Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

18 май - Халқаро музейлар куни

1977 йилдан буён дунёда анъанавий тарзда 18 май “Халқаро музейлар куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу ҳақда “Халқаро музейлар маслаҳати” (International Council of Museums, ICOM) ташкилотининг 1977 йилдаги йиғилишида қарор қабул қилинган. Ҳар йили ушбу байрам музейлар фаолиятига бағишланган ўзининг маълум бир мавзусига эга бўлади. 

Музейлар бу аждодларимиздан бизга мерос бўлган бойликни келажак авлодга етказиб берадиган илмий, маънавий-маърифий хазина бўлиб, у йиллар давомида бойиб, тўлиб боради.

Музейлар фақатгина маданий қадриятлар намойишигина бўлиб қолмасдан, улар бизни ўтмиш саёҳатига чорловчи йўлчи юлдуз ҳамдир. Ўзбекистон музейлари эса 130 йиллик тарихга эга. Мамлакат миқёсида мунтазам фаолият юритаётган 1200 дан зиёд турли йўналиш ва соҳа музейлари ташриф буюрувчиларни мамнун қилиб келмоқда. Музейлар маънан бойиб, мунтазам кенгайиб боради. Шу боисдан ҳар бир давлат тараққиёт сари одимлар экан, доимо тарихга назар ташлаб, мавжуд урф-одатлар, анъаналар ҳамда қадимий ёдгорликларни ўрганишга ва сақлашга интилиши табиий. Бу борада эса музейларнинг ўрни беқиёс. Чунки улар узоқ ўтмиш мерос бўлиб келаётган маданият, маърифат, табиат ёдгорликларининг яхлит тизимга солинган йиғиндиси бўлиб, амалдаги қонун-қоидага мувофиқ сақланади ва намойиш қилинади.

Пандемия шароитида бу йилги “Халқаро музейлар куни” ноодатий тарзда бошқача руҳда ўтмоқда, бироқ “Халқаро музейлар ассосацияси” ташкилоти шу сабабдан, ўзларининг ташриф буюрувчиларига музей экспонатлари билан онлайн тарзда танишиш имконияти яратиб бермоқда.

Дарҳақиқат, музейлар маънавий ва маърифий илм ўчоғи сифатида доим тараққиётда, ривожланиш ва ўзгаришда. Уларни бойитиб бориш, бой меъморий обидаларни келажак авлодларга етказиш, асраб-авайлаш ҳар биримиздан алоҳида масъулият талаб этади.

Text to speech