Тилимни тийишим учун менга нима бера оласан...
Фарғона вилояти. 2023 йил 12 апрель куни Қўқон шаҳар Шохрухобод кўчасида жойлашган “Media Park” савдо мажмуаси ёнидаги ўриндиқда 19 ёшли М.С. ўзини яхши кўрган қизи билан ёнма-ён ҳолатда суҳбатлашиб ўтирган вақтида, 19 ёшли А.Б. уларни бу ҳолатларини кўриб, ўзига тегишли бўлган телефон аппаратига фото ва видео тасвирга олиб, уларга гўёки жамоат жойида уятли хатти-ҳаракатлар содир этганлигини айтиб, ушбу фото ва видео тасвирларни ИИБ ходимларига тақдим қилиш билан қўрқитиб, маълумотларни ошкор қилмаслик эвазига М.С.дан пул маблағларини ва бир дона “Iphone X” русумли телефон аппаратини товламачилик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, жабрланувчига тегишли бўлган “Iphone X” русумли телефон аппарати А.Б.дан ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти