Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

 ЛЎЛИ

 Жиноятчи баъзан жазодан қутулиб қолиши мумкин, аммо жазо даҳшатидан қутулолмайди.

Сенека

Кампирнинг бисотида биттагина сигири ва янги туғилган бузоғи бўлиб, кундан-кун бузоқчанинг катта бўлаётганини кўриб хурсанд бўларди. Челакдан сув ичаётган ҳўкизини силаб, “Ҳа, жонивор, тезроқ семирсанг сени сотсам, ўғлимнинг тўйига катта ёрдам бўлади” деб ўйлаб, молхона ва томорқа юмушларини бажарди. Тушлик қилиб ўтирганда уй эшиги очилиб, бир аёл бош суқди. У лўлилар шевасида:

– Эски-тускилар оламиз, соч бўлса оламиз, ўрнига пластмасса буюмлар берамиз.

– Бундай нарсалар менда йўқ.

– Унда нон беринг, садақа радди бало.

– Мана, олиб олинг, – деб кампир дастурхондан бир дона нон олиб узатди, лўли аёл эса эшикдан кириб кампир ёнига келди ва унинг қўлидан нонни олиб, халтаси жойлади, қўлидаги пластмассадан ишланган, қумғон ва бошқа буюмларни пастга қўйиб, кампирнинг ёнига ўтирди:

– Иби опоси, сизни уйингизда ғам бор, келинг, сизга фол очаман.

– Мендай қарияда қандай ғам бўлиши мумкин, чолим ўлганига анча бўлди, уйда бир ўзимман, фол керакмас.

– Йўқ-йўқ, сизни уйингизда ғам бор, узоқда юрган яқинингиз касал, унда ғам бор, агар буни олдини олмасангиз охири ёмон.

Кампир телевизор устидаги ўғлининг Москва шаҳ­ри­да бинолар олдида кулиб турган расмига ялт этиб қаради. Яқиндагина қўшнисининг ўғли Россияда вафот қилиб, мурдасини олиб келинганди. Бирданига вафот қилган ёш йигитни эслади-ю ичидан зил кетди. Лўли аёл эса расмга тикилиб ўйланиб қолган кампирга разм солдида, телевизор устидаги расмни кўздан кечирди ва паст товуш билан деди:

– Опа мен сизга ёрдам берай, ғамингизни олай, кеч бўлмасидан ёрдам берай...

Лўли аёлнинг сўнгги гаплари кампирнинг қулоқ­ларига кирмади. Нуқул кўзига Россиядан ўғлининг мурдаси тобутда келаётгандай туюлаверди ва лўли аёлнинг “Пул олиб чиқинг, дам солиб ўғлингизга келган балони даф қилиб бераман”, дегани учун ёнидан ўн минг сўм пулни олиб, лўли аёлга тутқазди. Лўли эса пулни кўрди-да қўли билан кампирнинг қўлини итариб:

– Опа бу пул бўлмайди, ўғлингизни қўллари теккан, ўзи юборган пулларини беринг, мен уларга дам солиб, яна ўзингизга қайтариб бераман ва ўғлингизга келаётган балои-қазо бартараф бўлади.

Кампир ўғлининг соғлигини ўйларкан, ҳозир уни ҳаётини сақлаб қолиш учун барча нарсага тайёр эди ва ётоқхонасига кириб, сандиқ қулфини очиб ичидаги матолар ва келинига атаб қўйган рўмол ҳамда бошқа нарсаларни бир четга олиб, сандиқ тагидан доллар пулларни олди. Бу пулларни ўғли Россиядан ишлаб юбориб турган. Ўғлини уйлантириш ҳамда уйни томига шифер олиши керак эди. Қирқ ёшга бориб қолган ўғли ҳали уйланмаган, чолидан эрта ажралгач фарзандини уйлантиришга қурби етмаган, ўғли ҳам уйланишга рўйхушлик бермаган эди. Охири пул топиш мақсадида Россияда бир ярим йилдан бери ишлаб юрибди. Кампир сандиқдан бор пули, яъни беш минг АҚШ долларини берди. Лўли пулларни оқ қоғозга ўради ва бир дақиқа бир нималарни пичирлади. Лўли дастурхондан нон олиб беришни айтди. Кампир дастурхондан нон олиб лўлига узатди, лўли эса нон билан қоғозни бирга ушлаб, яна нималарнидир пичирлади ва нонни кампирга узатди. Лўли қоғозни ушлаб айлантириб, бир нималарни пичирлашда давом этди. Шундан сўнг кампирнинг қўлига қоғозни тутқазди ва ғайри оддий овозда кампирга:

– Буни уч кунгача очманг, дуо таъсири уч кунда амалга ошади, сўнг очишингиз мумкин. Энди сиз менга кўнглингиздан чиққан пулни беринг.

Кампир оғир бир дарддан халос бўлгандай хурсанд бўлиб, лўлини рози қилиш учун ўттиз минг сўм пул берди.

– Юринг пулни қаерга қандай қўйишни айтаман, – деди ва кампир билан ётоқхонага кирди, кампирга пул турган қоғозни сандиқнинг энг пастки қисмининг, ўнг томонига қўйишни айтиб, сўнг сандиқ ёпилгандан сўнг яна алланималарни пичирлаб ўқиди.

Лўли кетганидан сўнг кампир безовта бўла бошлади, сандиқ атрофидан кетолмади. Ахир пулларга ўғлимнинг қўли тегмаган-ку, у Москвадан банкка солади, туманимиздаги банк эса ўзидан шу миқдордаги пулларни беради деб ўйлади. Кўнгли алланечук бўлди-да, секин сандиқни очди ва сандиқнинг тагидан пул ўралган қоғозни олди. Қоғозни бармоқлари билан сиқиб кўрган эди, ичида пул турган экан. Пулни яна сандиқнинг ичига солди. Бироқ, нимадир уни пул олиб санаб кўриш ва текширишга ундади. Шундан сўнг сандиқ ичидан қоғозни олди-да, ичини очди. Қоғоз ичда пул ўрнига, қоғоз қийқимларини кўрди-ю боши айланиб жойида ўтириб қолди. Шундан сўнг кампир ўрнидан шаҳд билан туриб, тезлик билан кўчага чиқди. Лўли аёлни излади. Лўли эса аллқачон кетиб бўлганди...

Text to speech