“Героин” гиёҳвандлик моддаси сотаётган шахс қўлга олинди
Самарқанд вилояти. 2022 йил 19 апрель куни соат 16.00ларда Ургут тумани ИИБ ТваЭҚКБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Ургут тумани “Юқори Қайроқли” маҳалласи ҳудудида 50 ёшли Э.А. тадбирга “шартли харидор” сифатида жалб қилинган шахсга 3 дона рангсиз целлофан бўлагига алоҳида-алоҳида қадоқланган ҳолдаги оч сарғиш рангли, ўткир ҳидли, тошчасимон-кукунсимон кўринишдаги моддаларини 400.000 сўм эвазига қонунга хилоф равишда сотган вақтида ушланиб, ундан тадбирда ишлатилган 400.000 сўм пуллар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинган.
Суд-кимёвий экспертизаси хулосасида тезкор-тадбир давомида олинган 3 (уч) дона рангсиз целлофан бўлакчасига алоҳида-алоҳида солинган оч сарғиш рангли, ўткир ҳидли, тошчасимон-кукунсимон кўринишдаги моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда деацетилморфин мавжудлиги, бу моддалар “героин” гиёҳвандлик моддаси турига кириши, модданинг умумий соф оғирлиги 0,08 граммга тенг эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан юқоридаги шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекснинг 273-моддаси 5-қисми (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу турдаги жиноятлар учун Жиноят кодексининг нормаларига кўра, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти