“EFFECT.UZ” операторига қилинган ҳужум бўйича қўзғатилган жиноят иши тавсилотлари
Фарғона. 2020 йилнинг 13 май куни соат 18:30 да “EFFECT.UZ” ахборот агентлиги оператори Э.Ғ., хизмат юзасидан бошқарувидаги “Matiz” русумли автомашинасида Қува туманидан Фарғона шаҳрига ҳаракатланиб, Андижон-Фарғона ва Қўшкечик-Бегат йўллари кесишган чорраҳага етиб келиб, светофорнинг қизил чироғида тўхтаган вақтида, автомашина ён томонига 38 ёшли У.И. нинг бошқарувидаги “Matiz” русумли автомашинада танишлари 33 ёшли О.А., 24 ёшли М.Х. ва 21 ёшли С.Р., лар билан келиб тўхтаб, Э.Ғ.,нинг кўзига номаълум мослама билан кўзни ёшлантирувчи суюқлик сепиб, автомашинанинг орқа ойнасини уриб-синдириб, Ғ.Э.,га тегишли, нархи 20.000.000 сўм бўлган “Canon 6D” русумли видеокамерасини қўлга киритиб, ҳаракатни давом эттирганлар.
Шундан сўнг, Ғ.Э., видеокамерасини қайтариб олиш мақсадида автомашинасида уларни ортидан қувиб, Қува-Марғилон ва Қўшкечик-Бегат чорраҳасида жойлашган светафордан Қува туманига қараб бурилиб, етиб олиб, уларни автомашинасининг орқа қисмига урилиши натижасида, автомашина йўл четида жойлашган 155-уйга бориб урилиб тўхтаганлиги сабабли, У.И., О.А., М.Х. ва С.Р., лар видеокамерани ўзлари билан олиб автомашинадан тушиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Э.Ғ.,га тегишли бўлган “Canon 6D” русумли видеокамера О.А., дан ашёвий далил тариқасида олинган.
Ҳолат юзасидан Қува туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми “в” (талончилик) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, О.А., М.Х. ва С.Р., лар процессуал тартибда ушланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти