Узр
Ким ёмонлик қилса ўзига қилади, у ёмонликнинг мукофоти ҳам ёмонлик бўлади.
Юсуф Хос Ҳожиб
Ўзимга тегишли бўлган “Нексия” автомобилимда ҳаракатланиб кетаётгандим. Орқа ўриндиқ томонидан секинлик билан “тиқир-тиқир” деган шовқин эшитиларди. Янги машинадан бундай шовқин эшитилса, одамнинг ғашига тегаркан. Дарров машинани тўхтатдим, орқа ўриндиқни кўтардим, шовқин чиқиши мумкин бўлган барча жойларни титкиладим, изладим, аммо шовқин манбаини аниқлай олмай роса хуноб бўлдим. Машина таъмирловчи таниш уста ҳузурига олиб бордим, у ҳам машинамни текшириб чиқди, бироқ шовқинни қаердан чиқаётганлигини аниқлай олмади.
– Уста бўлиб сен аниқлай олмасанг бошқа ким аниқлайди? – дедим аччиғим чиқиб.
– Биласанми, айрим машиналарда шундай бўлади. Машиналар шундай нуқсон билан келади.
– Нима мен шундай нуқсон учун пул тўладимми?
– Узр дўстим, менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди, – деди уста елкасини қисиб.
Устахонадан чиқиб, тўғри автомашинани сотиб олган савдо дўконига бордим. Кафолат мутахассисига учрагандим, у менга бошлиғининг ўринбосари билан учрашишимни айтди. Бошлиқ ўринбосарига учрашгандим, у менга бошлиғини рақамини берди. Бошлиққа қўнғироқ қилгандим, у менга компанияга учрашишим мумкинлигини, унинг қўлида ҳеч нарса келмаслигини айтди ва компания телефон рақамини берди. Оператор билан узоқ гаплашиб, ишим ижобий ҳал бўлмаслигини сездим.
Тушлик вақтида уйга бордим. Онам электр энергиясидан истеъмол қилганлигимиз бўйича, қарзимиз кўпайиб кетганлиги учун мажбурий ижро бўлими ходимлари келганлигини, қарзни тўлаб келишим шартлигини айтди. Тушликдан сўнг турмуш ўртоғим берган электр энергияси истеъмол дафтарчаси олдим. Шундан сўнг Тўрткўл тумани электр тармоқлари корхонасига йўл олдим. Негадир одам рулга ўтирганда телефонга гаплашиб ишларини ҳал қилгиси келаркан. Мен танишимга қўнғироқ қилдим:
– Машинамда шовқин бор, усталарга олиб бордим, фойдаси йўқ, шовқинни бартараф қилиб билишмас экан, таклифинг борми?
– Ҳозир шунақа нуқсонли машиналар кўп, сотиб юбориб бошқа машина ол!
– Қизиқмисан, оқ рангли бўлиши учун қанча кутиб олганман, билсан-ку оқ рангни яхши кўраман.
– Ўзинг биласан, унда Урганч шаҳрига олиб бор, қўли гул усталар кўп.
Тўсатдан пиёдалар йўлакчасидан бир бола югуриб чиқди-ю, уни уриб юбормаслик учун йўл чеккасига рулни буриб юбордим.
Ўзимга келган вақтимда тиббиёт бирлашмасида эканман. Йўлни кесиб ўтаётган болага ҳеч нарса қилмаган, менинг машинам эса ағдарилиб, пачоқ бўлган экан. Менинг қўлим ва қовурғам синган ва қимирлашга мадорим йўқ эди.
– Пиёдалар йўлакчасига яқинлашган вақтимда секинлашишим керак эди, бу лаънати телефонда гаплашмасам бўларкан! – деб ўзимни ўзим роса койидим.
* * *
Ниҳоят сал оёққа тургач, машинани тезроқ сотиш тараддудига тушдим. Танишларим орқали Урганч шаҳридаги қўли гул усталарни чақиртирдим. Улар машинани келиб кўришди, ҳамма жойини текширишди ва таъмирлаш учун қанча пул кетишини ҳисоблашди. Катта уста менга ҳисоб-китобни кўрсатди.
– Сизда иккита йўл бор! – деди катта уста
– Қанақа йўл.
– Биринчиси машинани тўлиқ таъмирлаб берамиз, иккинчиси машинани ўзимиз оламиз ва таъмирлаб яхши нархда сотамиз!
– Албатта иккинчисига розиман, – дедим хурсанд бўлиб.
– Бироқ, бунинг шартлари бор!
– Қандай шартлар экан?
– Биз сиздан машинани ҳозирги қийматида сотиб оламиз ва устига озгина пул қўшамиз, сиз эса бизга сотиш ҳуқуқи билан ишончнома берасиз.
– Бўлдими? – дедим.
– Йўқ, агар мижоз сиз билан боғланса биз айтган гапларни, мижозга айтасиз!
– Яъни...
– Биз машинани таъмирлаб, янгидай қиламиз ва йўл юрган ҳисоблагични орқага қайтариб, деярли “ноль” қиламиз. Мижозга машина янгилигини, эгасига пул зарур бўлганлиги учун сотмоқда деймиз. Агар мижоз сиз билан савдо жараёнида боғланса, сиз биз тайинлаган гапларни айтасиз!
– Майли, бироқ Сиздан илтимосим бор...
– Хўш айтинг!
Мен устага илтимосимни айтдим ва сўнг ўша келишув бўйича машинани сотиб юбордим.
Шундан сўнг жароҳатлардан тўлиқ тикланганимдан сўнг, автомашина сотиб олишга ҳаракат қила бошладим. Нексия автомашинасини яхши кўрганлигим учун, яна Нексия автомашинасини излай бошладим. Бир танишим Урганчга бориб, машина олиб келишимиз мумкинлигини айтди. Бироқ, ўзимнинг машинамни ўша томонга сотганлигим учун, негадир у ёқдан машина олишга юрагим бетламади. Ниҳоят суриштириб, Беруний туманида сотувга қўйилган Нексия автомашинаси борлигини эшитдим. Дўстим билан уч тўртта жойни кўрдим ва бир хонадондаги оқ рангли Нексия менга маъқул келди.
– Машинангиз урилмаганми?
– Нималар деяпсиз, янги машина ҳали тўрт минг километр юрган! Кобальт машина олмоқчиман, шунинг учун сотяпман!
– Учарлар кўпайиб кетган. Улар ўлаксахўрлар каби машиналарнинг йўл транспорт ҳодисасига учрашини кутишади, сўнг унинг эгасидан арзонга сотиб олиб, сўнг таъмирлаб, янги машинадек сотишади.
– Тўғри ростдан ҳам шундай одамлар кўпайиб кетган!
– Бундай ёлғончилар сабабли, одам машина олишга қўрқиб қоларкан, – дедим.
Ўзим ҳам ёлғон гапираётганлигим сабаблими ёки ўзимнинг сотган машинам эсимга тушибми, баданим қизиб кетди.
Ниҳоят машинани сотиб олдим, расмиятчилик учун икки кун кетди. Беруний туманидаги туманлараро давлат рақам белгиси бериш идорасидан, давлат рақам белгисини олдим. Тўрткўл туманига етиб келиб, маҳалламга келган вақтимда, кўчадаги бир уйнинг олдида одамлар мотам маросими учун тўпланиб турганлигини кўрдим ва машинамни мусиқасини ўчирдим. Шу вақтда орқа ўриндиқ томонидан секинлик билан “тиқир-тиқир” деган шовқин эшитила бошлади. Бунинг устига буюмлар қутисида ҳам шовқин бор эди.
– Нима бало ҳамма Нексия машиналарида шундай шовқин бўладими? – деб аччиқланиб рулга қўлим билан урдим.
Уйга борганимдан сўнг, дарров машинани орқа ўриндиғини кўтариб текширдим ва ҳамма жойни титкилай бошладим. Шундан сўнг машинанинг буюмлар қутисини ковлаштириб, буюмлар солишга мўлжалланган қутиси билан автомашинанинг олди ойнаси тагидаги ингичка оралиқда қоғоз ётганлигини кўриб, ушбу қоғозни тортиб олдим. Қарасам бизнинг уйнинг манзили кўрсатилган электр тармоқларига тегишли, электр энергияси истеъмол дафтарчаси экан. Ҳайрон қолиб турмуш ўртоғимни чақирдим.
– Машинага электр энергияси истеъмол дафтарчаси сен солиб қўйдингми?
– Йўқ.
– Электр энергияси истеъмол дафтарчаси қани унда?
– Уйда турибди-ку! – деди ва ётоқхонага кириб кетди, у ердан электр энергияси истеъмол дафтарчасини олиб чиқди.
Менинг қўлимдаги электр энергияси истеъмол дафтарчаси қараб:
– Бу ахир эски электр энергияси истеъмол дафтарчаси-ку! Буни йўл транспорт ҳодисасига учраган вақтингизда йўқотган эдик.
– Нима?! – дедим ҳайрон қолиб ва миямга келган фикрдан қўрқиб кетдим. Машинанинг транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига қарадим. Машинанинг кузов рақамидан билиш мумкин, бироқ менда эски машинамнинг транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси йўқлиги сабабли нима қилишни билмай ҳайрон бўлиб тургандим. Бирдан машинани таъмирлаб сотган вақтимда устага айтган илтимосим эсимга тушди.
Мен асбоб-анжомлар сумкасида ўзимга керак бўлган анжомни олиб, машинанинг ҳайдовчи томон эшигининг очдим ва унинг ички томонига қарадим. Унинг ички томонида машинам йўл транспорт ҳодисасига учраган вақтида, таъмирлаётган уста томонидан бўёқ билан, машинани олаётган эгасига ачиниб ярим ҳазил, ярим чин маънода, менинг илтимосимга кўра ёздирилган “узр” сўзи бор эди.
Муаллиф: Равшанбек Игамбердиев