
Самарқандда хонадондан 120 млн. сўмлик тилла-тақинчоқлар ўғирланди
Самарқанд вилояти. Жорий йилнинг 11 март куни Самарқанд шаҳар “Обод Маскан” маҳалласида яшовчи 41-ёшли фуқаро М.Н., Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ “102” қисқа рақамига мурожаат қилиб, ўз аризасида шу куни унинг яшаш уйига 08:00дан 13:00 гачага бўлган вақт оралиғида номаълум шахс калит танлаш йўли билан ғайриқонуний равишда кириб, уйнинг ётоқхонасида ўзига тегишли бўлган жами баҳоси 120 млн. сўмга тенг бўлган 15 турдаги тилла-тақинчоқларни яширин равишда талон-торож қилганлигини маълум қилиб, номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни ва етказилган моддий зарарни қоплашда амалий ёрдам беришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида, ушбу ўғирликни жабрланувчининг вояга етмаган 17-ёшли қизи С.Р. содир этганлиги аниқланиб, ундан ўғирлик йўли билан қўлга киритиб, сўнгра сотиб юборилган тилла-тақинчоқлардан олинган пул маблағлари унинг дугонасининг уйида сақланаётганлиги маълум бўлиб, 1.300 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар тегишли тартибда холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Дастлабки тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Респубикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти