Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Осмоннинг кўз ёшлари

Навниҳол, нозик нафас мурғакка айлаб жон фидо,

Кечалар уйқу ҳаром, бир неча бор уйғонасан.

Гар тикан кирса оёққа йўлга кирган чоғида

Кипригинг бирла чиқармоқ бўласан, тўлғонасан.

Ш.Шомуҳаммедов

 

Бугун ҳавонинг авзойи бузуқ, осмонда булутлар бесаранжом – ёмғир ёғаман деб турибди. Ёмғирни яхши кўраман. Шунинг учун бўлса керак, ёмғир пайтида деразаларни очиб қўядиган одатим бор. Бугун ҳам шундай бўлди. Салқин, ҳамда ер ҳиди уфурган ёқимли ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиб турган пайтим хонага тўсатдан ҳамкасбим кириб келди ва менга юзланиб деди:

– Бугун сиз навбатчи адвокатмисиз?!

– Ҳа, шундай.

– Ички ишлардан қўнғироқ қилишди, уларнинг идорасига бориб, бир жиноят ишида иштирок этишингиз, гумон қилинувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашингиз керак экан.

“Хўп”, дедим. Ҳужжатларимни йиғиштирдим-да, ўзимга керак қоғозларни олиб, идорамиздан унча узоқ бўлмаган, ички ишлар биносига бордим. Иш тафсилотларига қизиқиб, тезда мени чақиртирган терговчининг хонасига кирдим: гумонланувчи жабрланувчининг уриб қўлини синдирган ва бошқа жойларига ҳам шикаст етказган экан. Ажабланарлиси шундаки, жабр­ланувчи ўз ўғли томонидан ана шундай аянчи аҳволга солинган эди.

Кеча оқшом туман касалхонасига жабрланувчи Гулмира она оғир аҳволда олиб келинган, у танасида сон-саноқсиз лат ейишлар ва қўл-билак суягининг очиқ синиши каби жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган экан. Жабрланувчи ҳеч нарса демаган. Бироқ, қўшниси Ахмад ака ўз кўрсатмаларида жабрланувчи қўшниси экани, жабрланувчининг ўғли Ворис доим ичиб келиши ва онасини уриб калтаклаши, олдинлари ҳам бир неча маротаба бу ҳолат такрорлангани ҳақида кўрсатма берган. Кеча тунда бақир-чақирдан сўнг қўшнисининг уйи­га кирган Ахмад ака онасини аямай ураётган Ворисни кўриб, уни тўхтатмоқчи бўлган. Аммо унинг уринишлари фойда бермагач ИИБ ходимларини чақирган. У Вориснинг ваҳший харакатлари мунтазам такрорланиши, бироқ онаси ҳеч вақт ва ҳеч кимга шикоят қилмасдан келаётганлигини билдириб ўтган экан.

Ворисга дарҳол жиноят иши қўзғатилиб, жиноий ҳаракатини давом эттирмаслиги учун ушланганини ва йигирма тўрт соат ичида адвокат билан таъминланиши зарурлиги сабабли мени навбатчи адвокат тариқасида унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чақиртиришганини билдим.

Тафсилотларни билгач, терговчига ҳимоя остига олинувчи шахс билан учрашиш истагимни билдирдим, шунингдек, жабрланувчи билан ҳам учрашмоқ­чилигимни, уни қаердан топишим мумкинлигини сўрадим. Терговчи менга жабрланувчининг касалхонадан топишим мумкинлигини айтди.

ИИБ ходими Ворисни хонага олиб кирган пайтда жиноят иши билан яна бир бор танишаётган эдим. У ўттиз тўрт ёшда, оилали. Аммо доим ичиб келиб жанжал қилганлиги сабаб турмуш ўртоғи фарзандлари билан кетиб қолган, ўзи эса онаси билан яшаб келаётган экан. Отаси анча йиллар аввал вафот қилган.

Мен терговчига Ворис билан алоҳида – адвокатлар хонасида гаплашиб олмоқчилигимни айтдим ва терговчи рухсат бергач, соқчи Ворисни адвокатлар хонасига олиб борди ва иккимизни ёлғиз қолдирди.

Столда қарама-қарши ўтирган Ворисни кузатарканман, ундан келаётган ароқ ҳиди бошқа ҳидлар аралашиб димоғимга урилди ва кўнглим беҳузур бўлиб, ўрнимдан турдим.

– Мен сизнинг ҳимоячингиз – адвокат Хакимовман, истасангиз мени Алишер ака деб чақиришингиз мумкин.

– Мени қачон қўйиб юборишади, нега ушлаб ўтири­шиб­ди?

Вориснинг биринчи берган саволи шу бўлди. Бундан қанча ажабланмай, тилимга келган гапни айтиб юбордим:

– Онангизни соғлигини сўрасангиз яхши бўлармиди.

– Онамга ҳеч нима қилмайди, бу олдин ҳам бўлган, бироқ онам шикоят қилмаган, иш ёпилиб кетган...

Қанчалик ҳайратланмай, ҳимоям остидаги шахсга вазиятни тушунтиришга уриндим:

– Агар жароҳатлар енгил ёки ўртача бўлса, жабрланувчи шикоят қилмаса, жиноят иши қўзғатилмайди. Бироқ қўл суягининг очиқ синдирилиши, бу оғир жиноят! Онангиз шикоят қилмаса ҳам барибир жиноят иши қўзғатилади. Иш судга ошади, ҳаммаси судда ҳал бўлади...

– Тўхтанг, нима онам шикоят қиляптиларми?

– Йўқ, сиз нима сабабдан онангизни урдингиз? – дея сўрадим ўзимни босишга уриниб. Аммо у жавоб берган сари ғазабим ортиб борарди.

 – Қаердан биламан, кеча ўртоқларим билан ўтириб зиёфат қилдик, сўнг уйга маст бўлиб келдим, онам бир нималар деб минғиллаган бўлса керак...

Вориснинг саволларимга бераётган жавобларидан, қаршимда одам эмас, бир махлуқ ўтирганлигини ҳис қилдим, “Наҳотки шундайларни ер кўтарса? Одам ҳам ўз онасини шу аҳволга соладими?” Миямда ғужғон ўйнаётган саволларга жавоб топа олмадим.

Шундан сўнг Ворис билан терговчининг хонасига кирдик, сўроқ жараёни бошланди. Деразадан қарасам ҳалигина тинган ёмғир яна шаррос қуймоқда. Бундай манзарадан бебаҳра қолмаслик учун терговчидан хонанинг деразасини очишга рухсат беришини сўрадим. У рози бўлгач, даразани очиб, панжарасидан ташқарига қарадим. Хонага кирган ёқимли ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларканман, ИИБ биноси олдида бир аёлнинг бечораҳол аҳволда турганлигини кўрдим: кўринишидан аёл ёмғирда қолганлигини ҳам унутиб, кимнидир илҳақ кутаётганлигини билиш қийин эмасди.

– Шу вақтда терговчининг хизмат хонасидаги телефони жиринглади. Терговчи гўшакни кўтариб ким биландир гаплашди-да:

– Жабрланувчи касалхонадан чиқиб кетибди. Қаерга кетиши мумкин, аҳволи яхши бўлмаса... – дея менга савол назари билан қаради. Миямга урилган фикрдан шошиб ташқарига чиқдим.

Ташқарига чиққанимда ҳалиги аёл бир қўлида сумка кўтарганча турар, бир қўли гипс қилинган боғлам эса қон ва сув аралашиб, қизил тусга кирганди. Худди бу аёлнинг қўли боғланган матодан қон оқаётгандек эди, гўё.

Онажон, тинчликми, кимнинг олдига келдингиз? – дедим.

– Ўғлимни кўришга келган эдим!

– Ўғлингиз ким? Нима қилган? – дедим... ўзим ўйла­ётган жавобни айтмаслигига умид қилиб.

– Ўғлим Рашидов Ворисбек. Кеча жанжаллашган экан, шунга қамаб қўйишибди.

– Мен ўғлингизни адвокати бўламан, унинг қилган ҳаракатларидан хабардорман.

– ...

–Қаранг, қўлингиз жароҳатланган экан. Касалхонага боришингиз керак, бу соғлигингизга зиён етказади – дедим, ноқулай вазиятдан қутулиш учун, аёлнинг боғланган қўлига ишора қилиб.

– Ўғлимни бир кўрармиканман, деган умид билан қараб турган эдим, - деди онахон ва боғланган қўлини менга кўрсатмаслик учун орқасига яширишга уринди.

–Уни (негадир ўғлингиз дейишга тилим бормади), албатта, кўрсатишади, бунга ҳаққингиз бор. Бироқ, ёмғирда туриш соғлингиз учун зиён. Юринг, ичкарига кирамиз, – дедим шалаббо бўлган кийимларимни кўрсатиб.

–Йўқ-йўқ, ичкарига кирсам, касалхонага олиб кетишади. Олдин ўғлимни бир кўрай, у кечадан бери ҳеч нарса емади, унга иссиқ сомса олиб келган эдим, шуни ўғлимга беринг, илтимос.

Мен ноилож онаизорнинг қўлидан пакетни олдим ва “бораверинг” дегандек ишора қилиб, жойимда тош қотдим. Шўрлик она орқасига қараб-қараб, ноилож кетди. Ичкарига кирган вақтимда кўзимдан беихтиёр чиққан ёш, юзимдаги оқаётган ёмғир сувларига қўшилиб оқар эди... 

Text to speech