Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

ИМКОНИЯТ

                                                                                                                                     Иккита жанжаллашаётган одамнинг

                                                                                                                                     қайси бири ақлли бўлса ўша айбдордир.

                                                                                                                                                                                         Гёте

Шокир “она сути оғзидан кетмаган гўдак” деб юрган Ўғлининг бу қилиғини эшитиб хуноб бўлди. Кеча дўстлари даврасида ўтириб, бир икки пиёла ароқ ичиб, маст бўлганида синфдош дўсти “Акбарнинг ўғли қиз олиб қочибди”, деб бошланган суҳбатга аралашиб. “ўғлини тарбияламаганда, тарбиялаганда отадан сўраб уйланарди” деб гапирган эди. Ўғлининг бу қилган иши, ҳеч кимга билдирмасдан, танимаган бир қиз билан қовушиб, уни ҳомиладор қилганлигини эшитиб, бундан дўстлари хабар топишини ўйлаб, даҳшатга тушди. Кўз олдида зиёфатларда дўстларининг қўлини бигиз қилиб, масхара қилаётганини ўйлади. Зиёфатда юрган вақтида қизнинг ота-онаси келиб жанжал кўтарганлиги, “Арз қилиб, ўғлини қаматтириб юборишини” айтиб таҳдид қилганлигини, аёлидан эшитиб, ўғлини излабди. Бироқ ўғли унинг жаҳлидан қўрқиб қочиб юргани сабабли қариндошлари ва танишларининг уйларидан излаб топмади. Уйига дарғазаб бўлиб келди:

– Ў, қани у ифлос ҳароминг, ҳали келмадими? – деди Шокир. Унинг бу овозидан гўё уй титрагандек бўлди.

– Йўқ... – деди, дарғазаб бўлиб турган эрига Хадича паст товушда.

– Ҳаммасига сен айбдорсан, ёлғиз бола, кўнглига қарайлик, ўксимасин дединг. Нима бўлди, нима қилди ўғлинг? Ҳаммасига сен жавоб берасан, тушингдингми?! – деди Шокир кўзлари косасидан чиққудек бўлиб.

Шу вақтга Шокирнинг қўл телефонига қўнғироқ келди укаси эканлигини кўриб, шоша-пиша жавоб берди.

– Ҳа, нима, топилдими?

Укасининг бир нималар деб минғиллаётганлиги ёқмасдан...

– Чайналмай гапирсанг-чи, у қаерда, ҳозир бораман кетиб қолмасин? – деб уйдан тез чиқиб кетди.

Шокир укасининг уйига машинасида етиб борганида, ўғлини профилактика инспектори Ички ишлар бўлимига олиб кетаётган экан.

– Қаерга олиб кетяпсизлар ўғлимни? – деди у профилактика инспекторига юзланиб.

Шокир Ўғлининг машинада ўтирганлигини кўриб унга ёвқараш қилди.

Ўғлингизни устидан шикоят тушган, уни Ички ишлар бўлимига терговчи ҳузурига олиб кетяпман, ўзингиз ҳам орқамиздан боришингиз мумкин, – деди Ички ишлар ходими.

Шокир Ички ишлар бўлимига бориб иккинчи қаватга чиқди, терговчи ариза билан шуғулланаётган экан. Терговчи унга “Сиз кутиб туринг, тергов олди текшириш ишларини олиб борайлик” деган сўзидан сўнг, кутиб ўтирди. Шу ерда ўтирган одамларга қарамади, гўё бу одамлар ҳам унинг устидан кулаётгандек туюлди. Орадан бир қанча вақт ўтиб, терговчи Шокир ва шу ерга йиғилганларни хонасига таклиф қилди.

 Шокир хонага кирганда маҳалла раисининг ҳам борлигини кўриб хайрон қолди, кутиб ўтирганларнинг ичида раис ҳам борлигига эътибор бермаган экан. Бундан бир неча ойлар олдин раис унга: “Ўғлингизга эътибор беринг, кечқурун кўп саёқ юрибди, хато қилиб қўймасин тағин” – деганди.

– “Раис, сиз маҳаллангизга қаранг, менинг ўғлим­гамас, ўғлимга ўзим қарайман” деб шартта унинг гапини кесиб олганди. Шокир шуни эслаб ичини ит тирнай бошлади. Унинг ўй-хаёллари терговчининг гапи билан бўлинди.

– Кечирасизлар, қиз ҳам ўн саккиз ёш, бола ҳам ўн саккиз ёш, иккаласи севишиб юришган экан. Тўғри, хато қилишибди, энди нима қилмоқчисизлар, – деди.

Биринчи бўлиб, қизнинг онаси гап бошлади:

– Мен нима ҳам дердим, эрим мазаси қочиб, уйдан чиқмай ётибди, “Бу шармандаликни қандай кўтараман, кўчада қандай юраман? Шу болага тегсин, тўй қилишсин деб айтди” шунга тўй қилишиб номимизга доғ туширмасдан келин қилишса, бас, – деди.

Терговчи раисга юзланиб:

– Сиз нима дейсиз, хунук оқибати олдини олишимиз керак!

– Энди ёшлар билан гаплашдим, улар бир-бирини севишар экан, иккаласи ҳам ўн саккиз ёшга тўлган. Қизимиз ҳам уч ойлик ҳомиладор экан. Қиз ёмонмас, оиласи ҳам яхши оилалардан...

Раиснинг сўнгги гаплари бўғзида қолди.

– Менга қаранг... – деб Шокир тўсатдан раиснинг гапини бўлиб, – сизлар менга насиҳат қилманглар, агар ўғлим сизларга керак бўлса, олинглар уни, менга тўй ҳам, келин ҳам керак эмас. Мен бу оилани танимайман, икки дунёда ҳам улар билан қуда бўлмайман. Сени қизингнинг қорнида уч ойлик бола мени ўғлимникими ёки бошқаники худо билади? Яхшиси, мени содда ўғлимни бошини айлантирган қизингни йиғиштир. Ўзига бошқа эр топсин?!

– Тўхтанг! – деди терговчи Шокирнинг гапларини бўлиб, – сиз ёшларга имконият беринг, – деди.

– Мана сизга имконият, ўғлимни олиб пишириб енглар, – деди Шокир ва жаҳл билан хонадан қилиб чиқди.

Шундан сўнг вазият ижобий ечилмагач, ҳамма уй уйига кетди, бироқ ёшларни қизнинг аммаси билан бирга кетди. Сабаби қизнинг отаси қизини уйига келишига қарши ва оқ қилганлигини айтган экан. Иккала ёш анча қийналишди, бир-бирини ташлаб кетмасликка ваъда беришган ҳамда бир-бирисиз яшай олмасликларини айтиб, аҳду-паймонлар қилишганди. Шокирнинг ўғли яқинда мактабни битирган, ҳеч қаерда ишламас эди. Шокир ўғли туғилганда исмини Алишер қўйган эди. Ўғлига барча шароитларни яратиб берди. Ҳали воя­га етмасдан туриб, машина ҳайдашни ўргатди, ўз машинасини бошқариб юришга рухсат берди, ҳатто ўғли тенгқурлари орасида ажралиб юрсин деб унга, “Спарк” машинасини ҳам олиб берди. Ўғлининг “қилиқларини” шўхликка йўйди, чаққон деб мақтаниб юрди. Бироқ унинг бу даражада “чаққон” бўлиб кетганлиги уни оғир аҳволга солиб қўйганди. Шокир ўғли билан Ички ишлар бўлимида учрашганидан сўнг, уни бошқа кўрмаганди. Бироқ уни кузатиб юрди, қариндошларига унинг аҳволидан хабар бериб туришни тайинлади, синглиси Жайронга ўғли билан гаплашиб учрашиб туришни ва қиздан совутиб, уйига олиб келишни топширганди.

 Алишер қизнинг онасининг қистови туфайли Ожиза билан шаръий никоҳдан ўтиб қўйди, кейинроқ тўйни ота-онаси ўтказиб беришига ўзи ҳам ишонарди. Алишер ва Ожиза Ички ишлар бўлимидан чиқишганидан сўнг дастлаб, қизнинг аммасини уйида икки ой яшашди, сўнг у ерда ортиқчалик қилишганидан сўнг бир ой қизнинг холасини уйида яшади. Сўнг уларнинг иккаласини Алишернинг аммаси ўзи билан олиб кетди. Қизнинг холаси ҳам уларга қаршилик қилмади, унга уйида икки текинтомоқни боқиш жонига текканди. Алишер аммасининг уйида Ожиза билан бир ой бирга яшади.

Тўсатдан бир куни Алишер Ожизага:

– Сен холангни уйида яшаб тур, мен уйимга кетаман, дадам билан учрашиб унга тушунтираман, дадам кечирганидан сўнг сени олиб кетаман ва тўй қиламиз, фарзандимизни уйда туғасан деди, – Алишер бироқ унинг кўзлари алланечук ёлғон гапираётгандек эди.

– Ростданми, мени ҳам олиб кетинг, дадажонимизнинг оёқларига йиқилиб, уйнинг чорбоғида ҳам ётишга розиман деб ёлворсам, мени ҳам уйингизга киритишар, – деди Ожиза Алишерга илтижоли боқиб.

Алишер узоқ бир нималарни унга тушунтирди ва охирида ўзи дадасини уйига кетди. Унинг аммаси эса қизни авраб-авраб, қизни қариндошларини уйига ташлаб келди. Алишер уйига келгандан отасининг сочларида оқлари кўпайганлигини пайқади, отаси унга шарт қўйди ва бу шартни икки ойдан сўнг амалга оширишини айтди. Алишер отасининг гапларига рози бўлди. Шокир сўнгги тўрт ойни оғир ўтказган уйидан фақат ишга чиққан ва зиёфат, маросимларга қатнашмаганди.

Ожиза икки ой катта холаси Наиманинг уйида яшади, у икки-уч кун Алишер билан телефонда гап­лашиб юрди, сўнг Алишернинг телефони рақами ўчирилганлигини кўрди. Алишер билан ҳар куни боғланишга уринди, бироқ ундан жавоб келмади, дугоналаридан айттириб ҳам юборди. Бир неча бор такси чақиртириб, Алишернинг уйининг ёнидан машинада ўтиб кўрди. Бир куни уни кўриб қолди, Алишер ҳам уни машинада ўтирганлигини кўрди, бироқ кўрмаганга олиб уйига кириб кетди. Ожизани туғруқ жараёни яқинлашиб қолган, нима қилишини билмасди. Дугонаси Интизор унга бир кундан сўнг Алишернинг тўйи эканлигини айтди. Буни эшитган Ожизанинг ранглари оқариб кетди, оғир аҳволга тушди, уни тез туғруқхонага олиб кетишди. Шу куни кечқурун унинг кўзи ёриди, ўғил фарзандли бўлди. Ожиза кимгадир нималарни айтишни истар, бироқ фақат йиғларди...

Эртаси кун Наима Шокир билан гаплашиш, унинг ўғил неварали бўлганини, касалхонадан келинини олиб кетишини илтимос қилишини ўйлаб, Шокирнинг уйига шошилиб борарди. Унинг ўй-хаёлларидан “ахир неварали бўлди, балки кўнгли юмшар” деган илиқ ўй-фикрлар ўтаётганди.

– Ана шу кўчага бурилсам, биринчи уй Шокир аканики – деб ўйлаб бораркан, кўчага бурилганда таниш уйнинг олдида одамлар тўпланиб турганлигини, улар мотам тутиб турганлигини кўриб ҳайрон қолди.

– Наҳотки Алишер жонига қасд қилган бўлса, – деб ичидан ўйлади ва шу томонга шошиб кетаётган аёлдан сўради:

– Нима бўлди, тинчликми?

– Шокир ака кеча кечқурун вафот қилди, бечора, эртага ўғли Алишернинг тўйи эди, кўролмай кетди, шўрлик, – деди аёл ўша уйга қараб юришда давом этаркан. Наимани қадамлари оғирлашди, у нима қилишини билмасди...

Text to speech