Сирдарёда маст холдаги эркак олиб қочилган автомашинада ариққа тушиб кетди
Сирдарё вилояти. 2023 йил 13 май куни 38 ёшли М.Ф. Сирдарё тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида жорий йилнинг 12 май куни соат 18:00ларда ўзига тегишли бўлган оқ рангли “NEXIA-3” русумли автомашинасида ўзининг таниши 39 ёшли А.Ж билан бирга Сирдарё туманида жойлашган чойхонага бориб, у ерда бирга спиртли ичимликлар истеъмол қилганларидан сўнг чойхонадан чиқиб, автомашинасида “Буюк-турон” кўчасида жойлашган танишининг хонадонига бориб, у ерда маст ҳолатда ухлаб қолиб, кечаси соат 04:00ларда уйқудан уйғониб, кўчага уй олдига қўйиб қўйган “NEXIA-3” русумли автомашинасини номаълум шахслар олиб қочиб кетилганлигини маълум қилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ишлар натижасида, мазкур жиноятни жабрланувчининг таниши 39 ёшли А.Ж. унинг хонадонида маст холда ухлаб қолганлигидан фойдаланиб, шимининг чўнтагидан автомашинанинг калитини олиб, айланиб келиш мақсадида транспорт воситасини олиб қочиб, кейинчалик эса маст ҳолда бўлганлиги сабабли бошқарувни эплай олмай автомашинада бетон ариққа тушиб, йўл транспорт ҳодисаси содир этганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Ж.га нисбатан Сирдарё туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Жиноят кодексининг нормаларига кўра, жиноятни содир этган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Муаллиф: Тергов департаменти катта терговчиси
майор Б.З.Хамдамов
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти