ТИРИШҚОҚ ТЕРГОВЧИ
Асроржон Некбоев 1995 йили Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган. 2018 йил Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясини тугатган. Хизмат фаолиятини Ғиждувон тумани ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлимида терговчи лавозимида бошлаган.
Ҳар бир жиноятга ҳуқуқий баҳо беришда тергов жараёни муҳим аҳамиятга эга. Чунки инсон тақдири биргина ноўрин хатти-ҳаракат билан барбод бўлиши мумкин. Катта лейтенант А. Некбоев ўз фаолияти давомида бунга қатъий амал қилиб келяпти. Қолаверса, устозлари – подполковник Ғ. Одилов ва майор У. Юсуповлар дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бораётганда эътиборсизликка йўл қўймасликни доимо эслатиб туришади. Шу боис ҳам лавҳамиз қаҳрамони ёш бўлсада, меҳр қўйган касбига ва зиммасидаги вазифаларга масъулият билан ёндашиб, содир этилаётган жиноятларни қисқа фурсатларда фош этишда ва холисона ҳуқуқий баҳо беришда устозларининг маслаҳатини ёдида тутиб, самарали хизмат қилмоқда.
Шу ўринда унинг фаолиятидан бир мисол келтирсак.
2021 йил 4 апрель куни тумандаги Тошлоқ маҳалласида яшовчи M.H. турмуш ўртоғи N.F. билан айтишиб қолади. Машмаша жанжалга айланиб, M.H. аёлини аёвсиз калтаклайди. Натижада аёлнинг аҳволи оғирлашиб, шифохонага ётқизилади. Аммо аёл фарзандларини ўйлабми, ҳарқалай, тилини тиймаганлиги учун таъзирини еганлигини яширади, даъвосидан ҳам воз кечади. Судга оид тиббий экспертиза хулосаси эса ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жинояти содир этилганлигини кўрсатиб турарди. Катта лейтенант А. Некбоев ана шу ҳолатни исботлаб берди.
Барча соҳавий хизматлар ходимлари қатори, терговчилар ҳам жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашда фаол иштирок этишмоқда. Хусусан, ўтган ойлар давомида 70 тага яқин жиноят ишларини тергов қилган катта лейтенант А. Некбоев айблов хулосалари ва далолатномаларини суд муҳокамасига юборди. Шундан бештасига ярашув тартиби қўлланилди. Бошқаларидан эса етказилган моддий зарарлар ундирилди.
Катта лейтенант А. Некбоевнинг самарали хизмат фаолияти ИИВ ва бошқарма раҳбарияти томонидан ижобий баҳоланиб келмоқда. У ўтган йил якуни бўйича Ички ишлар вазирининг қўл соати билан тақдирланди. Яқинда ярим йиллик якуни бўйича вилоят миқёсида “Энг яхши терговчи” деб топилди. Тилагимиз уни ёшлик ғайрати, шижоати ҳеч қачон тарк этмасин.
Мирзоқул АҲАДОВ,
«Постда» мухбири.
Бухоро вилояти.