Калтаклангани учун дўконини ёқиб юбориб қасдини олди
Тошкент шаҳри. 2021 йилнинг 14 февраль куни соат 19:00 ларда Чилонзор тумани Гулистон мавзеси ТХАЙ кўчасида “гумма” сотувчи Ёдгор А., гумма сотиш учун мўлжалланган столини йиғиштириб, аравага ортаётган вақтида, унга илгари тан жароҳати етказиб, ҳақорат қилган Саиджон С., Жавоҳир Т., билан “Lacetti” русумли автомашинасида келиб, Ёдгор А.,ни тўхтатишган вақтида, у ушбу автомашинани олд ва икки олд эшиклари ойналарини аравада бўлган стол оёғи билан уриб синдириб, ушбу стол оёғи билан Саиджон С.,га ҳам тан жароҳати етказган. Ушбу жанжалга Ёдгор А.,нинг қариндоши Баҳодир К., ҳам қўшилиб, қўлидаги темир қувур (труба) билан Саиджон С.,га тан жароҳати етказган.
Ушбу жанжалдан сўнг, 2021 йилнинг 15 февраль куни соат 04:50 да, Саиджон С., ва Жавоҳир Т., лар қасд олиш мақсадида, Баҳодир К.,га тегишли укаси Комил К.,нинг номида бўлган Зангиота тумани Эшонгузар қўрғони ҳудудидаги “Ҳалима ҳожи она” мебеллар дўконига қасддан ўт қўйиб, жами 500 млн., сўм миқдорида моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинганлар. Натижада, ушбу мебеллар дўконига туташган “Grant Builder” МЧЖнинг сотув маркази биносининг бир қисмига ҳам ёнғин ўтиб, 100 млн., сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Саиджон С., ва Жавоҳир Т.,ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида, Саиджон С., ва Жавохир Т.,лар жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан "қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Ёдгор А., ва Баҳодир К.,ларга нисбатан эса Чилонзор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “Б,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ёдгор А., ва Баҳодир К.,лар ҳам жиноят ишида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти