товоқлари алоҳида бўлди, сўнг алоҳида эшиклардан уйга кириб чиқиш бошланди. Ака-укалар бунга ҳам қаноатланмасдан уйни икки бўлишди, ҳовли ва хоналарга девор қуришди. Уйдаги мерос қолган нарсаларни тақсимлаш ҳам анча жанжалга олиб келди. Барча мерослар тақсимланиб бўлингач, навбат ота минг машаққат билан олиб келган шиферга етди.
– Шиферларни иккига бўламиз ва ҳар ким ўзига тегишли меросни олади, – деди Нодир.
– Йўқ, уйнинг томига бостириб қўяверайлик, нима қиласан иккига бўлиб.
– Йўқ, уй биносининг мен томони бир метр кичик, мен томонга кам шифер кетади.
– Келишиб олганмиз-ку, шунинг учун ҳовлининг томорқаси сен томонда икки метр катта-ку!
– Майли, бироқ шиферларни иккига бўламиз.
– Уйнинг томига ўрнатиш керак, ёғоч оламиз ва бостирамиз.
– Мен ёғоч олишга пулим йўқ, мен томоним бостирилмаса бостирилмасин, – деди Нодир бамайлихотирлик билан.
– Мен ўз томонимни бостирсам уйнинг кўриниши кулгули бўлади-ку.
– Билмайман.
– Унда ёғочларни ўзим оламан, уйни шиферини ўрнатишга ёрдам берсанг бўлди.
– Йўқ, бўлмайди!
Анвар ва Нодир анча пайтгача тортишишди ва шиферларни бирга бориб сотиб, пулини тенг бўлашиб олишга келишишди.
Анвар қўшниси Зафарнинг “Жигули” машинасини вақтинча сўраб олди ва унга шиферларни юклашди. “Жигули” машинанинг тепасига ўрнатилган махсус юкхона вазифасини бажарувчи темирга шунчалик кўп шифер ўрнатдики, машина ерга тегай деб турарди.
Шу ердан ўтиб бораётган қўшниси Асад машинага юкланган шиферларни кўрди. Машинага минаётган Анвар ва Нодирга қарата:
– Нима, шиферларни бўлиб-бўлиб юкласангиз бўлмайдими, машинани тамом қилибсизлар-ку. Ўзларингизни машинангиз эмас-да, шунинг учун ҳам анча қийнабсизлар, – деди.
Асад машинанинг рақамидан бу машина қўшниси Зафарники эканлигини фаҳмлаганди.
Бир-бирига ишонмаган ака-укалар шиферни сотиш учун биргаликда машинага миниб йўлга чиқишди. Машина сал узоқлашмай, олд шинаси бир чуқурчага тушди-ю, юқоридаги катта оғир юкнинг босимини кўтара олмади. Катта юк, машинани тепа қисмини шундай босди-ки, натижада ака-уканинг танасини мажақлаб ташлаганди.
Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев