Оғуфурушнинг ҳаракатларига чек қўйилди
Самарқанд вилояти. 2021 йилнинг 26 апрель куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан фуқаро З.Г.нинг мурожаати юзасидан 38 ёшли П.Бекзод туман ИИБ биносига олиб келиниб, унинг ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганда, эгнидаги шимининг чўнтагидан 2 дона оқ рангли қоғоз бўлакларига ўралган яшил рангли, қуритилган ўсимлик моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Тергов-тезкор гуруҳи томонидан П.Бекзоднинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда ётоқхона ва ертўласидан жами 11 дона целлофан пакет, 13 дона қоғоз бўлакларига алоҳида ўралган ўткир ҳидли, қуритилган ҳолдаги ўсимлик ва уруғлари борлиги аниқланиб ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Суд кимёвий экспертиза хулосасида П.Бекзоднинг ёни ва яшаш хонадонидан олинган ўсимлик моддаларининг соф оғирлиги 50.5 граммга тенг бўлиб, “марихуана” гиёҳванд моддаси эканлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан П.Бекзодга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотишга суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти