Марғилон шаҳрида калити билан қолдирилган “Spark” русумли автомашина олиб қочилди
Фарғона вилояти. Марғилон шаҳар ИИБга 27 ёшли Абдуқаххор К., мурожаат қилиб, 2021 йил 01 апрель куни соат 11:45 да Марғилон шаҳар Серқуёш кўчасида жойлашган уйининг олдида ўзига тегишли “Spark” русумли автомашинасини қолдириб яшаш хонадонига кириб кетиб, орадан бир оз вақт ўтгач, кўчага қайтиб чиққанида автомашинаси йўқ эканлигини маълум қилган.
Ҳодиса жойига зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи етиб бориб, вилоят миқёсида “тўсиб ушлаш” тадбири эълон қилинган ва Абдуқаххор К.,га тегишли “Spark” русумли автомашинани муқаддам босқинчилик, ўғрилик жиноятлари учун бир неча маротаба судланган 33 ёшли Отабек А., маст ҳолатда Фарғона шаҳри Бешбола МФЙ., ҳудудида бошқариб кетаётганида ушланган.
Тергов ҳаракатлари давомида, Абдуқаххор К., автомашинасининг эшигини очиқ ва калитини ўт олдириш жойида қолдириб кетганлиги сабабли ушбу жиноят юз берганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Отабек А.,га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу модда билан айб эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳурматли фуқаролар автомашинангизнинг эшигини қулфланганлигига, калитини ўт олдириш жойида қолдирмаганлигингизга ишонч ҳосил қилинг, жиноят содир этилишига имконият яратиб берманг!
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти