Сўнги совға
Ҳамма одамлар ўз ота-оналарига меҳр қўйса, ёши катталарни ҳурмат қилсагина Осмон остида
осойишталик ҳукм суради.
Менг Зи
Кампири вафот қилгандан сўнг Болтабой ота ўзини олдириб қўйди. Олдин набиралари билан ҳазиллашиб, кулишиб юрадиган чол энди ўзгарди-қолди. Бунинг устига ёлғиз ўғлининг эътиборсизлиги ва келинининг кесатиб гапиришлари чолнинг юрак бағрини янада эзарди. Кампири вафот қилди-ю, бу уйни ушлаб турган ягона устун қулагандек бўлди, гўё. Болтабой ота бир ҳафтадан бери ювиш учун ташлаб қўйган кийимларига қўл теккизилмаганлигини кўриб:
– Болам, вақтингиз бўлса, кийимларни ювиб берсангиз, – деди сериал томоша қилиб ўтирган келинига.
– Ота, сал нарсага ҳам кийимларингизни ташлайверасизми? Нима, сизни кийимингизни ювишдан бошқа ишим йўқми?! Кейин ювиб берарман-да ўша кийимларингизни! – деди келин ва бошқа гапим йўқ дегандек телевизорга тикилиб ўтираверди.
Ота ташқарига чиқиб ўғли Акбар мотоциклини у ёқ-бу ёғини ковлаётганини кўрди. Ўғлини бир жойга кетишга тараддудланаётганлигини кўриб:
– Ўғлим, мотоциклингни олди чироғи ёнмайди. Кечқурун ҳаракатланаётганингда сенга бирор кор-ҳол бўлмасин, деб қўрқаман, – деди.
– Дада кўриб юрибсиз-ку, бир йилдан бери ёнмаган чироқ билан тунда ҳам юрибман. Мен уста бўлиб кетганман, кўзимни юмиб ҳам бошқара оламан, бу матоҳни.
– Кўза кундамас, кунида синади, деган гап бор, ўғлим. Аллоҳим сақланганни сақлайди.
– Дада, ҳозир бошим оғриб турибди, қўйинг...
Отасининг яна нимадир демоқчидай, ёнидан кетмай турганлигини кўрган Акбар:
– Ўзи бир нима демоқчимисиз? – деди.
– Шу... ўғлим, менинг нафақамдан озгина пул керак эди.
– Нимага, нима керак бўлса олиб беряпмиз-ку?!
– Шу зарурда, ўғлим...
– Бўпти, келингизга айтаман, керагини беради.
Болтабой ота, кампири вафотидан сўнг ўғлининг гапи билан нафақасини олиш ваколатини Акбарга ишонч хати орқали берганидан афсус қилди. Бир марта нафақасини берган ўғли, қолган ойдаги нафақаларини бермайдиган бўлди. Бунинг устига дўстлари билан маишат қилар ва маст ҳолда мотоциклни бошқарарди. Шуларни ўйлаб эзилган ота, келинининг тўнғиллаб берган пулини олди.
Тушлик вақтида бир ўзи ўтирган отанинг олдига келини чой билан кеча ёки олдинги кундан қолиб кетган овқатни иситиб қўйди. Отахон оч бўлгани учун бир-икки қошиқ ичди-ю, айниганроқ таъмни сезиб, овқатдан қўлини олди. Кампирининг меҳрибонлик билан тайёрлаган овқатларини эслади. Шу вақтда саккиз ёшдаги кенжа набираси Лазизбек бобосининг олдига эркаланиб келди.
Лазизбек бобосининг олдида косада турган овқатни кўриб ҳарон бўлди:
– Бобожон, сиз нега кабоб емадингиз?
– Нима, кабоб дейсанми?
– Ҳа, дадам бериб юборган экан. Мен, ойим, акам хонада ўтириб едик. Онам ҳалиям еб ўтирибди, мен эса тўйдим. Сизга ҳам олиб чиқиб берайми?
– Йўқ, йўқ, болам, керакмас, мен кабобни ёмон кўраман. Тишим йўқ, чайнай олмайман... – деди отахон ютиниб.
Тушликдан сўнг Болтабой ота кампирини қабрини зиёрат қилиш ва гўрков Тошмат билан учрашиш учун уйдан чиқиб кетди.
* * *
Акбар уйдан чиқиб кетганидан сўнг тўғри улфатларини ёнига борди ва улар билан биргаликда дарё бўйида балиқ тутиб, ҳордиқ чиқаришга келишди. Хотинининг “Мен ҳам бошқаларнинг хотинларига ўхшаб кабоб емоқчиман!” дея қилган дийдиёси эсига тушди ва танишларидан кабоб бериб юборди. Дўстлар дарё бўйида зиёфат уюштириб, бўккунча ичкилик ичишди. Кун ботаётганда эса улфатлар тарқалишди. Оёғида зўрға турган Акбарни кўрган Анвар:
– Дўстим, сен мотоциклни ташлаб, машинамда кетақол, мотоциклнинг устига шох-шабба ташлаб, беркитиб турамиз, эртага олиб кетамиз – деди.
– Нима сизнинг машинангиз зўр-у, бизни мотоцикл бир пулга қиммат экан-да, ташлаб кетадиган!
– Бирор кор-ҳолга учрамагин деяпман, ахир оёғингда зўрға турибсан.
– Менга меҳрибончилигинг керак эмас!
Шу тариқа Акбар мотоциклига ўтириб, уйи томонга ҳаракатлана бошлади. Боши гаранг, кўз олди эса худди телевизорда тасвир титраётгандек эди. У доим ичиб мотоциклида уйга келганидан сўнг эртаси куни қандай қилиб келганини эслай олмас, бироқ маст бўлса ҳам манзилига етиб келганидан ўзини “тенгсиз” ҳисобларди.
Акбар катта асфальт йўлдан қишлоғининг тупроқ йўлига бурилганида қоронғу тушиб бўлган, мотоциклнинг чироғи ёнмаганлиги сабаб эркак ўз ички ишончига суяниб харакатланаётганди. Шу пайт мотоцикл нимагадир қаттиқ урилди. Амаллаб бошқарувни ушлаб қолган Акбар тўхтаб, орқасига қайрилди. У ердан қандайдир инграган овоз чиқаётганди.
“Нима қилиб қўйдим, бирорта итни уриб кетдиммикан, йўқ у одам!..”
Эркак овоз чиқаётган томонга бироз яқинлашди. Шунда йўл чеккасида бир одамнинг ётганини ва у зўрға қимирлаётганини кўрди. Аввал бу одамга ёрдам бермоқчи бўлди, бироқ маст ҳолда одам қоқиб юборганини ва хаёлига келган бошқа фикрлардан қўрқиб, тезда мотоциклига қараб чопди.
* * *
Эрталаб боши оғриб турган Акбар кечаги воқеа эсига тушди-ю, зудлик билан мотоциклнинг ёнига борди. Мотоциклни текшириб, из йўқлигини кўрди ва ҳар эҳтимолга қарши чангини артиб чиқди.
Акбар мотоциклнинг атрофида парвона бўлиб юрган маҳал хотини:
– Дадаси, уйимизга ички ишлар ходимлари келишди, сизни чақиришяпти, – деб қолди.
Акбар тош қотди. У ҳозир нима бўлишини, нима қилишини билмасди. Бироқ ўзини босиб олди ва ички ишлар ходимларининг қаршисига чиқди.
– Мен профилактика инспектори, майор Реимовман, ёнимдаги эксперт Кулумбетов бўлади.
– Хўш хизмат, ўртоқ майор?
– Кеча тунда шу қишлоқнинг йўлида, катта асфальтга яқин жойда бир одамнинг мотоциклда уриб кетишган ва ўша одам кўп қон йўқотиши натижаси вафот этган. Сизда ҳам мотоцикл бор экан.
Акбар оёқлари титраётганини сезар, улар сезиб қолмасин деб, ўзини у-бу ишни қилаётганга солиб, пастда ётган нарсаларни тартибга келтира бошлади.
– Тушунмадим, мендан гумон қиляпсизларми?
– Биз қишлоқда мотоцикли бор шахсларнинг рўйхатини олгандик, рухсат берсангиз, уни кўрмоқчи эдик. Ҳодиса жойида мотоцикл чироғи тушиб қолган, шуни текширишимиз керак, сизнинг мотоциклингизни чироғи жойидами?
Акбар уларнинг қўлидаги мотоцикл чироғини кўрди-да, ўзини енгил ҳис қилди, ахир мотоциклнинг чироғи жойида эди-да!
Эксперт мотоциклни текширди. Акбарга бир-иккита саволларни берди ва ёнидагига мотоциклнинг чироғи алмаштирилмаганлигини айтди. Бироқ, мотоциклнинг шикастланган жойлари кўплиги ва эски эканлиги учун махсус текширувдан ўтиши учун ИИБга олиб бориш лозимлигини таъкидлади.
Ички ишлар ходимлари кетди. Акбар ҳеч нарсага тушунмаётганди.
“Нима бўлди ўзи кеча, ўша одамни уриб кетдимми ёки бошқа мотоцикл уриб кетган бўлса, мен ётган одамни босиб ўтдимми?”, деган саволларига жавоб топа олмай хуноб бўлди.
Шу вақтда дарвозадан гўрков Тошмат ака кириб келди ва отасини сўради.
– Ҳа, уйда бўлса керак. Нима гап, тинчликми?
– Кеча ёнимга келганди, ўзига гўр қаздириш учун. Шу десанг, пулини бериб ҳисоблашиб кетганди. Шу гўр ўрнини қазиб қўйганлигимни айтмоқчи эдим.
Шу вақтда уларнинг ёнига келган хотини:
– Отам хонасида йўқ экан, бир жойга чиқиб кетган бўлса керак, – деди.
– Бобом кеча кетганича уйга келмади, – деди шу ерда ўйнаб юрган ўғли Лазизбек.
Акбар хотинига қараганди, хотини ҳам елкасини қисди ва ошхона томонга ўтиб кетди.
– Кеча Болтабой ота менинг ёнимга келди ва тушига раҳматли кампири кираётганлигини айтди. Кампири “Ўғлимнинг мотоцикли чироғи ёнмаяпти, сиз қарасангиз бўлади-ку. Яхшиси қийналиб юрмай менинг ёнимга келинг” деган экан. Шунинг учун менга гўр қаздириш учун пул берганди. Ҳа, майли дадангизга менинг келганлигимни айтиб қўярсиз.
– Хўп.
Уйдан чиқиб кетаётган Тошмат ака Лазизбекка қарадида, бир нима эсига тушиб кетгандай, Акбарга юзланди:
– Кеча мен Болтабой отани қабристондан эски буюмлар сотиладиган бозорчага олиб боргандим. Сўнг ишини битириб чиққач, бирга ортга қайтдик. Келаётганимизда отангиз катта аслфальт йўлининг қишлоққа кирувчи жойида машинадан тушиб қолди. “Уйингизга элитиб қўяман” десам унамади. Пиёда кетаман деди...
– Нималар деяпсиз, дадам эски буюмлар сотиладиган бозорчада нима қилади?!
– Сизга совға олиб чиққан эди.
– Қанақа совға, нима олган эди? – деди таажжубланиб, Акбар.
– Мотоцикл чироғини...