Очиқ қолган “Lasetti”дан 10 000 АҚШ доллар ўғирланди
Самарқанд вилояти. 2021 йилнинг 12 апрель куни соат 17:30 ларда номаълум шахс Самарқанд шаҳри Мустақиллик маҳалласида жойлашган “Мармар” бозорини олдида фуқаро 31 ёшли Х.Озодага тегишли “Lasetti” русумли автомашинанинг қаровсиз ҳолда қолдирилганлигидан фойдаланиб, ўриндиқда турган 10 000 АҚШ долларини яширин равишда ўғирлаб ҳодиса жойидан яширинган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари давомида, ушбу жиноятни муқаддам судланган 26 ёшли Ж.Фаррух содир этганлиги аниқланиб, ундан 2 200 АҚШ доллар пул маблағлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ж.Фаррухга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давомида, жабрланувчи Х.Озода автомашинасининг олд ўриндиғида ўзига тегишли 10 000 АҚШ доллар пулларини қўйиб, автомашинасининг эшигини очиқ қолдириб, танишлари билан суҳбатлашиб турган вақтида ушбу жиноят содир қилинганлиги аниқланди.
Ҳурматли фуқаролар, ўз мол-мулкингиз пул маблағларингизни эҳтиёт қилинг! Бу билан ўғирлик жиноятларининг олдини олишга ҳисса қўшган бўласиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти