Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

ТОВЛАМАЧИ

 Жазо эмас, жиноят шармандалик.

И.Гердер

 

Қимматхон ёши қирқдан ўтиб қолган бўлса-да, пардоз-андозни канда қилмайдиган, кўйлагининг этаги ҳамон тиззадан тушмаган сатанг аёл. Қип-қизил бўялган лаблари узоқдан кўзга ташланади. Юзига қарасангиз, беўхшов пардозидан таъбингиз хира бўлади. Бирор кимса бу аёлнинг пардозсиз юзини кўрмаган бўлса керак.

Қимматхон йўлга чиқиб, машиналарга қўл кўтарди. Ёнгинасида тўхтаган оқ рангли “Ласетти”нинг эшигини очиб, ҳайдовчидан сўради:

– Беруний туманига кетасизми?

– Берунийга.

– Мени ҳам олиб кетинг.

– Майли, ўтиринг.

Қимматхон машинанинг олд ўриндиғига ўтириб, ҳайдовчига разм солди. Яхши кийинган, эллик ёшлардаги бу эркакнинг кўзлари ўйнаб турганини кўриб, осон ўлжа бўлиши мумкинлигини ўйлади. Уни яхшироқ билиб олиш учун гапга солди:

 – Мен бировнинг иккинчи хотини эдим. Лекин иккинчи хотин бўлиш менга ёқмади, шунинг учун уни ташлаб кетдим.

 – Бошқа одамга турмушга чиқсангиз бўлади-ку.

Қимматхон ҳиринглади:

 – Сизга ўхшаган яхши одамлар учрамади-да.

 Қимматхон негадир дарё ёқасига элтувчи овлоқ йўлни кўрсатди, ҳайдовчи ҳайрон бўлганича машинани ўша томон ҳайдади. Кимсасиз жойларни кўрган ҳайдовчи:

– Сизни айнан қаерга ташлаб ўтишим керак? – деб сўради.

 – Хоҳлаган жойингизга! – Қимматхон шундай дея кафтини ҳайдовчининг тиззасига қўйди.

 Ҳайдовчи ялт этиб Қимматхонга қаради, бироқ унинг кафтини тиззасидан олиб ташламади. Қим­матхон вазиятдан фойдаланиб, бир қўли билан машина салонидаги буюмлар қутисини очди ва ичидаги ҳамённи олди. Воқеанинг қолган қисми кўз очиб юмгунча содир бўлди. Қимматхон ҳамённи титкилади, ичида анчагина сўм ва уч юз АҚШ доллари борлигини кўриб, кўзлари қувнаб кетди. Уч юз долларни шоша-пиша сийнабандига тиқди:

– Акажон, бу менга совғангиз бўлади. Раҳмат сизга!

Ҳайдовчи дастлаб нима бўлаётганини англамади. Сўнг:

– Синглим, ҳазиллашманг! Пулларимни жойига қў­йинг! – деди каловланиб.

Кейин Қимматхоннинг пулни қайтариш нияти йўқ­ли­ги­ни сезди шекилли, машинани тўхтатди.

Ҳазил аралаш суҳбатдан бошланган тортишув даҳа­наки жангга айланди. Бир пайт Қимматхон кўйла­гининг ёқасини қаттиқ тортди. Ўз сочини ўзи юлиб, ўзини-ўзи муштлаб, овозининг борича додлай бошлади:

 – Ёрдам беринглар! Мени зўрлашмоқчи. Ким бор?

– Синглим, менга туҳмат қилманг. Пулимни қайта­ринг.

Қимматхоннинг чинқириғи авжига чиқди:

– Сени қаматаман, билдингми! Ҳали кўрасан. Менинг танишларим кўп, қилган ишинг учун жавоб берасан ҳали!

 – Ахир, сизга ҳеч нарса қилмадим-ку?

 – Қани кимга ишонишар экан. Кийимимни йиртдинг, мени урдинг. Буёғини экспертиза ҳал қилади. Зўрлашга ҳаракат қилганинг учун қамаласан, хотинингни олдига бориб жанжал ҳам кўтараман, шарманда бўласан. Қани, милицияга ҳайда машинани!

Қимматхоннинг ўзига бу қадар ишонишидан таажжубланган ҳайдовчи, машина қаршисида иккита одам турганини кўрди. Аёл зумда машинадан тушди-ю, уввос солганича уларнинг ёнига югурди. Ҳайдовчини бармоғи билан кўрсатиб:

– Менга шилқимлик қилди, зўрламоқчи бўлди. Ёрдам беринглар, қутқаринглар мени! – деб ялинди ва ўша одамларнинг орқасига ўтиб олди.

Улар эса ҳайдовчининг ёнига келишди. Бирови унга дашном берди:

– Ака, уялмайсизми? Ёшингизга қаранг!

– Тўғри тушунинглар, мен у аёлга ҳеч нарса қилма­дим. Туҳмат қиляпти менга. Уйига ташлаб қўйишимни сўраб, машинамга ўтирган эди...

Шу пайт Қимматхон ҳайдовчининг гапини бўлди:

– Нималар деяпсан, ифлос! Менинг уйим туман мар­кази­да. Сен нега мени алдаб, машинани дарё бўйи­га ҳайдадинг? Машинани тўхтат, дедим. Машинадан сакрамоқчи бўлганимдагина тўхтатдинг. Кийимларимни йиртдинг, мени зўрламоқчи бўлдинг. Сенга қаршилик кўрсатаётганимда тилла зирагим ҳам тушиб қолди!

Қимматхоннинг охирги сўзлари ҳайдовчининг қулоғига кирмади. Унинг қаршисида аёл эмас, пешонасидан иккита шох ўсган, сўйлоқ тишларини чиқариб кулаётган иблис турганга ўхшарди. Қимматхон ҳар икки гувоҳнинг исми шарифи, манзили ва телефон рақамларини ёзиб олди. Бу аёлга бас кела олишига кўзи етмаган ҳайдовчи ноилож унга ялиниб, кечирим сўрашга тушди. Анча ялинишлардан кейин Қимматхон келишувга рози бўлди. “Зўрлашга уринган” ҳайдовчидан ўн миллион сўм беришини талаб қилди. Йиртилган кийимлар ва йўқолган зиракнинг пули ҳам ҳисобланди. Ҳайдовчи энди ҳеч қачон машинасига аёлларни миндирмасликка қасам ичганича, Қимматхоннинг талабларини бажарди...

Шу тарзда мўмайгина пулни қўлга киритган Қиммат­хон янги ўлжалар излашга тушди. “Ов”и бир эмас, бир неча марта бароридан келди.

Бир гал навбатдаги ўлжасининг машинасига ўтирар экан, ҳайдовчига разм солиб қаради. Ўттиз беш ёшлардаги кўркам йигит навбатдаги ажойиб ўлжаси бўлиши мумкинлигини ўйлаб, айёрона илжайди. Бир оз юрганларидан сўнг йигит машинани АЁҚШ ёнида тўхтатди ва ёқилғи қуйиши кераклигини айтди. Сўнг машинанинг буюмлар қутисидан ҳамёнини олиб, ичидаги пулларни санай бошлади. Пулни кўрган Қимматхоннинг кўзлари ёнди. Ҳайдовчи Қимматхонга йўл-йўлакай катта тадбиркор эканлигини, тўрт-бешта дўкони борлиги ва хориждан маҳсулот олиб келиб сотишини айтганди.

Бирдан машина тўхтади. Машинадан тушган Қимматхон кўчани бошига кўтариб ёрдам сўрай бошлади. Бу орада орқадан бир машина келиб тўхтади. Машинадаги йўловчилардан бири Қимматхондан:

– Опа, тинчликми? Нима бўлди сизга? – деб сўради.

– Мана бу йигит мени зўрламоқчи бўлди, – деди Қимматхон йиғлаб.

– Кечирасизлар, бир дақиқа. Мен бу опа билан гап­лашиб олай, илтимос.

Ҳайдовчининг овозини эшитган Қимматхон сергак тортди, машинадаги одамлар қараб турганини кўриб, дадиллашди:

– Гаплашсам гаплашавераман! Сендан қўрқарми­дим?

Сўнг ҳайдовчи йигит билан йўл четига чиқди. “Нима гапинг бор”, дегандай унга кўзларини лўқ қилиб қаради.

– Опа, илтимос, менга туҳмат қилманг! Бу менинг шаънимга тўғри келмайди. Сизга нима ёмонлик қилдим, ахир? Мендан нима истайсиз?

 – Гапни қисқа қил! Тақдиринг менинг қўлимда. Истасам, сени қаматиб юбораман!

– Опа, ҳаддингиздан ошяпсиз!

– Сени кечиришим учун ўн минг доллар берасан!

– Опа, менда унча пул йўқ. Ёнимда минг доллар бор, шуни олинг.

Ҳайдовчи ҳамёнидаги бор пулни олиб, секин Қимматхонга узатди. Машинадаги одамлар ўзаро суҳбатлашиб турганини кўрган Қимматхон пулларни одатдагича сийнабандига яширди.

– Қолган тўққиз минг долларни қачон берасан?

– Сизга бунча пул топиб беролмайман.

– Унда қаматтираман сени!

Бирдан уч аёл ва икки эркак пайдо бўлди. Аёллардан бири милиция формасида эди. Ўзини терговчи деб таништирган ёши каттароқ киши, Қимматхон минг АҚШ доллари олган ҳайдовчини кўрсатиб, деди:

– Бу йигит бизнинг тезкор вакилимиз, капитан Бобур Авезов. Сизни анчадан буён кузатиб юрганди. Сиз ўтирган машинага яширин камералар ўрнатилган. Капитан бўлган воқеани, сизнинг ҳамма гапларингизни ёзиб олган.

Кейин формали аёлга ишора қилди:

– Манави ходимамиз эса холислар гувоҳлигида сиз сийнабандингизга яширган ва экспертлар томонидан кукун билан ишлов берилган пулларни ашёвий далил сифатида олади.

“Ов”и юришмаган Қимматхон бир терговчига, бир ҳайдовчига қаради, нима қилишни, нима дейишни билмай бўшашиб туриб қолди.

 

 

Text to speech