Пичоқбозликка олиб келган усталар ўртасидаги жанжал
Тошкент вилояти. 2022 йил 8 сентябрь куни соат 13:30 ларда Тошкент вилояти Янгийўл тумани Қўшёғоч кўчасида яшовчи 29 ёшли А.А., ўзига олдиндан таниш бўлган Бекобод шаҳрида яшовчи 45 ёшли Х.Д. билан Янгийўл тумани Самарқанд кўчасида жойлашган уйнинг ҳовлисида таъмирлаш ишлари олиб бора туриб, ўрталарида келиб чиққан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолишиб, жанжал вақтида Х.Д. қўлидаги ошхона пичоғи билан А.А.ни ўнг томони ён кўкрак қафаси соҳасига санчиб, тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.
Натижада А.А. олган жароҳати билан Янгийўл шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида Х.Д. шу куннинг ўзида ушланиб, унга нисбатан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Муаллиф: Тергов департаменти УМИБ терговчиси
подполковник С.С. Ширбачеев
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти