“Covid-19” таҳлили маълумотномасини қалбакилаштираётган фуқаро қўлга олинди
Қашқадарё вилояти. Жорий йилнинг 01 май куни Шаҳрисабз шаҳар ИИБ га фуқаро У.Қ. (эркак) ва бошқалар томонидан ариза келиб тушган бўлиб унга кўра, авиакассада иш юритувчи бўлиб ишловчи “Раъно” исмли аёл Россия давлатига ишлашга кетаётган фуқароларга “Toshkent-evrolab” МЧЖ Шаҳрисабз филиали томонидан бериладиган “Covid-19” таҳлили маълумотномасини қалбаки кўринишда 230 минг сўм пул эвазига тайёрлаб бераётганлигини маълум қилиб, ушбу шахсдан пулларини олиб беришларини сўраганлар.
Тезкор қидирув ҳаракатлари давомида, фуқаро Б.Г. дан 8 нафар фуқарога “Covid-19” таҳлили маълумотномаси ҳамда фуқаролар У.Қ ва Я.Д.дан “Covid-19” таҳлили маълумотномалари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Суд техник криминалистика экспертиза хулосасида ашёвий далил тариқасида олинган таҳлил маълумотномалар рангли принтер ёрдамида тайёрланганлиги, муҳр ва имзолар қалбаки эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти