ЖАЗО
“Ўғри эркакнинг ҳам, ўғри аёлнинг ҳам қўлларини кесинглар!
Токи бу уларнинг қилмишларига яраша жазо, Аллоҳ томонидан берилган азоб бўлсин.
Аллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгасидир”.
(“Моида” сураси 38-оят)
Гулзор она ўғли уйга ярим тунда қайтганини кўча эшигининг очилиб ёпилганидан билди. Одатий сўкиниш овозлари қулоғига чалинар экан, “Азиз келибди”, деб қўйди. Сўнг ўғли алламаҳалда қаердан келганини аниқлаш учун бошига рўмолини ўраб, хонасидан чиқди. Омборхонага кираётган ўғлидан хавотирли овозда:
– Азиз, тинчликми? Қаерда эдинг шу пайтгача? – деб сўради.
Гулзор она аввалига ўғлини маст деб ўйлаб, юзига тикилиб қаради. Кайфи йўқлигини билгач, ичида “Хайрият” деб қўйди.
– Ухлайвермайсизми! – тўнғиллади Азиз.
Кейин кўчага чиқиб, битта қопни судраб қайтди, онасининг кўзи олдида уни омборхонага киритиб қўйди.
Она қопдан тўкилиб қолган чигитларни кўрди, ўғли яна чигит ўғирлаганлигини сезди ва беҳолгина кўрпачага чўккалади.
– Болам, ўзи чигит ўғирлаганинг учун ишдан бўшатишди. Яна шу ишни қилдингми? Ахир, эртага сени қамаб қўйишса, мен шўрлик нима қиламан? Додимни кимга айтаман?
– Ўғирлик дейсизми? – жаҳлланди Азиз. – Бу бир-икки қоп чигит ўғирлик эмас. Ҳақиқий ўғрилар мени бўшатган одамлар, улар тонналаб ўғирлашади!
– Ҳар ким экканини ўради, – деди Гулзор она ерга тушган чигитларни териб қопга солар экан.
Азиз онасига жавоб қайтармади. Хўмрайиб тураверди. Бир оздан сўнг юз-қўлини ювиб, ўз хонасига кириб кетди. Онаси ҳам хонасига қайтди. Марҳум эри Воҳид отанинг ётоқхонада турган расмига қараб:
– Ўғлингизни бу йўлдан қандай қайтараман? – деб хўрсинди. Кўзи илингунга қадар эрининг расмини қучоқлаб ўтирди, хаёлан унга арзи ҳол айтди.
Эрталаб нима қилишини билмай маҳалла оқсоқоли Хайрулланинг ёнига чиқди ва унга дардини тўкиб солди. Ўғлини тўғри йўлга қайтаришда ёрдам беришини сўради. Оқсоқол Азиз билан гаплашиб қўйишга ваъда берди.
Тушлик чоғи уйларига оқсоқол кириб келганида, Азиз таажжубланди. Онаси “чақирилмаган меҳмон”ни дастурхонга таклиф қилганида унга ёвқараш билан қаради. Бирга тушлик қилишди. Чой ичиб ўтирганларида оқсоқол узоқдан гап бошлади. У Азизнинг хотини билан ажрашгани, туман пахта заводида яхши ишлагани, бироқ ўғирлик устида қўлга тушгач бўшатиб юборилгани, йигитнинг бу ҳаракати маҳаллада муҳокама бўлгани ҳақида гапирди. Азиз ўғирликни йиғиштириб, ҳалол меҳнат қилиши кераклигини, ўғирлик оғир гуноҳ эканини, марҳум отасига муносиб фарзанд бўлиши лозимлигини эслатди. Оқсоқол “ўғирлик”, “чигит”, “пахта” каби сўзларни айтганида, Азиз беихтиёр омборхона эшигига қарар, худди ҳозир Хайрулла ака ўрнидан туриб омборхонага борадигандек, унинг ўғирлигини фош қилиб, милицияга топшириб юборадигандек туйиларди. Шундай бўлса-да, бўш келмади:
– Менга қаранг, нима демоқчисиз, ўзи? Бу масала ўзингиз айтгандек маҳаллада муҳокама қилинди, жарима ҳам тўладим. Яна нима истайсиз мендан?
– Тўғри, жарима тўладингиз. Бироқ ...
– Хайрулла ака, сиздан насиҳат эшитиб ўтиргани бекорчи вақтим йўқ!
– Ахир...
– Етар насиҳатингиз! Ўзингиз оппоқмисиз? – деди Азиз ва ўрнидан туриб, уйдан чиқиб кет, дегандек эшикни очди.
Гулзор она бир ўғлига, бир оқсоқолга қараганича дастурхон четини буклаб ўтирарди. Азиз билан гаплашиш бефойдалигини тушунган оқсоқол индамай уйдан чиқди.
Оқсоқол кетиши билан Азиз онасига заҳрини сочди:
– Ойи, бу нима қилганингиз? Бугун оқсоқолнинг ёнига, эртага терговчининг ёнига боринг! Иложи бўлса мени қаматиб юборинг!
– Ўғлим, қайси она фарзандига ёмонликни раво кўради? Ахир, ўзинг ўша жойда ишладинг, топиш-тутишинг ёмон эмасди. Заводдан чигит ўғирлаш халқнинг ризқини ўғирлаш билан тенг-ку...
Бироқ Азиз онасининг охирги сўзларини эшитмасдан уйдан чиқиб кетди ва тўғри дўсти Анварнинг ёнига борди.
– Дўстим, шошиб турибман, сенинг ёнингга бир иш билан келган эдим. Мана, бир неча йилдан бери заводда қоровул бўлиб ишлаяпсан, биринг икки бўлдими? Керак бўлса, сени ҳам бўйнингга бир айб тўнкаб бўшатиб юборишади. Шунинг учун сенга бир таклифим бор, – деди. Кейин атрофга олазарак қараб олиб, давом этди: – Тунда омбордан чигит олиш қийин. Лекин кундуз куни шнекдан ўтаётган чигитларни қопга солиб олиб кетсанг, ҳеч ким сезмайди. Сенинг ҳар қоровул навбатингда, шнекдан ўтаётган чигитлардан икки қоп олиб кетсам бўладими? Бир қопи менга, бир қопи сенга...
Анвар қўрқиб кетди:
– Менга ҳеч нарса керак эмас. Кейин ишимдан айрилиб қолишни хоҳламайман. Азиз, қўйгин шу ишларни, тинч юрайлик.
– Сен билан келишганимизни ҳеч ким билмайди. Мен орқа девордан кираман. Биласан, ишчилар тушлик қилаётган вақтда ҳам шнек ишлаб туради. Ўша пайтдан фойдаланиб, икки қоп чигитни олиб кетаман. Шнекдан ўтаётган чигит олинса билинмайди. Бу иш силлиққина битади, хавотир олма.
– Қўлга тушсанг, нима бўлишини биласанми? Кимдир кўриб қолса-чи?
– Қўлга тушсам ҳам, сени сотган номард! Биласан, мен ҳам ўша ерда ишладим. Ҳеч ким сендан гумон қилмайди.
Ниҳоят, Анвар Азизнинг таклифига рози бўлди ва унга қоровулликда турадиган кунларини айтди. Шундан сўнг иккиси режани пишитиб олишди.
Эртаси куни тушлик пайтида Азиз таниш девор ёнига келди. Девордаги қорайган излар бу ердан кўп бор чиқиб-тушилганини кўрсатиб турар, Азизнинг ўзи ҳам иш вақтида қопга солинган чигитларни шу ердан нариги тарафга ташлар, девор ортида кутиб турган шериклари эса қопларни олиб кетишар эди.
Девордан ошиб ўтган Азиз, заводнинг чигитларни шнекдан ўтказувчи қисмига яқинлашди. Атрофда ҳеч ким йўқ. Шнек ва мотор овозлари қулоқни қоматга келтирар, бироқ бу шовқин Азизга хуш ёқарди. Шовқин эшитиляптими, демак шнек ишлаяпти. Шнек ишлаяптими, демак, чигит ўтиб турибди. Азиз шу ўйлар билан тепага қараб юрди, шнекнинг ёнидан ўтган махсус ишчилар йўлагига борди ва чаққонлик билан қўйнидан иккита қоп чиқарди. У биринчи қопни бир зумда тўлдириб олди. Сўнг уни пастга қўйиб, иккинчи қопни ўнг қўли билан очиб, чап қўли билан чигитларни тез-тез сола бошлади. Курткасининг енгидаги темир тугмача шнекка тегиб, шиқирлаган овоз чиққан чоғда, Азиз биров эшитиб қолишидан хавотир олиб эшик томонга қаради. Худди шу вақтда қўлидан нимадир қаттиқ тортгандай бўлди...
* * *
Туман касалхонасида кўзини очган Азиз аъзои бадани қаттиқ оғриётганини сезди, ҳатто қимирлашга ҳам мажоли йўқ эди.
– Болам, кўзингни очдингми?
Онаси Азиз ётган каравотнинг ўнг томонида, курсида ўтирган экан.
– Менга нима бўлди ойи? – деди зўрға пичирлаб.
– Пахта тозалаш заводида... Фалокатга учрабсан.
– Ҳамма ёғим зирқираб оғрияпти.
– Ўғлим, ҳали яхши бўлиб кетасан, – онаси йиғи аралаш хўрсинди.
Шу пайт хонага оқ халат кийган врач кириб келди. Азиз кўзини очганини кўриб:
– Бемор, аҳволингиз яхшими? Худо хоҳласа, тез кунларда соғайиб кетасиз. Ҳозир сизга оғриқ қолдирувчи укол қилганмиз. Йўлакда терговчи кутиб турибди, кўзингизни очганингизни айтаман. Сизга бир-иккита саволи бор экан, – деди.
Врач чиқиб кетгач, палатага папка кўтарган йигит кирди. Азиз ва онаси билан саломлашиб, палатадаги иккинчи курсига жойлашиб ўтириб олди. Қўлида бир талай қоғоз бор эди.
– Мен туман ички ишлар бўлимидан терговчи Рустамбековман. Айтинг-чи, сиз заводда, шнекнинг ёнида нима қилаётган эдингиз?
Бутун вужуди қақшаб оғриётган, ҳатто қўлларини қимирлата олмаётган бўлса-да, Азиз терговчининг саволларига қандай жавоб бериш ҳақида ўйларди. У бир оз ўйланиб қолгас, хасталарга хос овозда жавоб қайтарди:
– Эски иш жойимни соғиниб боргандим.
– Қопдаги чигитлар-чи?
– Билмасам... – Азиз чайналиб қолди.
– Шнек устида нима қилаётган эдингиз, қандай қилиб йиқилиб тушдингиз?
– Тутун ҳиди келди, ёнғин бўлмасин деб чиққан эдим. Ўша вақтда йиқилиб тушган бўлсам керак.
– Унда қўлингизга нима қилди?
– Йиқилган пайтимда синдириб олган бўлсам керак.
– Биласизми, Азиз, чап қўлингизнинг кафти шнек ичидан топилди...
Азиз терговчининг қолган гапларини эшитмади. У бирдан чап қўлига қаради. Қўлини кўтаришга кучи етмаса ҳам, бинт билан боғланган чап қўлининг кафти йўқлигини кўрди...