Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида 2022 йил 12 ойи иш якунлари сарҳисоб қилинди
Жорий йилнинг 11 январь куни, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ва унинг қуйи бўлинмалари шахсий таркиби иштирокида 2022 йилда амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар муҳокамаси юзасидан видеоконференцалоқа тизими орқали йиғилиш бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Я.Абдулхаков раислигида ўтказилган йиғилишда республика ички ишлар органлари тергов бўлинмаларининг барча шахсий таркиби иштирок этди.
Сўз бошида полковник Я.Абдулхаков жиноят ишлари билан боғлиқ статистикага тўхталиб, 2022 йилда 91 мингдан ортиқ жиноят ишлари тергов қилинганини, тамомланган ишлар ўтган йилга нисбатан 6 фоизга яхшиланганини, жиноятлар оқибатида етказилган 1 трлн. 491 млрд. сўмлик моддий зарарнинг 80 фоизи тергов бўлинмалари ходимларининг сайи ҳаракатлари билан ундирилганини таъкидлаб ўтди.
Йиғилиш давомида соҳа раҳбари, ходимларнинг фаолияти давомида эришган ижобий натижалари, Тергов департаменти ва унинг қуйи бўлинмаларининг кўрсаткичлари, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилган шарт-шароитларга тўхталиб ўтиши билан бир қаторда 2022 йилда айрим ходимлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар, мурожаатлар билан ишлаш ва бошқа йўналишларни муҳокама қилди.
Жумладан, йиғилишда жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида процессуал хато ва камчиликларга йўл қўйиб келаётган терговчилар ҳамда шаҳар-туманлар бирма-бир таҳлил этилиб, фаолияти давомида салбий натижаларни қайд этган ходимларга эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чоралари қўлланилди.
Йиғилиш якунида Вазир ўринбосари аввалги йилда йўл қўйилган камчиликларни олдини олиш, тергов сифатини ошириш учун комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш юзасидан ҳудудий тергов бошқармалари бошлиқларига топшириқлар берди.
Шу билан бирга, 2023 йилни соҳада “Тергов сифатини ошириш” йили деб эълон қилиб, бугунги кунда тергов бўлинмалари ходимлари олдига қўйилаётган талабларга мос равишда масъулиятни янада кучайтириш ҳамда кадрларни билим савиясини оширишга қаратилган қатор вазифаларни белгилаб берди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти