Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Тош билан эшик қулфини бузиб очиб, ўғирлик содир этган шахс ушланди

Тошкент вилояти. 2020 йилнинг 30 сентябрь кунидан 01 октябрь кунига ўтар кечаси номаълум шахс Оҳангарон шаҳар, Илоқ МФЙда жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадон кириш эшиги қулфини бузиш йўли билан хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, мазкур хонадон эгаси 35 ёшли А.Т.,га тегишли бўлган жами 8200 АҚШ доллари миқдоридаги нақд пуллари ва умумий қиймати 17.000.000 сўмлик икки дона аёллар тилла занжири ҳамда бир дона эркаклар тилла узугини яширин равишда талон-торож қилиб, хонадон эгаси А.Т.,га жами 101.633.922 сўм яьни кўп миқдорда моддий зарар етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оҳангарон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (ўғирлик, кўп миқдорда содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни 25 ёшли И.Х., содир этилганлиги, у спиртли ичимлик таьсирида маст ҳолда бўла туриб, ёнида бўлган тош билан хонадон кириш эшиги қулфини уриб синдирганлиги аниқланиб, ундан 1300 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Тергов жараёнида И.Х., ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Text to speech