Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти
O'zbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi huzuridagi Tergov departamenti

Эрини эътиборини тортиш учун жиноятга қўл уришгача борди

Наманган вилояти. 2023 йил 10 февраль куни соат 11:15 да Тўрақўрғон тумани ИИБга 21 ёшли Б.М. қўнғироқ қилиб, номаълум шахс Тўрақўрғон тумани Ҳамроҳ кўчасида жойлашган хонадонига юзига ниқоб таққан ҳолда кириб, уни ва 1 ёшли қизини ўлдириш билан қўрқитиб, ҳаёт ва соғлик учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб, қўлида бўлган пичоқ билан унинг бўйин қисмига жароҳат етказиб, уйда бўлган нархи 19 млн. 200 минг сўмлик тилла-тақинчоқларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб воқеа жойидан яширинганлиги ҳақида хабар бериб, номаълум шахсга нисбатан қонуний чора кўришни ва олиб кетилган тилла-тақинчоқларини қайтаришда амалий ёрдам беришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 164-моддаси 3-қисми “в” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида жабрланувчи Б.М. ўзининг турмуш ўртоғи унга нисбатан беэътибор бўлаётганлиги сабабли унинг эътиборини ўзига жалб қилиш мақсадида, шу куни хонадонида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, барча хоналарини титиб ташлаб, бирга яшовчи қайнонаси ётоқхонасидан 19 млн. 200 минг сўмлик тилла-тақинчоқларини яшириб, бўйнига игна орқали шилинма тортиб, гўёки яшаш хонадонига номаълум шахс ғайриқонуний равишда кириб, пичоқ билан ўзи ва чақалоғини ўлдириш билан қўрқитиб, тилла тақинчоқларни олиб кетганлиги ҳақида Тўрақўрғон тумани ИИБга ёлғон хабар берганлиги аниқланган.

Б.М.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда ўзи томонидан яширилган тилла тақинчоқлар ашёвий далил сифатида холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Б.М. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодекснинг 237-моддаси 2-қисми «г» банди (ўта оғир жиноят содир этишда айблаб содир этилган ёлғон хабар бериш) билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят иши айблов хулосаси билан тегишли судлов органига юбориш масаласини ҳал этиш учун Тўрақўрғон туман прокуратурасига юборилган.

Тергов департаменти

Text to speech