Қум остидаги бойлик: ноқонуний қазилган тонна-тонна олтинли тоғ жинслари аниқланди
2025 йил 29 октябрь куни Кармана тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Ш.Т. бошқарувидаги автомашина кўздан кечирилганда, сотиш мақсадида сақлаб келинган 53,98 грамм “марихуана” гиёҳвандлик моддаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Навбаҳор тумани “Сармишсой” тоғ тизмасида номаълум шахслар томонидан олтин изловчилар усулида, рухсатномасиз фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш ва сунъий ҳовузлар ташкил этиш орқали қум таркибидан олтин ажратиб олиш фаолияти йўлга қўйилганлиги аниқланган. Текширув давомида 9 279,4 тонна тоғ жинси ҳужжатлаштирилиб, унинг таркибида тахминан 9 килограмм 928 грамм, қиймати 15,5 миллиард сўмлик олтин мавжудлиги маълум қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 196²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнида бир қатор шахсларга нисбатан айб эълон қилинган ва қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Айрим шахсларга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Тергов давомида Хатирчи туманида ҳам ноқонуний равишда олтин ажратиб олиш билан боғлиқ яширин фаолият фош этилган. Ўтказилган тинтувлар давомида минглаб тонна қум уюмлари аниқланиб, улар таркибида бир неча килограмм, умумий қиймати ўнлаб миллиард сўмлик олтин моддаси борлиги маълум бўлган.
2026 йил январь ойида ўтказилган тезкор тадбирларда яна бир неча ҳолат фош қилиниб, олтин зарралари мавжуд бўлган минглаб килограмм тош-қумни олиб кетаётган шахслар аниқланиб, ҳужжатлаштирилган.
Ҳозирда ушбу жиноят ишлари бир иш юритувига бирлаштирилган бўлиб, қимматбаҳо металлар миқдорини аниқлаш мақсадида тегишли суд-кимёвий экспертизалар тайинланган ҳамда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Тергов департаменти.