Тергов департаменти раҳбарияти томонидан Навоийда она 3 ойлик фарзандини икки хоналик уйга алмаштираётгани ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши алоҳида назоратга олинди
2020 йилнинг 23 май куни соат 17:30 да Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, фуқаро З.У., (аёл) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларни кўзлаб, уч ойлик фарзандини сотиб бойлик орттириш мақсадида, болакайни 25.000 АҚШ доллари қийматига тенг бўлган, Навоий шаҳри ҳудудидан икки хонали хонадонга алмаштириш учун М.Ғ., билан ўзаро келишиб, Кармана тумани ҳудудида жойлашган “Қосимшайх” жоме масжиди биноси олдида М.Ғ., дан Навоий шаҳар Навоий кўчасида жойлашган хонадоннинг кадастр ҳужжатларини олиб, болакайни М.Ғ., га бераётган вақтида ушланиб, ундан икки хонали хонадонга тегишли бўлган кадастр ҳужжатлари ашёвий далил тариқасида холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
Дастлабки тергов жараёнида З.У., гумонланувчи тариқасида жалб қилиниб ҳуқуқлари адвокат иштирокида тушунтирилди, бироқ гумонланувчи ҳимоячи хизматидан воз кечишини маълум қилди ва сўроқ қилинди.
Мазкур жиноят иши Тергов департаменти раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олинди, жиноят иши якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти