Юртимизга кириб келаётган Янги йил байрами муносабати билан анъанага кўра улуғ фахрийлар, нуронийлар ҳамда иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти қатнашчилари ҳолидан хабар олинмоқда
Хотира азиз-қадр муқаддас. Юртимизда байрамлар олдидан кекса авлод вакилларига ҳурмат кўрсатиш, нуроний, фахрийлар холидан хабар олиш яхши анъанага айланган. Сабаби, бугунги осуда кунларимиз, фаровон турмушимиз уларнинг машаққатли хизмати ва букилмас иродаси эвазига эканини унутмаслик лозим.
Айни шу мақсадда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ва масъуллар пойтахтимизда умргузаронлик қилаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ва фронт орти фахрийлари хонадонларида бўлишиб, Президентимизнинг байрам табрикларини етказишди, шунингдек байрам совғаларини улашиб, қувончларига шерик бўлишди.
Пойтахтимизнинг Миробод туманида яшовчи Маргарита Ивановна Филановичнинг болалик пайтлари Ленинград қамалида ўтган. Урушнинг қийинчиликларини бошидан ўтказган қаҳрамонимиз бугунги дориламон кунларга шукрона келтиради. Таъкидлаш лозим у ўз умрини илм-фан ривожи, тарих, фалсафа, археология йўналишларини ривожлантириш, янгиликлар яратишга сарфлаган.
Яна бир фахриймиз Яккасарой тумани Муҳандислар маҳалласида истиқомат қилувчи Киреева Любов Семёновна бўлади. Айни ўспиринлик даври фашистларнинг концлагерида ўтган бу аёл, бугун тинч осуда юртда яшаётганидан бахтиёр. 46 йил меҳнат қилиб бугун нафақа гаштини сураётган Любов Семёновнанинг ҳаёт йўли чинакам ирода ва матонат намунаси.
Масъуллар ушбу маҳаллада яшовчи яна бир фахрий Смолич Юрий Георгиевич хонадонида бўлиб, нуроний отахон билан суҳбатда бўлишди. Умрининг кўп қисмини ўзбек халқи билан ўтказган қаҳрамонимиз бугунги фаровон турмушимиз ҳақида илиқ фикрларни билдирди.
Ички ишлар вазирлигининг мутасаддилари ва маъсуллар шунингдек, пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилаётган Асқар Жўраев хонадонида ҳам бўлишди. Чинакам матонат ва жасорат соҳиби Асқар Жўраев иккинчи жаҳон урушининг айни суронли йилларида ватан озодлиги учун астойдил кураш олиб борган.
Масъуллар кекса фахрийлар билан учрашиш асносида уларнинг яшаш шароити, саломатлиги ҳамда муаммоларини ҳам ўрганишди. Бир сўз билан айтганда, янги йил олдидан кекса авлод вакилларига ҳурмат эҳтиром кўрсатилди. Эслатиб ўтамиз, бу каби учрашувлар ҳудудлар кесимида ҳам давом эттирилмоқда.