Тошкент вилоятида “ит уриштирувчи” қўлга олинди.
Тошкент вилояти. 2020 йил 26 январь куни соат тахминан 11:55да Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ ва Зангиота туман ИИБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 29 ёшли Р.А. “ит уриштириш” шаклида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ҳамда ўтказиш мақсадида, Зангиота туман Назарбек қўрғонида жойлашган қурилиши тамомланмаган уйда ит уриштириш учун махсус жой ташкил қилганлиги аниқланган. Ўйинга 26 ёшли Д.Қ. 2000 АҚШ доллари ҳамда унинг ўзи 2.450 АҚШ доллари ва 500 минг сўм миқдоридаги пулларни тикиб, ўзларига тегишли бўлган “Питбуль” зотдор итлари уриштиришини ташкил қилиб, 49 ёшли А.Хни ҳакамлик қилиш учун жалб қилганлар.
Тадбир давомида А.Х. дан қўл тарозиси ва жами 4450 АҚШ доллари ва 500 минг сўм миқдоридаги пуллар ашёвий далил тариқасида процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Зангиота туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. А.Р.га нисбатан тегишли модда билан айб эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноят қуроли сифатида фойдаланилган итлар ҳозирда туман ИИБ биносида парваришланган ҳолда сақланмоқда. Итларнинг келгусида сақлаш жойи ва уларнинг эгаларига нисбатан ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлганликлари учун жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.