Бухородаги ЙТҲда 5 нафар фуқаро оғир жароҳат олган, 2 нафари эса вафот этган
Бухоро. 2020 йилнинг 19 май куни соат 13:30 да 31 ёшли М.Ж., бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинасида Бухоро вилоят Қоракўл тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-76 йўлининг 8-километрига етганида, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, ўзига нисбатан қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган 39 ёшли Н.Т., нинг бошқарувида бўлган “Lacetti” русумли автомашина билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Оқибатда, “Nexia” автомашинасининг йўловчиси 19 ёшли З.Н., ҳодиса жойида, ҳайдовчи М.Ж., эса тиббиёт бирлашмасида вафот этганлар. Бундан ташқари, ҳар икки автомашинадаги 6 нафар йўловчилардан 5 нафари “оғир” тан жароҳати, бир нафари эса “енгил” тан жароҳати олган, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳурматли ҳайдовчилар автомашина бошқарганингизда, ўзингиздан ташқари йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларининг ҳам соғлиги ёки хаётини хавф остига қўйишингиз мумкинлигини унутманг, зеро сизнинг бир сониялик эътиборсизлигингиз ёки биргина ножўя хатти-ҳаракатингиз авваламбор ўзингиз, энг ачинарлиси эса атрофдагиларнинг ҳам умрига зомин бўлиши мумкин. Барчамизни уйда оиламиз кутаётганлигини ёдингизда тутайлик!
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти