Маиший техника буюмларини алдов йўли билан қўлга киритган фирибгар
Тошкент вилояти. 33 ёшли Н.Ж. ва бошқалар, Бўка тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, унда 2019 йилнинг декабрь ва 2020 йилнинг январь ойлари давомида, Бўка туманида яшовчи, 34 ёшли Г.Ч., уларни алдаш йўли билан ишончларига кириб, Олмалиқ шахрида жойлашган “Кредит азия” номли дўкондан, пулларини бўлиб тўлаш шарти билан Н.Ж. ва бошқаларнинг номларига жами 134.166.846 сўмлик турли хилдаги маиший техника буюмларини олиб, ҳозирги кунга келиб Г.Ч., олган нарсаларини пулларини тўламасдан келаётганлигини маълум қилиб, ушбу ҳолат юзасидан унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бўка туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.Ч.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, фирибгарлик жинояти қурбони бўлишингизни олдини олиш мақсадида, маҳсулот харид қилишда расмий дилерлар ёки расмий савдо офислари харид қилишингизни тавсия қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти