Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Олов исканжасида

                                                                                                                                Навбатдаги истакларни қондиришдан

                                                                                                                               кўра, биринчисини енгиш осонроқдир.

                                                                                                                                                        Бенжамин Франклин

Ота-онасининг қистови билан уйланган Ўткирнинг турмуш ўртоғига кўнгли илимади. Турли баҳоналар билан уйдан чиқиб кетиб, кеч келар, янги келин – турмуш ўртоғининг саволли нигоҳидан кўзларини олиб қочар, баъзида эса зардали жавоб қайтарарди. Ёлғиз бўлишса, бир-бирига меҳри тушар деб, Ўткирнинг ота-онаси ўғлини алоҳида уйга кўчиришди. Ўткир Саида билан бир йил алоҳида яшаганидан сўнг кечқурунлари келмайдиган одат чиқарди. Фарзанди билан овора Саида эса Ўткирнинг баҳоналарига ишониб юрди.

Ўткир уйланишидан икки йил аввал Васила исмли қиз билан танишиб қолган, Васила унга бир йигит билан гаплашиб юриб, алданганлигини, номуси топталганлигини айтиб берганди. Кейинроқ Ўткир билан Василанинг ўртасида муҳаббат куртак отди ва бу орада Васила ҳомиладор бўлиб қолди. Қариндошининг уйида яшаб юрган Васила ҳомиладор бўлганидан сўнг ижара уйга кўчиб ўтди. Ижара пулини бир амаллаб тўлаб юришди. Васила оила шаънини тўкканлиги учун ота-онаси ва ака-укалари ундан воз кечишганди.

Ўткир эшикнинг қўнғироқ тугмасини босганида ичкаридан овоз эшитилди.

– Ҳозир, боряпман!

Ўткир ичкарига кириб, қўлидаги сумкани ётоқ­хонадаги шкафга қўйди. Сўнг тўрт яшар ўғлини Васи­ла­нинг қўлидан олди.

– Паҳлавоним қалайсан, дадангни соғиндингми?! – деди.

– Нима яна соат иккида хотинжонингизни ёнига кетдингизми?! – деди Васила қовоғини солиб.

Ўткир индамасдан шкафга қўйган сумкани очди ва ичидан пул олиб, Василага узатди. Пулни олаётиб сумканинг ичи пулга тўлалигини кўрган Васила:

– Қаердан олдингиз? – деди.

 – Ишинг бўлмасин, тезда дўконга туш! Кейин ош дамла, Ҳошимбекка ҳам бирорта яхшироқ ўйинчоқ олиб кел, – деди бўғиқ овоз билан.

Ўткирбек нимадандир асабийлашаётган эди. У уч кун аввал турмуш ўртоғи Саидага мен бир ҳафта фалончи қишлоқда қурилиш ишларида ишлайман, деб чиқиб кетиб, Василанинг ёнида яшаб юрганди. Квартиранинг ижара пули ва насияга қилинган харажатлар сабабли қарзи кўпайиб кетганди. Бунинг устига, Васила ҳам кўйлаги эскириб кетганлигини айтиб тўнғиллаб юрганди. Шунинг учун тунда Василанинг ёнидан чиқиб кетиб, режалаштириб юрган ўғирликни амалга оширди. Мўмай ўлжадан ижара пулларини тўлаб, қарзларидан ҳам қутулди.

Ўткир ижара уйда яна бир ҳафта яшади. Дам олиш куни эрталаб Васила ўзига кўйлак сотиб олиш учун бозорга кетган, Ҳошимбек бўлса қўшни хонада ухлаб ётган маҳал бир ҳафтадан бери ўчириб қўйган телефонини ёқди. Хабарлар ёғилиб кела бошлади. Онасидан келган SMSни ўқиди-да дарров онасига қўнғироқ қилди.

– Алло, Ўткир, қаердасан, нега телефонинг ўчирил­ган? Нима қилиб юрибсан, а, сен бола?

Ўткир телефонни қулоғидан узоқлаштириб турди ва онасининг товуши тинганидан сўнг:

– Ойи, қурилишдаман, телефонимнинг қуввати тугаганди. Бунинг устига узоқ қишлоқдамиз, алоқа йўқ.

– Нега хотинингга қўнғироқ қилмадинг? Уйимизга ҳам уч марта келиб-кетди, бечора. Оилангдан хабар оласанми ўзи сен бола?..

– Нима ёнингизга йиғлаб бордими?! – деди Ўткир зарда билан онасининг гапини бўлиб.

– Ҳой, бола, анаву шаллақининг ёнида юрган бўлма?! Қаердалигингни айт, ҳозир бораман, агар хотининг билса, кетиб қолади уйига.

– Бораман ўзим, эртага...

– Ҳозир келасан! Бўлмаса ўзим бораман, юрган жойнингни айт?

– Ойи, айтдим-ку, эртага бораман, деб. Бўлди, ойижон, боряпман. Мана, чиқдим, – деди-ю онасининг гапираётганига қарамай телефонини ўчирди.

Каровотга ўзини ташлаб, ўйланиб ётганича ухлаб қолди. Василанинг овозидан уйғонганда, тушлик вақти бўлганди.

– Уйғондингизми, жоним?! – Васила Ўткирнинг бўйнига осилди, – ҳозир овқат ҳам тайёр бўлади, янги қўйлагимни кийиб кўрсатайми?

Нариги хонадан Ҳошимбекнинг йиғлаган овози эшитилди.

– Ҳошимбек нимага йиғлаяпти?

– Қорни оғрияпти. Тушликдан сўнг касалхонага олиб бориб текширтирайлик.

Шу вақтда ошхонадан ниманингдир тақирлаган овози ва Ҳошимбекнинг чинқиргани эшитилди. Ўткир ва Васила ошхонага югуриб киришди-ю Ҳошим­бек бақириб йиғлаётгани, унинг ёнида эса чойнак ағдарилиб ётганини кўришди. Васила даҳшатдан додлаб юборди. Чойнакдаги иссиқ сув Ҳошимбекнинг устига тўкилганди. Зудлик билан болани касалхонага олиб кетишди.

Боланинг кўп жойлари қайноқ сувдан куйган, шунингдек, айниган нарса еб заҳарланган экан.

Ўткир дори-дармон олиш учун квартирага қайтди ва сумка ичида бор-йўғи эллик минг борлигини кўриб, дарғазаб бўлди-да, Василага қўнғироқ қилди:

– Бу ерда эллик минг сўмдан бошқа пул йўқ. Сумкадаги қолган пуллар қани?

– Мен кўйлакдан ташқари туфли ҳам олган эдим, – деди Васила йиғлаб.

– Қанча пул керак бўларкан?

– Шифокорлар икки-уч миллион деяпти. Боламизнинг аҳволи оғир эмиш. Бир нима қилинг, пул топинг, ўғлимиз ўлиб қолади! – ҳўнграб юборди Васила.

– Бўлди, йиғлайверма! Бир иложини қилиб, эрталабгача пул топаман.

Ўткир олдин кўриб кетган уйнинг олдида келди. Соат тунги икки, атроф жим-жит. Ўткир секин уйдан узоқроқда боғланиб турган сигир билан бузоқнинг арқонини ечди.

Чорва бозорга етиб келганида одамлар аллақачон қорамолларини ушлаб турганди. Дарвозадан кириши биланоқ олибсотарлар Ўткирни олдига келиб молини арзон баҳога сотиб олишга ҳаракат қилишди.

Тонг ота бошлаганда Ўткирнинг олдига бир харидор келди. Унинг бошқа вилоят шевасида гапираётганини кўрган Ўткир тезроқ шу харидорга сигирни бузоғи билан сотишни ўйлади. Биринчидан, ўғирланган мол тезроқ бошқа вилоятга кетади, иккинчидан, агар улар қўлга тушса, Ўткирни танимайди. Ўткир шуларни ўйлаб, бироз савдолашиб турди-да уч миллион сўмга сигирни бузоғи билан биргаликда сотди.

– Мол ўғирликмасми? – деди харидорнинг ёнига ҳозиргина келиб қўшилган шериги ҳазиллашган бўлиб. Ҳамроҳи бўлса сигирни чеккага етаклаб кетди. Ўткир саволга аҳамият бермагандек, пулни чўнтакка солиб, харидор билан хайрлашди. Харидор ҳам шошаётган экан одамлар ичига кириб кетди.

Ўткир енгил нафас олиб, мол бозоридан чиқаётган вақтида сал нарироқда ички ишлар ходимлари ўзи ўғирлаган сигирнинг ёнида турганини кўрди. Сигир ва бузоқни чеккага олиб чиққан харидор уларга бир нималарни тушунтираётганди. Ўткир ўзини одамларнинг панасига олди.

Касалхона олдида Васила турган экан, Ўткирни кўриши билан йиғлаб унинг олдида келди ва қўлидаги дорилар рўйхатини берди. Ўткир касалхона ёнидаги дорихонадан барча дориларни олгач, даста пулларни дорихона ходимининг олдига қўйди.

– Керагини санаб олинг!

Дорихона ходими пулни пул санайдиган машинага солди, Ўткир дориларни кўздан кечириб турган вақтида дорихона ходими:

– Нима, ҳазиллашяпсизми, дориларни жойига қў­йинг! – деди ва пулларни Ўткирнинг олдига қўйди.

Ўткир пулларга қаради ва шошиб чўнтагидаги учинчи тахламни ҳам олди. Тахламнинг икки чеккасига ўн мингталик, ичида эса мингталик купюрадаги пуллар қўйилганди. Бу пуллар уч миллион эмас бор-йўғи уч юз эллик тўрт минг экан.

Ўткир дорихонадан асабий чиқиб, касалхонага кираётганда рўпарасидан ички ишлар ходимлари чиқиб қолишди.

Ўткир гўё олов исканжасида қолган эди...

Text to speech