Ички ишлар вазирлиги ходимлари Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Киберфирибгарликка қарши кураш бўйича 1-Халқаро конференцияда иштирок этдилар
Жорий йилнинг 13-14 ноябрь кунлари Корея Миллий полиция агентлигида киберфирибгарликка қарши кураш бўйича 1-Халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 18 давлатидан, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Сингапур, Австралия ва Ўзбекистондан ташриф буюрган ҳуқуқ-тартибот идоралари, таълим муассасалари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Мазкур халқаро конференциянинг ўтказилиши бутун дунё ҳуқуқ-тартибот идораларида киберфирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг долзарблигидан далолат беради. Ташкил этилган Халқаро альянс орқали ушбу турдаги жиноятларга ўз вақтида таъсир кўрсатиш учун халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги ҳақида фикр билдирилди.
Халқаро конференциянинг кун тартибида "Трансчегаравий фирибгарлик - эски ўйиннинг янги қоидалари" мавзуси кенг муҳокама қилиниб, иштирокчи давлатларда киберфирибгарлик жиноятларига қарши курашнинг ҳозирги ҳолати, амалга оширилаётган ишлар, академик ва профессионал хусусий секторларнинг ҳаракатлари ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида фикр алмашилди.
Тадбир якунида киберфирибгарликка қарши кураш бўйича халқаро альянс тузиш ҳақида қарор қабул қилинди.
Муаллиф: Тергов департаменти ЎМИБ терговчиси
майор Э.А. Ахмадалиев
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти