Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

ВИЖДОН

Инсон хатти-ҳаракатлари унинг

фикрлари таржимонидир.

 Жон Локк

Дўстим Шоҳрух йигирма беш ёшларга борган озғин ва хушчақчақ йигит бўлиб, ўртоқлари уни “қўли гул уста” деб аташларини хуш кўради. Машина тузатишни ёшлигида акасидан ўрганиб, ҳозирда ўзи мустақил иш бошлаган. Бир куни эрталаб бузилган машинамни кўрсатиш учун унинг ёнига бордим. Шоҳрух машинамнинг у ер-бу ерини кўргач, менга:

– Машинанг тузалди, узоқроқ ҳайдаб синаб кўриши­миз керак, – деди.

– Майли, лекин машинанинг бензини деярли тугаган. Олдин бир АЁҚШга борайлиқ, машинага бензин қуйиб, кейин ҳайдаймиз. Йўлда кетаётган вақтимизда ўчиб қолмасин тағин, – дедим.

Шундан сўнг иккимиз менинг машинамга ўтириб, катта йўл ёқасида жойлашган АЁҚШга етиб бордик. Шу пайт олдимизда бензин қуяётган “Ласетти” машинасининг ҳайдовчиси кассага пул тўлаб, машинасини ўт олдирди. Шоҳрух машинадан тушиб кутиб турган эди. У ҳозиргина “Ласетти”дан бўшаган жойга яқинлашиб, ердан ниманидир олди. Бу вақтда мен ҳам кассага пул тўлаш учун машинадан тушган эдим. Шоҳрух “Ласетти” нинг ортидан:

– Ҳей, пулингиз тушди... – деганича қолиб кетди.

Бу вақтда “Ласетти” аллақачон катта йўлга чиқиб, тезликни ошириб кетиб қолганди.

– Нима бўлди? – дедим Шоҳрухнинг ёнига бориб.

У эса қўлида маҳкам сиқиб турган нарсасини чўнта­гига тиқди.

Шу пайт кассада ўтирган АЁҚШ ходими бизни чақириб қолди:

– Нима тушиб қолибди? Бу ёққа олиб келинглар-чи.

Шоҳрух менга қараб, секин пичирлади:

– Ҳалиги “Ласетти” машинасидан долларлар тушиб қолди. Нима қиламиз?

– Эгаси ортига қайтиб келиб сўраса керак. Кассирга бериб қўямиз. Эгаси келганида, унга топширади, – дедим мен.

– Нимага берар экаман? – Шоҳрух шундай дея ўйланиб туриб қолди.

Мен кассанинг юқори қисмида кузатув камераси борлигини пайқадим ва Шоҳрухга қараб:

– Қара, кузатув камераси бор экан, бошимиз балога қолмасин яна, – дедим.

Шоҳрух мен кўрсатган томонга қаради-да, секин менга эргашиб касса томон юрди. У чўнтагидаги пулларни чиқарди. Қизиқиб санаб кўрдик. Ўн саккизта юз долларлик – жами бир минг саккиз юз АҚШ доллари. Пуллар букланмасдан, бир текис тахланган, ўртасига энсизроқ қоғоз ва унинг устидан резинкали ип ўралган. Шоҳрух пулларни касса ходимига кўрсатар экан, гап бошлади:

– Мен виждонли кишиман, менга бировнинг пули керак эмас. Бу пуллар менда туради. Эгаси келса айтасиз, ўзим суюнчисини олиб бериб юбораман, – деди.

– Нега? – ажабланди кассир Шоҳрухнинг қўлидаги пулларга суқланиб қараб. – Нимага сенда турар экан? Бизни виждонсиз ё ўғри деб ўйлаяпсанми? Виждонинг бор экан, нега пулни чўнтагингга солдинг?

Бир зумда иккаласи ўзаро тортишиб кетишди.

– Шоҳрух, қўйсанг-чи. Нима қиласан бировнинг пулини? Яхшиси, кетамиз, – дедим.

У ноилож қолиб, пулни кассирга топширди, мен эса машинамга бензин қуйдим. Бу орада Шоҳрух ўзининг телефон рақамини кассирга ёзиб берди ва унинг ҳам телефон рақамини ёзиб олди. Шу пайт касса билан ичма-ич қурилган хонадан бир одам чиқиб келди. Бу одам АЁҚШнинг бошлиғи экан. У одам биз ва кассирга қараб:

– Нима шовқин? Нимадан норозисиз? – деб сўради.

Шоҳрух унга бўлган воқеани айтиб берди. Чунки кассирнинг “Ҳеч гап йўқ” дея ўзини сипо кўрсатиши унга ёқмаётган эди. Шоҳрух ўзининг виждонли одам эканлигини АЁҚШ бошлиғига ҳам такрорлади ва “суюнчи пули”дан умид қилишини билдирди. Бошлиқ кассир ва Шоҳрух билан гаплашиб бўлиб, кассирдан пулни олди. Сўнг Шоҳрухга қараб:

– Эгаси чиқса, ўзим айтаман. Сизлар бораверинглар, бу ишни ўзим ҳал қиламан, – деди ва ичкаридаги хонага кириб кетди.

Қайтиб келаётганимизда машинани синов учун ҳайдаб юрганлигимизни ҳам унутган эдик. Сабаби, Шоҳрухнинг гап-сўзларидан норозилиги сезилиб турарди.

У менга:

– Шунча пулни менга Худо берган эди. Пулнинг ёнига борган вақтимда телефонимни ташлаб юбориб, кейин пул билан қўшиб олиб, индамай қўйганимда ҳам ҳеч ким билмас эди. Агар видеокамера ёзиб олган тасвирда мени кўриб, “Нимага эгилдинг?” деб сўрашса, “Телефоним тушиб кетган эди, шуни олиш учун эгилган эдим”, – деб айтардим.

– Виждонли кишиман деётган эдинг-ку! – дедим.

Шоҳрух асабийлашди:

– Нима бўпти? Ахир, ўғирлаб олмадим-ку. Қараб тур, АЁҚШдагилар ҳам пулни эгасига қайтаришмайди, ўзларига олиб қолишади!

 Эртаси куни у ёнимга келиб, менга:

– Мен билан юр. Пулдан хабар олиб келамиз, мен суюнчи пулини олишим керак, улар қўнғироғимга жавоб беришмаяпти, – деди.

Гаплари менга ёқмади. Шунинг учун:

– Менга нима, ўзинг боравер, – дедим.

Шоҳрух бирга боришимни илтимос қилди:

– Сен бормасанг бўлмайди. Сен воқеага гувоҳсан. АЁҚШдагилар “Сендан пул олмадик”, дейишса, менга гувоҳлик қиласан.

АЁҚШга бордик. Шоҳрух аввал кассир, сўнг унинг бошлиғи билан тортишди. Ёнимга келганида, ундан нима бўлганлигини сўрадим.

– Машинанинг рақами кузатув камерасига тушмаган, у одам қайси вилоятдан эканлигини ҳам билмаймиз. Топилса, ўзимиз бериб юборамиз дейишди, – деди Шоҳрух ҳафсаласи пир бўлиб.

Шундай бўлса-да ўн кундан ортиқ ўша АЁҚШга қатнаб, улардан жавоб кутди, топиб олинган пулни қайтариб беришларини талаб қилди. Бу орада мижозлари машиналарининг таъмири кечикаётганидан, Шоҳрухнинг кўпинча ишни чала қолдириб кетиб қолишидан норози бўла бошлашди.

Орадан ўн беш кунлар ўтганидан сўнг Шоҳрухни учратиб қолдим. Туман Ички ишлар бўлимига кетаётганини айтди. АЁҚШнинг бошлиғи ва ходими устидан шикоят аризаси ёзиб берган экан. Бир минг саккиз юз АҚШ долларини Ички ишлар бўлими ходимлари баённома тузиб олишган ва пулнинг эгасини излашаётган экан.

– Эгаси топилдими-йўқми, шуни билиб келаман, – деди Шоҳрух.

Мен ҳам у билан бирга бордим ва ташқарида кутиб турдим. Шоҳрух Ички ишлар бўлимига кириб чиққанидан сўнг, менга:

– Ниҳоят пулнинг эгаси топилибди. Эртага келар экан, биз иккимиз ҳам боришимиз керак, – деди.

Эртаси куни яна Ички ишлар бўлимига бордик. АЁҚШ бошлиғи ва унинг ходими ҳам ўша ерда эди. Пулнинг эгаси пулни олиб кетмоқчилигини айтди. Ички ишлар бўлими ходими эса ундан пулда қандай белгилар борлигини сўради. Ўша одам пул ўралган қоғозга исмлар ва рақамлар ёзилганлигини айтди, буни АЁҚШ ходими ва Шоҳрух тасдиқлашди. Мен ҳам у кишини АЁҚШ ёнида кўргандим, пулнинг эгаси шу одам эканлигига ишончим комил эди. У бир минг саккиз юз АҚШ долларини олиб, ҳаммага раҳмат айтиб чиқиб кетаётганида, Шоҳрух жимгина қараб туролмади:

– Кечирасиз, мен виждонли кишиман. Сизнинг пулингизни топиб, унга тегмасдан қайтардим. Суюнчи пули бермайсизми?! – деди.

Ҳалиги одам бўш келмасдан:

– Мен ҳам виждонли одамман, бировнинг ҳаққи керак эмас менга. Уч-тўрт кундан кейин суюнчига қўчқорми, эллик ёки юз долларми бераман, – деганича чиқиб кетди.

Орадан олти ой ўтди. Шоҳрух ўша виждонли кишидан суюнчи пулини ундириш умидида ҳамон Ички ишлар бўлимига қатнаб турибди. Лекин у кишидан дарак йўқ. Шоҳрухга машина таъмирлатадиган мижозлар эса камайиб кетди...

 

Text to speech