Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

ҚУЛОҚЧИН

Ҳеч нарса тасодифан содир бўлмайди.

Биз тасодиф деб атайдиган ҳамма

нарсанинг ўз сабаби бор.

Аристотель

 

Мен мусиқа эшитишни жуда ёқтираман. Мактабни тугатаётганимда дадам менга сўнги русумдаги телефон совға қилди. Унинг хотирасига кўп мусиқалар ўтказиб олдимки, уларни эшитиб тугатиш учун умринг етмаса керак. Эрталабдан қулоғимга қулоқчинларни тақиб оламан-да, севган мусиқаларимни эшитиб, хиргойи қилиб юраман. Бугун қулоғимга қулоқчинни тақиб, мусиқа эшитганча ишларни қилиб юрганимда, онамнинг менга қараб қўлларини силтаб, бир нималар деяётганлигини кўриб, қулоғимдан қулоқчинни олдим.

– ...гур ўлдирдинг-ку одамни.

– Нима дедингиз, ойижон? – дедим ойимнинг нима деганини эшитмаганим учун.

– Қачон ташлайсан қулоғингдан бу матоҳни? Кар бўлиб қоласан. Дўстинг Бобур ҳам қулоғига тақиб олгани-тақиб олган, бир нима десанг “нима дедингиз?” дейди, – деди ойим жиғибийрон бўлиб.

– Бўлди, бўлди ойижон! – дедим. Ойим яна нимадир деди, бироқ эшитмай қолдим.

– А, нима дейсиз?

– Ана, сенинг ҳам қулоғинг оғирлашяпти – деди онам, – менга бер узиб ташлайман. Онам жаҳл билан менинг қўлимдан қулоқчинни тортиб олиш учун кела бошлади.

– Бўлди, бошқа тақмайман! – дедим ва қулоқчинлар­ни чўнтагимга солиб қўйдим.

Кечқурун дастурхонга йиғилиб овқатланишга ўтирган эдик. Шу пайт телевизордан “Саломатлик сирлари” деган кўрсатув эфирга қўйилаётган эди, дастлаб эътибор бермаган эканман, қулоқ касалликлари ҳақида гапиришаётган экан. Шифокор қўлидаги узунчоқ таёқча билан расмдаги қулоқнинг ички томонларини кўрсатиб туриб, бир нималарни гапираётган эди. Эътибор бермай ўтирган эдим, бироқ шифокорнинг “оддий сўзлашув ўттиз-ўттиз беш децибелга тенг, қичқириш эса олтмиш-олтмиш беш децибелни ташкил қилади. Тўқсон ва ундан юқори децибелга эга товушлар қулоқ учун хавфли саналади, агар фарзандингиз мобиль телефондан мусиқа эшитса у бир юз ўн ва ундан юқори децибелдаги товушни қабул қилади ва бу эса эшитишга жиддий салбий таъсир қилади...”, деб гапираётган гапларини эшитдим-у, қўлимга қандай пультни олиб бошқа каналга ўзгартирганимни билмай қолдим. Ойим дастурхонга келиб улгурмаганди.

– Хайрият, ойим эшитмади! – деб пичирлаб қўйдим.

– Нима, ҳамма менинг мусиқа эшитишимга қарши­ми?! Қаерга қарасанг шуни гапиришади, – деб ўйлаб қолдим. Пайшанба куни эрталаб ойим:

– Маҳаллада мажлис бор, шунга ўзинг қатнашиб кел ўғлим – деди.

– Бориш шартми ойижон?

–Биз ҳам шу маҳалладанмиз. Албатта боришимиз керак. Зарур нарсаларни айтишади. Мен ўзим борардим, бироқ даданг келгунича унинг “топшириқ”ларини бажаришим керак.

Ноилож маҳалла идорасига қараб кетдим. Мажлис залида дўстим Бобурни ҳам учратдим. Уни ҳам отаси юборган экан. Мажлис бошланай деяпти-ю, у ҳалиям қулоғига қулоқчин тақиб мусиқа эшитяпти. Иккаламиз бирга ўтирдик. Атрофимиздаги одамларнинг танбеҳидан сўнг, Бобур қулоқчинини олиб қўйди.

Минбарга чиқиб гапиришяпти – бир тингладим, бир эътибор бермадим. Учрашувда бир қизнинг бадантарбия қилиш учун эрталаб югуриб кетаётиб, қулоғида қулоқчин билан мусиқа эшитиб юрганлиги сабабли йўлда машинанинг товушини эшитмаганлиги, машина эса уни уриб юбориши натижасида ҳаётдан кўз юмганлигини, сўнг эса яна бир мактаб ўқувчисининг йўлни кесиб ўтаётганда қулоғида қулоқчин тақиб олганлиги сабабли юқоридагидек, салбий аҳволга тушганлигини мисол қилиб гапириб берди. Кўчаларда ҳамда бошқада жамоат жойларида қулоқчинни тақиб юришимиз, нафақат соғлигимизга зиён, шунингдек жавобгарликка тортилиб, жарима тўлашимиз тўғрисида гапиришди.

– Эшитдингми! – деб Бобурга қарадим. У эса ухлаётган экан. Бобурни туртиб уйғотдим:

– Эшит, зарур гапларни айтишяпти! – дедим.

Мажлис тугади. Қулоғимга қулоқчинни тақдим. Бобур ҳам аллақачон қулоқчинни тақиб олганича велосипедини миниб кетиб бораётган эди.

                                                        

* * *

Бир куни маҳалламиз одамлари билан фермернинг ишларига ёрдам бериш учун ҳашарга бордик. Мен қулоқчинни тақиб олган эдим. Ёнимда Бобур ҳам бор эди, бироқ орадан бир оз вақт ўтиб қарасам йўқ. Қаергадир кетганди.

Бир пайт бир одам биз томонга қараб югуриб келди ва шу ердаги катталарга бир нималарни гапира бошлади. Одамлар тўпланди ва бир иккитаси пахта даласига қараб югуриб кетишди. Қулоғимдан қулоқчинни олиб уларнинг ёнига бордим ва шу ердаги тенгқуримдан:

– Нима гап тинчликми? – деб сўрадим.

– Эй, нариги пахта даласида, бир бола ухлаб ётган экан, оёғидан трактор босиб кетибди. Уни олиб кетиш учун тез ёрдам чақиришди.

– Нима тракторни овозини эшитмаганми? – деди шу ердагилардан бири.

– Йўқ қулоғида қулоқчин бор экан, мусиқаси баланд бўлганлиги учун эшитмабди.

– Нима, наҳотки Бобур? – деб ўйладим ва ўша жойга чопдим.

Борсам одамлар тўпланган, Бобурни тез ёрдам машинасида олиб кетишмоқчи бўлишаётган экан. Бобурни ётган жойидан унинг кийимларини олишди, қулоқчини тушиб қолган экан, ердан қулоқчинни олиб, ўзига бераман деб, чўнтагимга солдим. Йўлда келарканман, телефонимга уланиб турган қулоқчиндан секин таралаётган мусиқа овозини эшитдим. Қулоқчинни узиб-узиб ерга ташладим...

 

Text to speech