Қишга ғамланган оғунинг макони аниқланди, оғилхонадан нақд 14 кг “маҳсулот” олинди
Тошкент вилояти. 2021 йилнинг 21 январь куни соат 11:30 да Юқоричирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 36 ёшли Дмитрий К.,нинг Юқоричирчиқ тумани Т.Г.Хван маҳалласида жойлашган яшаш хонадони кўздан кечирилган вақтда, уйнинг чўчқахонасидаги бостирма қисмидаги 1 дона 100 литр ва 1 дона 60 литр ҳажмдаги елим идишларда яшил рангли, ўткир ҳидли, кўринишидан “наша” гиёҳвандлик моддаси ўсимлигига ўхшаш бўлган қуритилган ҳолдаги ўсимлик туплари борлиги ҳамда шу ердаги ўчоқда осилган қозончада “наша” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш бўлган ўсимлигини қовурилган ҳолатда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Суд кимёвий экспертизаси хулосасида, Дмитрий К.,нинг уйидан олинган модда таркибида фаол гиёҳванд модда тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси эканлиги ва уларнинг умумий оғирлиги 13899 граммни ташкил қилиши ҳамда қозондан олинган ёғда қовурилган “марихуана” гиёҳвандлик воситасининг оғирлиги 270,14 грамм эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Дмитрий К., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми “а” банди ( Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Дмитрий К.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми (кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотишга суиқасд қилиш) билан айблов эълон қилинган ҳамда “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти