Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Табиатни муҳофаза қилишда Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига зарур ваколатлар берилмоқда

Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида “Экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган ушбу Қонун билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар ва Миллий гвардия органларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ички ишлар ва Миллий гвардия органларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 7 та моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тегишлилиги белгиланмоқда.

Ушбу ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тариқасидаги маъмурий жазо қўллашга ҳақли бўлган мансабдор шахслар, шунингдек, Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузишга ҳақли бўлган ушбу органлар тузилмаларининг мансабдор шахслари белгиланмоқда.

Шу билан бирга ички ишлар ва миллий гвардия органлари мансабдор шахсларига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги баъзи ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилмоқда.

Бу борада Сенат Раиси қуйидагиларга тўхталди.

Хусусан, экология, атроф муҳитга етказилган зарар учун жавобгарлик кучайтирилди. Бироқ жавобгарликни сўзсиз таъминлаш учун аниқ механизмларни ҳам белгилаб бериш зарур.

Зеро, айбдор шахсларга нисбатан ўз вақтида жавобгарлик чораларини қатъий қўлланилмаслиги уларда қонун талабларига беписандликни ва қонунчиликда белгиланган “жавобгарликнинг муқаррарлиги” принципи бузилишини ҳам келтириб чиқаради.

Қонун билан айнан шу муаммолар ҳал этилмоқда.

Шу билан бирга, Қонунни кучга кириши Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларидан ҳам алоҳида масъулиятни талаб этади. Зеро, бу соҳада маъмурий ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва мутаносиб жавобгарликни белгилаш - янги йўналиш. Бунда ҳам соҳага оид билимларни ошириш, ҳам бу турдаги ҳуқуқбузар шахслар билан ишлаш кўникмасини ривожлантириш керак бўлади.

Сенаторлар мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликнинг сўзсиз ижро этилишини, шунингдек,  ушбу соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Ушбу Қонун давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг экологик ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлашда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш фаолияти устидан самарали назоратни ўрнатишда алоҳида эътиборга молик ҳисобланади.

Шунингдек, Қонуннинг қабул қилиниши табиий ресурсларни, яъни сув объектларига оқова сувларни оқизиш, ер усти сувларини, атмосфера ҳавосини ҳамда атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантириш ҳолатларини келтириб чиқарувчи объект ёки субъектларга нисбатан тезкор чоралар кўрилишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Муҳокама  якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Text to speech