Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Терговни билимдонлар олиб боради. Юракдан ҳис этиб…

Шаҳзод (воқеа иштирокчиларининг исмлари ўзгартирилди) киракашлик билан шуғулланарди. У таниш-билишларининг ишончига кириб, дардини айтиб раҳмини келтириб, сўнг чув туширишни ўзига касб қилиб олди. Аниқроғи, ота-онасига ёлғиз ўғил эканлиги, уларни даволатиш учун кредит олиши лозимлигини айтади. Аммо ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномасиз буни қилолмаётганидан нолиб, ёрдам сўрайди.

Танишларидан Достон унга ачиниб, ўз номига кредит олиб беришга рози бўлади. Шаҳзод кредитни ўзи тўлашига уни ишонтиради. Аммо Достоннинг номига расмийлаштирилган 15 миллион сўмни қўлга киритган кундан бошлаб қорасини ҳам кўрсатмай кетади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Амира исмли аёл билан танишади. Уни ҳам чўпчакларига ишонтириб, банкдан кредит олиб беришга кўндиради. Амира Шаҳзод билан бирга банкка бориб, маиший техника сотиб олиш учун 20 миллион сўм кредит олмоқчи эканлигини маълум қилади. Юрган йўлида қилвирликни касб қилган Шаҳзод унинг номига олинган пулни олиб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборади. Амира эса банкдан қарздорлик хати келганидан сўнггина алданганини тушуниб етади.

Шундан кейин Достон ҳам, Амира ҳам Кармана тумани ИИБга мурожаат этишади. Уларнинг шикояти асосида Шаҳзоднинг устидан жиноят иши очилади. Мазкур иш юзасидан дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи терговчиси, майор Лазиз Каримовга топширилади.

У ҳолатни ҳар томонлама чуқур ўрганди. Шаҳзоднинг айбдор ёки аксинча айбсиз эканлигини исботлаш учун далил-исботлар тўплай бошлади. Дастлаб Шаҳзоднинг шахсига оид маълумотлар билан танишди. Шунингдек, унинг яқин танишлари, маҳалладошлари билан суҳбатлашди. Улар орасида Шаҳзоднинг алдовларига учиб номига кредит олиб берганлар қаторида ҳушёр бўлиб унинг илтимосини рад қилганлар ҳам бор эди. Натижада жабрланувчиларнинг кўргазмаси тўғри эканлигига ишонч ҳосил қилди.

Хуллас, зукко терговчи дастлабки тергов ҳаракатларини ҳар томонлама пухта олиб бориб, жиноят ишини айблов хулосаси билан якунлаб, судга оширди. Шаҳзод фирибгарлик жинояти содир этгани учун тегишли жазосини олди — суд ҳукмига кўра 4 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

- Мен ҳар доим юритувимдаги жиноят ишининг ортида инсонларнинг тақдири ётганлигини юракдан ҳис қиламан, ёдимда тутаман. Шу боисдан тергов жараёнида холис бўлиш, адолатли қарор қабул қилишни бурчим деб ҳисоблайман, — дейди майор Лазиз Каримов.

Лавҳамиз қаҳрамони туман аҳолиси ўртасида олиб бориладиган тарғибот ишларида ҳам фаол. Хусусан, жиноий ҳолатлар бўйича маҳалла, ташкилот ва таълим муассасаларида бўлиб ўтадиган муҳокамаларда тез-тез иштирок этади.

Маҳлиё ХОЛОВА, ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.

Text to speech