Сейфдан пул ўғирлаган шахслар ушланди, тергов олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти. 2020 йил 17 январь кунидан 18 январь кунига ўтар кечаси номаълум шахслар Бўка тумани Равот маҳалласида яшовчи 61 ёшли Р.В. нинг уйига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонадан ичида 8.500 АҚШ доллари миқдоридаги пуллари бўлган темир сейфини яширин равишда ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш жараёнида 1 дона эркаклар бош кийими ва 2 дона эркаклар курткаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Дастлабки тергов жараёнида бир нафар гувоҳ ўз кўрсатувида, ҳодиса жойида “Ваз-2106” русумли автомашина ва унинг давлаь рақамини тахминий айтиб ўтган.
Кўрилган чоралар натижасида ушбу автомашинанинг эгаси Сирдарё вилоятида яшовчи 22 ёшли У.С. эканлиги, бундан ташқари унинг яна икки нафар жиноий шериклари 30 ёшли Б.С. ва 28 ёшли Ш.С. лар эканликлари ҳам аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Бўка туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида моддий зарар тўлиқ қопланган. Ҳар бир шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “в” банди билан айблов эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти