Олиб қочилган автомашинада сайр қилмоқчи бўлган йигитча ЙТҲга учради
Тошкент. 2020 йилнинг 07 ноябрь куни соат 11:00 дан соат 14:00 га қадар бўлган вақт оралиғида, номаълум шахс транспорт воситасини олиб қочиш мақсадида 27 ёшли Б.М. бошқариб келаётган ва 34 ёшли турмуш ўртоғи Д.М.га тегишли бўлган қора рангли “SPARK” русумли автоуловини Тошкент шаҳар Олмазор тумани Зарқайнар кўчасида жойлашган “А.Қодирий” номли истироҳат боғи ёнида қаровсиз қолдирилганидан фойдаланиб, автоуловнинг салонига ғайриқонуний равишда кириб, ўт олдириш тизимида турган калит билан автоуловни олиб қочиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Шундан сўнг номаълум шахс автомашинани бошқариб бораётиб, Юнусобод туманида «NEXIA» русумли автомашина билан тўқнашиб ЙТҲ содир қилган, «NEXIA» автомашинаси ҳайдовчиси билан “келишиб олиш” мақсадида уни кейинроқ учрашиб зарарни қоплаб беришга ишонтириб, автомашина “ бардачогида” бўлган ҳамда транспорт воситасининг эгасига тегишли автоуловнинг техник паспортини бериб юборган. ИИО ходимларидан яшириниш мақсадида автомашинанинг давлат рақамларини ечиб олиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Бироқ ички ишлар органлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари ва ЙТҲ содир бўлган камераларда қайд қилинган видеоёзувлар ёрдамида ушбу фуқаро 21 ёшли муқаддам судланган М.А.лиги аниқланган
Қоидабузар фуқарони ушлаш чоралари кўрилганда, М.А. олиб қочилган автомашинани ўз истиқомат қиладиган кўп қаватли уйларнинг олдида ташлаб, уй юмушлари билан шуғулланиб юрганлиги аниқланиб, процессуал тарзда ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Олмазор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, М.А. айбланувчи тариқасида жиноят ишида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти