Бир сайр қилиб келмоқчи бўлган йигитчалар
Тошкент шаҳри. 2022 йилнинг 07 февраль куни соат 06:43да Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, номаълум шахс Бектемир тумани Сувсоз даҳаси “Роҳат” МФЙ 47-уй олдидаги автотураргоҳда 65 ёшли Т.Р. ўзига тегишли бўлган “Nexia-1” русумли автомашинасини қаровсиз, эшиклари қулфланмаган ва калити ўт олдиргичда қолдирганлигидан фойдаланиб, автомашинани номаълум томонга олиб қочиб, ҳодиса жойидан яширинганлиги маълум бўлган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар натижасида, мазкур жиноятни вояга етмаган 12 ёшли Ш.Р. ва 16 ёшли Ф.Д.,лар содир этганликлари аниқланиб, олиб қочилган автомашина Бектемир тумани Оҳангарон шох кўчаси Чирчиқ дарёси устидаги автомашиналар ўтиш учун мўлжалланган кўприк устида турганлиги аниқланган.
Ҳолатга ойдинлик киритилганда, кўприк устида автомашинанинг ёқилғиси тугаб қолганлиги, ушбу ҳолатни сезган шоввозлар автомашинани ташлаб яширинмоқчи бўлган вақтида, мазкур ҳудудда хизмат вазифасини бажариб келаётган Патруль пост хизмати ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти