Йилнинг энг яхши терговчиси ва тергов жамоаси
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг қуйи тизимларида хизмат қилаётган суриштирувчи ва терговчилар ўртасида ўтказилган “Энг яхши терговчи” ва “Энг яхши тергов жамоаси” номинациялари бўйича кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиблари аниқланди!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2021 йил 24 августдаги 539-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг жорий йил 4 сентябрдаги Фармойишига асосан, Тергов департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида “Энг яхши терговчи” ва “Энг яхши тергов жамоаси” номинациялари бўйича кўрик-танлов ўтказилиши белгиланган.
Ушбу кўрик танлов Ички ишлар органлари тергов бўлинмалари шахсий таркибининг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш, уларнинг билим савиясини ошириш, хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарликларини кучайтириш, амалий кўникмаларни эгаллаганликларини аниқлаш мақсадида ташкил қилинган.
Кўрик танловнинг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритиб, биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган ходимлар танловнинг Республика босқичида ўзаро ва ҳудудий бўлинмалар ўртасида беллашишди.
Республика босқичида иштирокчилар жами 5 та шарт бўйича баҳслашдилар:
- жисмоний тайёргарлик бўйича (турникда тортилиш, 100 метр масофага югуриш, 3000 метр масофага югуриш);
- жанговар тайёргарлик бўйича (пистолетни тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш ҳамда қуролдан ўқ отиш)
- интеллектуал ва индивидуал психологик хусусиятларни аниқлашга қаратилган тест синовлари;
- билим даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари;
- иштирокчиларнинг назарий билимларини суҳбат ўтказиш йўли билан баҳолаш.
Сўнги шартда ходимларнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларини амалиётда қўллаш, Олий суд Пленумининг қарорлари, бошқа меъёрий ҳужжатлар, ички ишлар органлари фаолиятига алоқадор халқаро ҳуқуқий нормалар, дастлабки тергов жараёнида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, иш фаолиятида қонунчиликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар бўйича ходимларнинг билим савияси баҳоланди.
Муросасиз ва қизиқарли кечган баҳслар якунида иштирокчилар ўртасида энг яхшилари аниқланиб, қўйидаги эсдалик совғалар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди:
“Энг яхши тергов жамоаси”номинациясининг республика финал босқичида:
3-ўринни қўлга киритганлиги учун:
-Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жамоаси
- III даражали диплом, моноблок, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 14 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган (14 млн. сўм) пул билан,
2-ўринни қўлга киритганлиги учун:
-Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жамоаси
-II даражали диплом, моноблок, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 16 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган
(16 млн. сўм)пул билан,
Фахрли 1-ўринни қўлга киритганлиги учун:
-Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси жамоаси
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 баравари миқдорида бир йўла тўланадиган (20 млн.) пул билан.
“Энг яхши терговчи” номинациясининг республика финал босқичида:
3-ўринни қўлга киритганлиги учун:
-Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи терговчиси, лейтенант Садиков Жамшид Давронбек ўғли
- III даражали диплом, ҳар ойлик пул таъминотининг 10 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул (12 млн. сўм) мукофоти билан,
2-ўринни қўлга киритганлиги учун:
-Сурхондарё вилояти Денов тумани ИИБ тергов бўлими терговчиси катта лейтенант Мардонов Шохрух Олимжон ўғли
-II даражали диплом, ҳар ойлик пул таъминотининг 20 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган пул (24 млн. сўм) мукофоти билан,
Фахрли 1-ўринни қўлга киритганлиги учун:
- Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси терговчиси лейтенант Рейипназаров Тимур Туелбаевич
- I даражали диплом, ҳар ойлик пул таъминотининг 50 фоизи миқдорида бир йил давомида тўланадиган (60 млн. сўм) пул мукофоти билан тақдирландилар.
Шунингдек, кўрик-танловда фаол иштироки ҳамда уни ташкиллаштиришда фаол иштироки учун Вазир ўринбосарининг фахрий ёрлиғи билан бир қатор ходимлар тақдирландилар.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти